Саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳаларида 27 010 та қоидабузилиш аниқланди
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБу ҳақда АОКАда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Холматов, қўмита бошқарма бошлиғи ўринбосари Олимжон Жўраев, қўмита ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:
✔️ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида махсус ваколатли давлат назорати бошқарув органидир.
Қўмита Ўзбекистон Республикасининг 15 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 80 га яқин қарорлари билан юклатилган 400 га яқин функционал вазифалар асосида қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириб келмоқда.
Қуйида 2022 йил 1-ярим йиллигида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот тақдим этилади.
Хусусан, назорат остидаги корхона ва ташкилотларда 1 692 та давлат назорати, 4 305 та назорат-профилактика ишлари ўтказилиб, 27 010 та саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳаларида қоида бузилишлар аниқланди. 22 та корхонада ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилди. 1 521 та инженер-техник ва раҳбар ходимларга 1 186 598 000 сўм миқдорида жарималар қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 782-сон “Саноат ва радиация хавфсизлиги соҳасидаги айрим фаолият турларини лицензиялашни ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 32 та лицензия расмийлаштирилди.
Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслар томонидан қўмитага 2 762 та ариза келиб тушган. Шулардан 1 711 таси бўйича рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, 3 604 та хавфли ишлаб чиқариш объектлари Давлат қўмитасининг ягона реестрига киритилди.
Давлат қўмитасида Истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш инспекцияси ташкил топганидан сўнг ҳудудлардаги мавжуд жами 143та маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган 1879 та аттракцион кўздан кечирилди ва улардан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиш ҳолати ўрганиб чиқилди. 574 аттракцион вақтинчалик тўхтатилди.
116 та маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритилди.
Ихтисослаштирилган махсус ташкилотлар билан шартномалар тузиб 575 та аттракцион техник паспортлари тикланди ва шу орқали уларни типлари аниқланди.
Аттракционларга хизмат кўрсатувчи 753 та ходим махсус курсларда ўқитилиб билимлари синовдан ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 5 та маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган жами 58 та аттракцион текширувдан ўтказилди.
Текшириш жараёнида жами 63 та қоидабузарлик аниқланди.
Мазкур маданият ва истироҳат боғларидаги жами 10 та аттракцион иши вақтинча тўхтатилди.
Йўл қўйилган камчиликлар учун маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилди — жами 7 500 000 сўм миқдорда жарима солинди.
Давлат қўмитаси назорати остидаги корхона ва ташкилотларда умумий 42 та бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, булардан 13 таси ўлим билан тугади (қиёслаш учун 2021 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич мос равишда 44 ва 10 ни ташкил қилган).
Бу борада қўмита томонидан 28 та ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Содир бўлган бахтсиз ҳодисалар таҳлили шуни кўрсатдики, бахтсиз ҳодисалар 68,82 % ҳолатда ташкилий сабаблар, яъни ишлаб чиқаришда ишларнинг тўғри ташкил этилмаганлиги ва ходимларнинг саноат хавфсизлиги соҳасида билим даражасининг пастлиги, техник ва технологик жараёнларда ишлаб чиқариш интизомининг пастлиги, иш бажарувчининг эҳтиётсизлиги ёки таваккалчиликка йўл қўйиши оқибатида; 31,18% ҳолатда эса техник сабаблар, яъни техник жиҳозлар ва қурилмаларнинг носозлиги, уларнинг конструктив янгиланмаслиги, меъёрий ҳужжат ва лойиҳа талабларининг бузилиши, техник қурилмаларга хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйилиши оқибатида юзага келган.
Шунингдек, матбуот анжуманида Давлат қўмитаси томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида Янги ҳаёт туманининг “Чоштепа”, “Янги Дархон”, “Бинокор”, “Гулзор”, “Жалоир”, “Хўжа Учқун” МФЙларда ички ва шох кўчалари ҳамда ҳовли уйларнинг бўш турган ерларини кўкаламзорлаштириш мақсадида 7 340 туп мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экилиб, 15 тоннага яқин маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозаланди.
Тумандаги МФЙларда истиқомат қилувчи “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд оилаларга маданий хордиқ учун концерт тадбирлари ва болалар кўнгил очар боғларига 92 та йўлланма тарқатилди.
Давлат қўмитаси томонидан “Янги ҳаёт” туманида жойлашган 109, 121 ва 566-сон мактабгача таълим муассасаларидаги газ жиҳозлари ва ускуналари газ таъминотига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди.