Самарқандда ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференцияда қарийб 2 млрд АҚШ долларига тенг келишувлар имзоланди

Самарқандда ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференцияда қарийб 2 млрд АҚШ долларига тенг келишувлар имзоланди

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Акром Мўминов озиқ-овқат маҳсулотларининг бозордаги нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди:

Ҳозирги кунда республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарурий чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, интеграцион жараёнларнинг жадаллашуви шароитида ички истеъмол бозорида нархлар барқарорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Мазкур жараёнда ички нархларнинг шаклланишига ички омиллар билан биргаликда ташқи бозор коньюнктурасидаги ўзгаришлар ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Бунда транспорт-логистика тизимининг барқарор фаолият кўрсатмаслиги, мамлакатлар томонидан асосий истеъмол товарларнинг эркин ҳаракатига қўйиладиган чекловлар туфайли етказиб бериш занжиридаги узилишлар нархларнинг ўсишига таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлoқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) маълумотларига кўра, жорий йил август ойида ФАОнинг умумий озиқ-овқат индекси 2,1 фoизгa камайган. Бунда, гўшт нархи 3 фоизга, cyт маҳсулотлари нархлари 4 фоизга, донли экинлар нархлари 0,7 фоизга, ўсимлик ёғи нахи

3,1 фоизга пасайган.

Дунё мамлакатлари бўйича асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган буғдой ишлаб чиқариш прогнозларининг яхшиланиши фонида жаҳон бозорларида мазкур маҳсулот нархининг барқарорлиги сақланиб қолмоқда. Хусусан, АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан август ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, жорий йилда дунё бўйича буғдой ишлаб чиқариш ҳажми 2022/2023 йил мавсумга нисбатан 3,4 млн. тоннага ошиб, 793,4 млн.тоннани ташкил этиши кутилмоқда.

Ушбу ҳолат республикамиз ички бозори учун жуда қулай шароит ҳисобланади.

Юқоридаги ижобий тенденциялар билан бир қаторда келгусида вужудга келиши мумкин бўлган хавфларни ҳар томонлама таҳлил қилиш нархлар барқарорлигини таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. Мазкур йўналишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майдаги ПФ-145-сонли ва 2023 йил 23 мартдаги ПФ-41-сонли Фармонлари қабул қилинди.

ПФ-145-сонли Фармонга асосан ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ механизмлар белгилаб берилди, хусусан нархларнинг асоссиз ўсиши, келишиб қилинадиган ҳаракатлар ва тил бириктиришлар ҳолатларини аниқлаш бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қўшимча ваколатлар берилди.

Бу, биринчи ўринда, истеъмол бозорида нархларнинг ҳеч қандай сабабларсиз ошишига қарши самарали курашиш имконини бермоқда.

Шунингдек, юқоридаги Фармонларга асосан жами 59 турдаги аҳоли томонидан кенг истеъмол қилинадиган истеъмол товарлари бўйича божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур товарлар йирик гуруҳ товарлари бўлиб, божхона қонунчилиги талабларига кўра, ушбу товарлар яна бир неча кичик гурҳларга бўлинади, яъни амалда божхона божининг ноль ставкаси белгиланган маҳсулотлар турлари кўпроқни ташкил этади.

Бу Фармонларнинг амалий аҳамияти нималарда кўринади деган савол туғилади.

Бу, энг аввало, халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабани тўлиқроқ қондириш имконини берса, бошқа томондан халқимиз севиб истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш имконини берди.

Иккинчидан, асосий макроиқтисодий кўрсаткич ҳисобланган инфляция даражаси жорий йил январь-август ойларида ўтган йилги 7 фоиздан 3,8 фоизгача, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 8,5 фоиздан 3,7 фоизгача пасайди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларнинг кейинги муҳим йўналиши – бу ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда илмий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.

Мазкур конференциянинг асосий мақсади ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакилларини бир жойда жамлаш, глобал даражадаги масалаларни муҳокама қилиш ва уларга ижобий ечим топишдан иборат бўлди.

Конференцияда бугунги кунда бутун дунёни қийнаётган масалалар, айниқса аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, вужудга келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг салбий оқибатларини пасайтириш бўйича биргаликда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар режалари муҳокама қилинди.

Самарқандда икки кун мобайнида ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференция ўз ишини якунлади. Унда қарийб 2 млрд АҚШ долларига тенг келишувлар имзоланди.

Самарқанд шаҳрида ўтган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференция давомида сессияларда муҳокама қилинган масалалар бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

Қисқа қилиб айтганда, мазкур халқаро тадбир муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш имконини берадиган халқаро платформа вазифасини бажарди.

Келгусида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилади.


Report Page