Сардобаликларга компенсация керак!

Сардобаликларга компенсация керак!

Азиза Қурбонова

7 май куни каналимга бир мурожаат келди. Мурожаатчи билан суҳбатимизни борича келтирмоқчиман.

Гавҳаршодбегим: Ассалому алайкум. Мен Сардоба сув омбори  жабрдийдаларидан бириман. Менга ёрдам керак, аниқроғи ҳаммага.

Мен: Ассалому алайкум. Эшитаман сизни.

Гавҳаршодбегим: Мен сизга 1 майдаги фожеа ва унинг халққа зиёни, яъни жабрланганлар учун қуриб берилиши режалаштирилаётган уйлар тўғрисида мурожаат қилмоқчиман.

Мен: Бу жиддий мавзу. Сизга қандайдир ваъда берилдими?

Гавҳаршодбегим: Бизнинг маҳалладаги кўпчилик уйлар кенг ҳовлили ва катта кўркам уйлардан иборат эди. Сув босиб уйлардан деярли асар ҳам қолмаган. Энди эшитишимизча, икки ва уч хонали сон (*дом-демоқчи) қуриб берилар экан. Бу умуман бу ҳудудда яшовчи халқ учун бўлмағур ғоя.

Мен: Менимча, ҳовлининг кадастр ҳужжатларингизга кўра, ўз ерларингиз ихтиёрингизда қолса керак?! Тушунаман. Ҳовли қаердаю дом қаерда.

Гавҳаршодбегим: Йўқ, айнан бизнинг кўчадан иш бошланди. Ҳамма учун бизнинг жойлардан дом қурилар эмиш.

Мен: Манзилингизни аниқ ёзинг.

Гавҳаршодбегим: Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, “Ҳақиқат” маҳалласи.

Мен: Яна нималар қўшимча қиласиз?

Гавҳаршодбегим: (йиғламсираб аудиохабар жўнатди) Қўшимча қилиб шуни айтаманки,  кўпчилик аҳоли мактаблар, коллежларга жойлашган. Хонадонларда жойлашганлардан эса менимча хабар олингани йўқ. Энамларнинг катта ҳовлиси бор. Агар хоҳласангиз видеосини жўнатишим мумкин. Ўша ерда битта-иккита уйлар соғ қолган,  3-4 кундан бери қолган нарсаларга эгалик қилиш учун ўша ерда улар. Уларга унчалик нарсалар етиб келмаган. Биз бу ердан уларга овқат қилиб боряпмиз. Ҳозир телевизорларда айтяпти, кўрпалар, гигиеник воситалар, кийим-кечаклар.. Лекин улар ҳеч қайсиси кийим-кечак билан таъминланмаган. Видео жўнатишим мумкин, куннинг иссиғида қалин қишки жемперда юрибди укам. У ёққа бориб, аҳволни кўрган одам билади-да. Шунча нарса келяпти, фалонча-фалонча бўляпти... Бу ерда менимча маҳалла оқсоқоллари умуман ишламаяпти.  Аҳолининг қанча қисми қаерда, ўзини аҳолисини билса бўлмайдими? Маҳалла оқсоқолига телефон қилсак, телефонини ўчириб ташлаган. Ўзининг юк-кўронини кўчириб чиқиб кетган бошқа уйи бор экан. Кетганидан кейин ҳеч кимнинг хабари йўқ. Ҳеч кимдан хабар олгани йўқ. Нима бўляпсизлар, сиз қаерда, сизлар қаерда, деб излаб топса бўладику. Нима учун халқ уни сайлаган? Нима учун халқни ўйламайди. Юртбошимиз бориб, ўшатда туриб, лой кечиб, аҳолини ўйлаган бир пайтда бунақа маҳалла оқсоқолларини нима деб ўйлаш мумкин. Дунёнинг нарсаси, ёрдамлари оқиб келаяпти. Берсин халққа ўшани. Кимларгадир тегяпти, кимларгадир тегмаяпти. Майли, булар ўтиб кетади. Энам бор, салкам 80 га яқинлашиб қолган, отам бор. Улар ҳожи ота, ҳожи оналар. Ёши катта. Ўзлари ҳаммаси буларни аҳолини чорвачилик ва деҳқончилик билан кун кечирадиган халқ. Бутун умр шунинг орқасидан кун кечириб келган халқ бўлса. Сиз тасаввур қилинг, уларни 2 хонали, 3 хонали домга тиқиб қўйиш мумкин. Умуман тасаввурга сиғмайдиган нарсаку. Улар унақа жойда ўтиролмайдику. Мен кўрдим мана янги қурган домини. Ўзимиз сотиб олган, синглим сотиб олган дом. Ховос ситида 200 млн кредитга дом олди. Ошхонасига 2 киши сиғмайди. Хоналари кичкина. Яна шунақа уй қуриб берадими? Яна халқ қийналадими? Бу уй-жойларни қургунча ота-онам ўтиб кетди. Битта укам қолган, 30 га кирмаган. Деҳқончилик, чорвачилик орқасидан кун кўрадиган. Ҳаммаси йўқ бўлди, экинлар, чорвалар. Энди 2 хонали домга тиқиб қўйиб, энди мол-ҳолдан ҳам айирадими?  Мана шу сув омбори қурилишида хатога йўл қўйганлар энди компенсациясини тўламайдими? Ундан кўра, шу аҳолига ҳисоб-китоб қилиб..аҳолиям аҳмоқ эмаску, масалан ошиқча нарса айтмайдику, бор нарсасини айтадику. Кўриниб турибди, бузяпти, оляпти. Қўлга илинадиган нарсанинг ўзи қолмаган. 5-6 та ёғоч демасангиз. У ичидаги мебеллар,жиҳозлар, кўрпа-тўшак-ҳеч нарса..яроқсиз ҳолга келган.

