Сароб

Сароб

МАНЗУРА АБДУЛЛАЕВА

http://t.me/qalb_ilmi

         Ўша асардан кейин ҳаётим ўзгарди. Дунё ва ўзим ҳақимдаги қарашларим остун-устун бўлиб кетди. Аввалига уни ёза бошлаганимда коинотнинг еттинчи қаватида яшайдиган бахтли, уддабурон қизга айланиб қолгандек сездим ўзимни. Ич-ичимдаги қувватим танамга сиғмай ташқарига отилиб чиқаётганини ёзаётган пайтим баъзан ўрнимдан туриб рақсга тушиб кетсам, баъзан ташқари ҳовлига отилиб чиқиб сакраб-сакраб, чопқиллаб-чопқиллаб югуриб қолишларимдан сезардим. Ягоналигимни англаётганимни баъзан ойна қаршисига мук тушиб аксимга термулганча туриб қолишларимдан билардим. Бироқ эримнинг кескин норозиги ё қизчаларимни иккиси ҳам тенгдан хархашага тушиб кетишлари асар таъсиридаги ширин дунёимдан уйғотиб юборарди. Асаримни қанчалар тугатишга уринмай қўлимдан келмасди. Чунки фақат у умримнинг ёруғ томонларини кўрсатадиган ягона нурдек эди. Унинг ичи дунёга келиб, бир кўришни истаган чиройли жойларга, севгили инсонларга, турли-туман орзуларга тўла эди. Вақт ўтгани сари турмуш тўсиқларига, қийинчиликларига учрасам, асаримни ўқишдан нажот топадиган бўлиб қолдим. Ўзим яратган романимнинг бош қаҳрамони - С.га қаттиқ кўнгил қўйдим. Йигитниям ишқимда ўлгудек ёнган, телбаларча ошиқ қиёфасида тасвирлардим. У мени ҳақиқий ҳаётимда излаб тополмаган биргина кўзларимни кўриш учун жонидан ҳам кечишга тайёр орзудаги мажнуним эди. Биргина хаёлан яратган инсоним - кечами-кундузми ҳар бир сўзимни жон қулоғи билан тингларди. Ёнимдагилар эса акси. Фақатгина у далда беролувчи, тушунгувчи ва қайғургувчи эди. Шунинг учунми у билан суҳбатлашиш, яшаш учун ойдин оқшомлар бағрида ижод столимга мук тушганча узоқ-узоқ қолиб кетардим, “дийдори” баҳридан баҳрамандликдан бошим осмонларга етарди. Қанийди ҳеч ким ва ҳеч нима шу лаҳзалардаги ҳислардан чалғитолмаса...


Аммо мен яратган олам ва одам фақат романимдагина мавжуд эканини онгим энди тез-тез ҳис қилишга ўтди. Асардаги ҳаётнинг ҳақиқийда йўқлиги менга ғалати бир оғриқ берди. Бунинг номи ёлғизлик эди. Аслида атрофимда мўжазгина оилам бор. Эрим ва қизчаларим ёнимда. Кун ора туманимиз марказидаги мактабда ўқувчиларга дарс ўтиб қайтаман. Бироқ рафиқаликни ҳам, оналикни ҳам, ўқитувчиликни ҳам худди роль ўйнаб юрган артистдек бажараман. Ҳақиқий ҳаётим билан ўзимни асаримдагидек бахтли сезолмайман. У асл истакларимга қарши ишланадиган кинога ўхшаб кўринарди. Асаримдагида эса ўзлигим, қалб хоҳишларим бор эди. Назаримда, ҳақиқий яшамни романим ичидагина туюрдим. Бу туйиш чуқурлашгани сари ёзишга ёпишиб олавердим. Ундаги С.га кўнгил дардларимни айтавердим.


Энди болаларимни ухлатгач ёзсам, кейин-кейин қуёш ботиб, шом ёйилиши биланоқ ижодхонамга биқинадиган одат чиқаздим. Қизларим уйқусираб кўйлакларим этагига ёпишиб, ғиншишга тушгачгина ҳақиқий ҳаётимга қайтардимда айбдорлик туйғусиданми, чорасизликданми ич-этимни еб дарров уларни ётоққа опкириб ётқизардим. Улар донг қотиши биланоқ яна ортимга қайтиб, қалбдошим билан хаёлий суҳбатларга шўнғирдим. Вазиятлар узоқ давом этмади. Эрим кучли қаршиликка ўтди.


-Шу лаънати асарингни қачон тугатасан? – Деди бир куни қаттиқ тутоқиб.


-Сизга бирор оғирлиги тушяптими?


-Шуни деб ҳамма нарсани унутяпсан, кўп вақтинг бесамар ўтиб кетяпти. Бир тийинга қиммат ишларингни тўхтат!


-Нега?


-Гап тамом, вассалом.


-Мен учун қанчалар керакли эканини билсангиз эди буни.


