Саудияда бор аламим мани Ўзбекистон ватаним мани!

Саудияда бор аламим мани Ўзбекистон ватаним мани!


Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичининг ҳал қилувчи учрашувида Саудия Арабистони билан тўқнаш келади.

Икки йил олдин саралашга қуръа ташланганда Саудия Арабистони гуруҳимиздаги асосий рақобатчимиз ҳисобланишини барча билганди. Айтиш жоиз, саудлар Жаҳон чемпионати саралаш турнирида жамоамизга 3-марта рўбарў келишяпти. 2004 йилнинг 9 декабрь куни Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган ОФК бош қароргоҳида ЖЧ-2006 квалификацияси ҳал қилувчи босқичига қуръа ташланган ва бу жараён бизга Қувайт, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони термаларини ҳам юзма-юз қилганди. Саудияликлар бош жамоаси ўша пайт Осиёда етакчилар сирасига кирарди. Хуллас, мунтазам равишда мундиал йўлланмасига даъвогарлик қилишган араблар илк турда Тошкентга ташриф буюришади ва ортга 3 очко билан қайтишлари ҳеч гап эмасди. "Пахтакор" марказий стадионида февралнинг совуқ оқшомида ўтказилган баҳсда иссиқ ҳавога ўрганган саудлар кутилганидан яхшироқ ўйнаб, нақ 45000 томошабинни карахт аҳволга солиб қўйишади. Жамоа фахрийси Сами ал Жабер 76-дақиқада ҳисобни очганида, стадион трибуналари сукунат домида қолганди. Хайриятки, "сеҳрли таёқча" - Анвар Солиев 90+3-дақиқада ҳисобни тенглаштириб Юрген Гёдени мағлубиятдан қутқаради. Бироқ германиялик мутахасис ҳам халқимизнинг азалий орзусини рўёбга чиқаролмайди. Саудиядаги жавоб баҳсида эса футболчиларга яна Равшан Ҳайдаров устозлик қилади. Афсуски, натижа яна салбий. Ар-Риёд сафари жуда оғир ва муаммоли бўлиб, вакилларимиз ортга йирик ҳисобли мағлубият (0:3) ҳамда тушкун кайфиятда қайтгандилар. Айтганча, Тошкентда ўзини кўрсатган "қаримас" Сами ал Жабер жавоб учрашувида "дубл"га эришганди. 

Тақдир ҳукмига қарангки, ЖЧ-2010 саралаши қуръаси Саудия Арабистони термасини яна биз билан юзлаштирди. Бундан олдинроқ Рауф Инилеев бошқарувидаги миллий жамоамиз 2007 йилги Осиё кубоги чорак финалида саудларга қарши қандай ўйнаш кераклигини амалда кўрсатиб қўйганди, гарчи якунда мағлубиятга учраган бўлсада. Эҳ, ўшанда ҳакам агар Максим Шацких томонидан урилган тоза голни инобатга олганида, барчаси бошқача якунланармиди? Ҳар ҳолда, Инилеев шогирдлари бутун ўйин давомида рақибни роса қийнашган, фақат вазиятлардан фойдаланолмаслик оқибатида 1:2 ҳисобида енгилишганди. 2008 йилнинг 26 март куни ЖЧ-2010 саралаши доирасида Саудия Арабистони термасини Тошкентда қабул қилган миллий жамоамиз ОК-2007даги мағлубият учун чиройли тарзда реванш олади. Ақл бовар қилмас ҳужумкорлик ва фаоллик якунда ишончли ғалабани тақдим этганди. Қисқаси, футболчиларимиз саудларнинг кўз очишларига имкон бермай, йирик - 3:0 ҳисобини расмийлаштиришади. Ўшанда Темур Кападзе, Максим Шацких ва Сервер Жепаров урган голлар стадионда чинакам байрамона муҳит юзага келишини таъминлаганди. Жавоб баҳсига қадар вакилларимиз кейинги босқич масаласини ҳал этишади ва Инилеев Ар-Риёдда захира кучини синаб кўришга қарор қилади. Бироқ бу тажриба иш бермайди - 0:4. 

Бу юрт вакиллари билан сўнгги тўқнашувимиз ҳали ҳамон хотиралардан ўчиб улгурмаганига аминмиз. Ўшанда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонаётган терма жамоамиз сўнгги дақиқаларда иккита тўп олиб чиқиб якунда 2:3 ҳисобида аламли мағлубиятга учраганди. Вадим Абрамов эса ушбу мағлубиятни "Ҳиссиёт ақлдан устун келди",- дея изоҳлаганди. Хўш, бугун жаноб Абрамов қандай совға тайёрлаб қўйган экан? Буни 23:00да билиб оламиз. Шуниси аниқки бугун футболчиларимиздан дастлабки ва охирги 10 дақиқаликда жуда эҳтиёткор ҳамда хушёр ўйнашлари талаб қилинади. Сингапур билан ўйинда кўрдикки, Эрве Ренар шогирдлари 3та голни айнан 80-дақиқадан сўнг уришди. Бир хатони иккинчи бор такрорлаш қимматга тушиши мумкин. Умид эса ҳали сўнгани йўқ. Гуруҳда фақат 1-ўринни эгаллаган жамоанинг ҳал қилувчи босқичга чиқишига кафолат бор. 2-ўрин соҳиби эса бошқа гуруҳлар натижасига қарашга мажбур бўлади. Бас, шундай экан, бу сафар Саудия термасини бугун ютсак ортиқа математика, ҳисоб китобларга ўрин қолдирмаган бўламиз.

Бугун бу инсонга кўп нарса боғлиқ.




Report Page