Мен: Агар штабга бориб ёрдам сўраса, нима деяпти? (Озиқ-овқат учун)

Гавҳаршодбегим: Кеча синглим ўзлари томондаги штабга борган. Улар (энамлар) ҳеч ерга мурожаат қилганлари йўқ, деб бориб айтишса, олиб келиб ташлаб кетишибди: 2 кг макарон, 4-5 кг картошка,  пайпоқ ва 2 та болалар кийими. Бошқа нарса йўқ. Картошкани сувга қайнатиб ейдими? Ёғни сотиб ол деганими? Бериляптими, овқат учун керакли бўлган ҳамма маҳсулот, ёғ, ун –бир хил қилиб бермайдими? Маҳалла оқсоқоли ишлагани йўқ бу ерда. Халқ жудаям норози менимча бу қилаётган ишидан.

Мен: Гавҳар опа, сизнинг аудиоингизни каналга қўйишимга рози бўласизми?

Гавҳаршодбегим: Майли, агар жабр кўрганларга нафи тегса бўлди.. (аудиохабарда) Бу дунёда ҳаммамиз ўтиб кетамиз-да..(йиғламсираб) у ердаги халқ жуда содда.  У содда халқни унақа қийнаш керак эмасда. Ўзларини ўрганган ўша уй-жойларини қилиб бериш керакда..Ўша нарсаларни унутишга, ўшатга яна меҳрларини бериб, ўша деҳқончилигини, бутун Ўзбекистонга етиштирадиган қовуними, полиз экинларини етиштиришга, гўшт маҳсулотларини етказиб беришга шароит қилиб бериш керак. Улар менимча бошқа шароитда ишлолмайди. Ўзиз тасаввур қилиб кўринг. Бошқа минтақадан гул олиб келиб, кўчангизга экиб кўринг, у гул олиб кетадими, ўлиб қолади. Одамлар ҳам шундайда. Бу ердаги халқ  - оддий, кетмон ушлаб, чорвачиликда яшаган. Шу мутасаддиларга қойил қолмадим. президентимиз шунча халқни ўйлаб, ҳаракат қиляпти. Сув омбориниям яхшилик ниятида қилган. Лекин ўша масъуллар, президентимизни, халқни алдаб, мана шу ҳолатга келтирди. Бутун дунё ичида юзни шувит қилди. Мен биринчи куни президентимизга жуда ачиндим. Юзларидаги қайғуни кўриб, худди ўзимни дадам кўз олдимга келди...Биз ота-онамдан эрта ажраб қолганмиз. Дадамни кўргандек бўлдим. Лекин шу иншоотни қурган инсонлардан жуда нафратландим. Лекин президентимизни, халқни нима айби бор эди? У ердан фойда кўрганлар ҳам ўша ўртадаги одамлар бўлиб қоляпти. Одамларимиз меҳрибон, минг раҳмат шуларга ҳам. Рўза кунларида бирни берган бўлса, минг бўлиб қайтсин.Оддий халққа ҳам, ташкилотларга, мингдан минг раҳмат уларга. Шу қурилишда ишлаган, қурганлар жазосини олиши керак. Мана шу қурувчилар уйлар, ташкилотлар қургандир мана шу аҳволда, мактаблар қургандир. Ким кафолат беради уларга, мактаб зилзилага, сув тошқинига бардош беради деб? У ерларда бизнинг минглаб болаларимиз ўқийди. Кўп қаватли уйларда қанчадан қанча аҳоли яшайди. Уларнинг жазосини бериш керак!