-Э-э-э, бошимни оғритма, қачондан бери ёзасан, ахир. Бирор натижа йўқ.Фойдасиз ишларга вақтингни кеткизяпсан. Қорин тўйдирмайди бу ёзувчилигинг. Бўлди! Бас қил энди!


-Сизга шунчалик ёқмаётган экан, майли йиғиштираман. Аммо бажаришингиз шарт бўлган талабларим бор...


Ваъдамга вафо қилиб асаримни тўхтатиб қўйдим. Эрим бўйнига олган бирор вазифани бажармади. Кўзларимга хира бўёқларда кўринаётган дунёим буткул қорайиб кетди. Мактабда директор билан орамиздан қора мушук ўтиб, ишдаги хотиржамлигим бузилди. Атрофимдагилар билан жанжалашибгина қувват олишга ўтганимни сезиб ҳавотирга тушдим. Кунларнинг бирида кичкинам йиқилиб тушиб, айбдорлик ҳиссидан юрагим қаттиқ эзилди-ю ўша кеча яна ёзишдан ўзимни тўхтатолмадим...


* * *


Кузак кириши билан тобим қочиб, тўшакка михланиб қолдим. Тушкунликда ўзимни ҳеч кимсиз ва ичимни бўм-бўш ҳис этдим. Аммо шунда ҳам ёнимда С. бордек туюлди. Энг оғир вазиятларда ҳам тарк этмас танамдан фақат ўлим билан чиқиб кетадиган руҳдек эди.


***


Агар сизни кимдир жинни деса, унга қарши айтган ҳар бир эътирозларингиз фикрини тасдиқлайди. Чунки курашчи бор жойда ҳамиша кураш тўхтамайди. Уйимда менинг соғлигимга шубҳа қилувчи шундай нигоҳни пайқадим:


-Мабодо, сен, романингдаги С.ни севиб қолмаганмисан? - Кутилмаганда ўдағайлаб сўроққа тутиб қолди эрим.


Ёзишга қаттиқ киришиб кетганимдан қачон хонамга кириб келганини ҳам илғамай қолибман.


-Яна бошладингизми?


-Бошқа ёзмайман деб ваъда бергандинг-ку?..


-Тўғри. Лекин яна тушкунлик гирдобига тушиб қолдим. Ёзган пайтим кайфиятим кўтарилади, ўзимни жонли одамдек сезаман.


-Бошқа маҳал ўликдаймисан?


-Балки.


-Ростини айт, ўша қаҳрамон йигитингни мендан устун кўрасан-а?


Кўзларимга жиққа ёш тўлди. Инкор этолмадим. Чунки анчадан буён С.га ошиқлигимни бировга айтгим, келаётганди. Бу дардкашим турмуш ўртоғим бўлиши эса жуда-жуда аламли эди.


-Биласизми, мен сизни севаман, - дедим ролга киришаётганимни пайқаб. Сўнгра яна давом этдим. - Лекин хаёлан яратган инсонимдан ҳам воз кечолмайман-да. Буларни барчаси фақат хаёлда бўлса сизга нима зарари бор?!


-Агар ҳаётда мени севаётган бўлсанг, унда ҳаётга қайт!..


Бу гап юрагимга нишдек санчилди. Қандай жавоб беришни билмай довдираб қолдим. Нимадир бўғзимга қаттиқ тиқилди. Чунки эрим таклиф этаётган ҳаётда мени жисмим бор эди, холос. Қалбга қарши яшашдан иборат эди у.


-Алдаяпсан, аслида севмайсан мени, тўғрими?


Мен мум тишлагандек миқ этолмасдим. Шу лаҳзаларда роль ўйнагим келмади.


-Ана жавоб беролмадинг-ку. Алдашинг шартмас. Мен буни биламан. Сен фақат хаёлингдагини яхши кўрасан, холос. Лекин ичингдаги ўша муҳаббатинг оналикдан ҳам устунми, болаларингдан ҳам афзалми?


-Болаларимни жон-дилим билан яхши кўраман. Аммо уни ҳам боламдек севаман...


-Кимни?


-Ўзимни...


Эрим жаҳл билан юриб келиб, мен эндигина ёзган, ҳали сиёҳи қуримаган столим устидаги қоғозларни йиртиб ташлади.


Кўзларим лим-лим ёшга тўлганча ортидан ҳомуш ҳолда хўрсиниб қараб қолдим.


***


Бир куни ишдан қайтсам, уйда болалар йўқ. Эрим қўнғироқ қилди.


-Уйдаги ўзгаришни кўрдингми? - деди ғолибона овозда. Болаларни ўзим билан бошқа ёққа олиб кетдим. Бир ўзингга кеволгин. Менсиз ва уларсиз яшаб кўр. Ё ўша С.ни танла, ё бизни. Бир қарорга келганингда қайтамиз.


