Самарқанд вилояти Қора-сув массиви ҳудудидаги безорилик юзасидан
Ички ишлар вазирлигиСамарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра жорий йилнинг 6 ноябрь куни Самарқанд шаҳар, Қора-сув массиви, Обод Маскан маҳалласи ҳудудида “Агромир Билдинг” корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишларини олиб бораётган ўн нафар ишчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққан.
Мазкур ҳолат оқибатида тўрт нафар фуқаро Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига турли тан жароҳатлари билан мурожаат қилишган.
Хозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми “б” банди билан (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) жиноят иши қўзғатилиб, терговолди ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Фуқароларимиздан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов якунига кўра тўлиқ ахборот берилишига қадар, ижтимоий тармоқларда айланаётган видео тасвирларга номақбул изоҳлар беришларидан ўзларини тийишларини сўраймиз.
ИИВ Ахборот хизмати