Қўшимча аудио: Бугун (10 май) тоғам озиқ-овқат учун маҳалла оқсоқолининг уйига борган экан. Унинг ўзи йўқ, фақат хотини, ўғли, қизи нарсаларни тарқатаётган экан. Кеча қўл қўйдирган экан, уйингизга нарсаларни ўзимиз элтиб берамиз, деб. Тоғам эрталабгача кутибди, келмагани учун бугун борибди. Борса, сизлар неча кишисизлар, кеча олгансан, қўл қўйгансанку деб бақир-чақир қилибди. Мен қўл қўйганим билан обориб бераман дегандинг, опкелмадингку, дебди. Жанжал бўлган, тоғам съемка қиламан деса қизи телефонини олиб ўчириб ташлабди. Ё Атирсовун ол, ёки кирсовун ол, ёки тиш пастаси дебди. Ахир битта нарсани одам ҳамма нарсага ишлатолмайдику. Ҳеч нарсанг керакмас, деб чиқиб кетаётганида кимдир машинасига нарсалар солиб қўйибди: 1 литр ёғ, бир коса шакар, бир коса гуруч, картошка бор экан. Аслида у ерда қолган-қутган уйига бориб қоровуллик қилаётган аҳоли кўпмас. Санаса 10 та хонадон чиқади ё йўқ. Қолган ҳаммасининг оила аъзолари мактабларда яшаяпти. Хотин-бола-чақаси бошқа жойда. Улар у ерда ёрдам олгани билан, бу ерга қайтиб келганларга келмаяптида ёрдам. Бошида бировнинг уйида турганда Мудофаачилар беришган экан ёрдам. Бошқа олишмаган. Бу нарсаларни ўзларини ёнидан бермаяптику. Тенг тақсимлаб, шу ҳафталик озиқ-овқат, қўл қўй деб режа тузсин. Маҳалла оқсоқолининг ўзи йўқ, уйидагилари тарқатяпти, одамлар норози.

P. S. Опа иккита муҳим масалани ўртага ташлаяпти:

1. Юборилган моддий ёрдамларни самарали тақсимотини йўлга қўйиш шарт. Қаердадир озиқ-овқатлар увол бўлаётгани, қаердадир етмаётгани, яна қаердадир эса складга солиниб, озиқ-овқат заҳирамиз бор, деб кўрсатиш учун асраб ўтирилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқда кўп ўқияпмиз, борганлардан эшитяпмиз.

2.  Сардобаликлар- ерлик халқ. Уларни ер боқади. Кўчада қолган аҳолини уй-жойларга кўчириш учун кўп қаватли уйлар қурилаётгани тезкор чорадир. Аммо давлат кейинчалик икки марта харажатга тушмаслиги ва муҳими, жабрланган аҳоли рози бўлиши учун танлов имконини бериш керак. Ўз ерига уй ростлашни истаса, компенсация тўлиқ берилиши шарт.

...Опани эшитиб, юрагим ўртаниб кетди. Икки-уч кун давомида шунинг таъсирида яшадим. Афсуски, бизнинг бу эҳтиросларимиз, куйинишларимиз эрта-индин эсдан чиқади. ОАВнинг қадами ҳам секин-аста узилади у томонлардан. Аммо сардобаликлар нафақат бу фожеа оқибатлари билан, балки бу оқибатларни бартараф этиши керак бўлган ижрочилар билан узоқ йиллар курашишига тўғри келади, деб қўрқаман.


Report Page