Бирдан даҳшатга тушдим. Оналик масъулияти куйдирди. Болаларим ёдимга тушди. Менсиз бир кеча ҳам ухлолмайдиган икки яшар гўдагим айниқса, кўз олдимдан кетмади. Уларнинг шодон қийқириқлар билан атрофимда югуриб юришларини, мен томон талпинишларини қайта-қайта эслайвердим. Сўнгра яна тушкунликдан бош кўтаролмай ижод столимга чўкдим. Ичимдаги оғир кечди. Бор аламимни бош қаҳрамонимдан олишга ўтдим. У тирик экан, менга ҳаётда ёруғ кун йўқлиги учун сўнгги чорага ноилож кўндим. Асарга нуқта қўйиш ва қайта ёзмаслик тўғри ечимдек кўринди. Тонг оқара бошлаганда қийнала-қийнала кўз юмушдим. Ўзим ҳам чидолмади унсиз-унсиз йиғлаб юбордим. Неча соат аза тутганим ёдимда йўқ. Бирдан ҳиссиз бир аҳволга тушиб, икки қўлим шалвираб йиқилганимни эслайман, холос...


* * *


Энди қоғоз-қаламдан ҳам дунёдан ҳам кўнглим бутунлай қолди. Ёзмаслик менга мутассил оғриқ бериш ўрнига ҳаётга лоқайд боқишдан таскин изладим. Чалғиш учун ўзимни уй ишларига кўмдим. Аммо энди болаларимга ҳам аввалгидек меҳрли нигоҳлар билан боқолмаётганимни, эримдан кўнглим бутунлай совиёганини ҳис этардим. Буни ҳатто улар ҳам билишди.


-Бўлди-да энди. Мунча аза тутмасанг. Ўшанга турмушга чиқмоқчимидинг?


-Кимга?


-Кимга бўларди, асарингдагига.


-Қизиқмисиз. Ахир у ҳаётда йўқ бўлса қандай қилиб у билан оила қуришим мумкин.


-Шунга айтаман-да. Бўлмаса нега ўзингга келмаяпсан. Ахир у йўқ одам. Сен уни бор деб ўзингни нуқул алдаб яшаяпсан. Яна ўйлашда давом этаётган бўлсанг, майли ўзингни ёлғиз ташлаб кетамиз.


-Энди ўйламаяпман. Ахир уни ўлдиришга ўлдириб, қўйдим-ку. Энди менга барибир.


-Мен ўйлагандим...


-Нимани ўйлагандингиз?


-Ҳаммасига ўша айбдор деб. Энди эса аввалгидан баттар бўляпти. Илгари ёзиб юрганингда анча одамбашара эдинг. Оиламизга яхши қарардинг. Ўша С.ўлгандан бери йўқ одамга айландинг қолдинг. Гўё у билан бирга қўшилиб ўлгандексан.


- Ҳа. Бундан буён йўқ одамман. Ўша яхши кўрган қаҳрамонимдан юз ўгиртириб, асаримни тугаткизиб, мени ҳам батамом гўрга жўнатдингиз, зулмат қаърига итардингиз.


- Бундай бўлишини қаёқданам билибман. Аслида мен сени ундан рашк қилгандим, қизғонгандим бор йўғи.


-Ҳаётда йўқ одамдан-а?!


- Ахир менга у бордай туюларди.


\Бор бўлиши керакмасмиди?


\Нималар деяпсан?


Ўкраб йиғлаб юбордим. Ташқари ҳовлига чиқиб, болаларимни бағримга босдим. Негадир уларни суйиб ўпишга ҳар қанча уринмай ҳиссиётларим ўлаётганди, буни бутун танам билан англаб турардим.


***


Кечқурун ниҳоят эримга хат ёздим:


“Бу ҳаёт бир зиндондир. Руҳсизларнинг зиндони, қалбсизларнинг зиндони. Унда фақат ҳаракатларингга, гап-сўзларингга, орзу-интилишларингагина эмас, хаёлларингга ҳам чегара, таъқиқ бор. Дунёда туйғуларинг ҳур бўлмас экан, унда ўзингни қандай ҳур ҳисоблашинг мумкин. Ҳиссиз яшаш оғирдан оғир. Ҳатто болаларимга қараш учун ҳам менга ҳис керак. Уни тполмаётганим, фарзандларимнинг нигоҳлари менга зор-зор термулаётганликлари тобора изтиробимга изтироб қўшди. Ниҳоят руҳсиз танамни ҳеч кимга кераксиз аҳволга тушириб қўйганимни англадим. Ичимдаги энг сўнгги куч билан кетишга қарор қилдим. Ўзимни ўзим топсам қайтаман.Умидсизлик уммонидан нажот қирғоғини қидираётган мендек озордаги озорчингизни кечиринглар... Ҳайр...”


Мен ҳақиқий ҳаётимга орзудаги ҳаётимни олиб келиш учун йўлга тушгандим. Мен асаримдаги ўзлигимни бу ерга етаклаб келаман ҳали. Мен севгисиз ҳеч кимман...


Манзура АБДУЛЛАЕВА.




Report Page