Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактабида 1-синфга ўқувчиларнинг қабул қилинмаётгани тўғрисида расмий баёнот

Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактабида 1-синфга ўқувчиларнинг қабул қилинмаётгани тўғрисида расмий баёнот


Турли веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд шаҳридаги 35-умумтаълим мактабида 1-синфга ўқувчиларнинг қабул қилинмаётгани юзасидан ота-оналарнинг эътирозли фикрлари акс этган лавҳа ва маълумотлар эълон қилинди.

Самарқанд шаҳридаги мактабларга болаларни 1-синфга қабул қилиш жараёнлари, жумладан, 35-мактабда янги ўқув йили учун 1-синфга қабул бўлмаётгани сабаблари ҳақида бир неча бор расмий маълумотлар берилди. Жумладан, шаҳар халқ таълими бўлими мудири иштирокида 2020 йил 22 июль куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган брифингда (https://www.facebook.com/samshaharhokim/videos/284046509370962/), 2020 йил 23 июль куни журналист Зарина Ҳақбердиева билан халқ таълими тизимидаги муаммо ва ечимларга доир суҳбатда  (https://t.me/samarkandstv/7125)да, шунингдек,  қатор ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда расмий маълумотлар берилди.

Самарқанд шаҳридаги “Сиёбча” маҳалласида жойлашган 35-умумтаълим мактабида 1-синфга ўқувчиларни қабул қилинмаётганининг асосий сабаби мактабда синфхоналар етишмаслиги, ўқувчи сонининг кўплиги ва коэффициентининг юқорилигидир.

Мактаб 2 та асосий бинодан иборат. Қуввати 1200 ўринли, ўқувчи сони эса 2649 нафарни, коэффициент 2,2 фоизни ташкил этади.

Таълим муассасасида ўқувчи ўрнининг етишмаганлиги сабабли ўтган 2019-2020 ўқув йилида ҳам ўқувчилар 1-синфга қабул қилинмаган. Ўтган ўқув йиллари давомида 35-умумтаълим мактабининг ўндан ортиқ синфи мактабга яқин бўлган вилоят “Баркамол авлод” мактабида ўқиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4467-сонли қарорига асосан, “Баркамол авлод” мактаблари фаолияти янада такомиллаштирилиб, ўқувчиларни кенг жалб этиш, тўгараклар фаолиятини янада кенгайтириш белгиланган. Шу муносабат билан жорий йил вилоят “Баркамол авлод” мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Эндиликда айни пайтга қадар 35-мактаб ўқувчилари учун вилоят “Баркамол авлод” мактабида ажратилган синфхоналардан фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Бу ўндан ортиқ синф ўқувчиларининг мактабга қайтиши ва шу ерда таълимни давом эттиришини англатади. Мактабда ўқувчи ўрни, синфхона етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар янада ортади. Айни пайтда мактаб ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда, 6 та қўшимча синфхоналар шакллантирилди. Бироқ бу орқали ҳам ўқувчиларнинг барчасини белгиланган талаблар асосида синфхоналарга жойлаштирилиши бўйича муаммо ечим топмайди.

Мактабда реал ҳолатни кўрган ота-оналар ўқитувчилар хонасини синфхонага айлантириш талабини қўйишди. Бироқ у ердан синфхона ташкил этишнинг имкони йўқ.

2019-2020 ўқув йилида мактабни 11-синф ўқувчилари битирмади.

Мактаб микроҳудудида истиқомат қилувчи бўлғуси 1-синф ўқувчилари шаҳардаги 19-умумтаълим мактабига қабул қилинмоқда. 35- ва 19-мактабларнинг микроҳудудлари ёнма-ён бўлиб, ўртасидаги оралиқ масофа 1,2 км.ни ташкил этади.

Фуқароларнинг мурожаатида фарзандларини 35-мактабга яқин бўлган 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига жойлаштириш талаби ҳам қўйилмоқда. Бироқ ушбу мактабда ҳам айни пайтда коэффициент юқори эканлиги, келгусида худди шундай муаммолар келиб чиқмаслигини таъминлаш учун 35-мактаб ҳудудида яшаб келаётган болаларни қабул қилишнинг имкони йўқ.

Юқоридаги муаммолардан келиб чиққан ҳолда ота-оналарнинг мавжуд реал ҳолатни инобатга олиб, фарзандларини яшаш ҳудудидан узоқ бўлмаган 19-умумтаълим мактабига беришни тавсия қиламиз.

Нигора Саъдинова,

Самарқанд шаҳар халқ

таълими бўлими мудири                                    

Report Page