Сайёр тиббий қабул: Нажот истаб келган беморлар қувонч билан уйига қайтди

Сайёр тиббий қабул: Нажот истаб келган беморлар қувонч билан уйига қайтди


Оғир хасталик туфайли тузалишдан умиди тобора узилиб бораётган беморларнинг кўзларига боққанмисиз? Уларнинг вужудини тилка-пора қилаётган дард — фақат оғриқларгина эмас, балки умидсизлик ҳамдир!

Аммо замонавий тиббиётга инновацион даво усуллари, илғор ёндашувлар татбиқ этилаётган бир пайтда ҳамиша нажот бор! Бундай оғир аҳволдаги беморларга қайта ҳаёт бағишлаш учун давлатимиз бор куч ва имкониятини ишга солмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев бошчилигида жойларда ўтказилаётган сайёр тиббий қабулларда, биринчи навбатда, чекка ва олис маҳаллаларда яшовчи эҳтиёжманд беморларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўриляпти.

Мана, пойтахтдан келган етакчи шифокорлар бир ҳафтадан буён Навоий вилоятида. Бу ерда давом этаётган соғломлаштириш акциясининг яна бир муҳим ва қизғин куни. 

...Навоий шаҳридан Томди тумани марказигача бўлган масофа — қарийб 300 километр. Бундан ҳам олис овулларда яшаётганлар бор. Туман ҳудуди катта бўлса-да, аҳолиси сони жуда кам — 16 минг нафарга яқин. Яъни яшаш манзиллари ўта тарқоқ жойлашган. Бу эса малакали тиббий хизматни одамларга янада яқинлаштиришни талаб этади...

Вазир бошчилигидаги шифокорлар гуруҳининг ушбу манзилга келиб, Томди тумани ва Зарафшон шаҳрида яшовчи аҳоли учун сайёр тиббий қабул ташкил этгани бежиз эмас. Чунки ҳудудда оғир касалликка чалинган, бироқ юқори технологик операциялар учун нафақат пойтахт, балки вилоят марказига бориб даволанишга имкон топа олмаётганлар бор. 

Шулардан бири — жажжи бемор, олти ёшли Фарида Ерланова. У юрак туғма нуқсони билан дунёга келган. Шу боис отаси Ерлан Мантаев сайёр тиббий қабулга нажот истаб келган. Жигарбандининг оғир дарддан халос бўлиб, тенгдошлари қатори соғлом ва бахтиёр бўлиб вояга етишини истайди.

Аммо қизалоғини марказдаги энг яхши шифохоналарга олиб бориб даволатиш учун отанинг моддий имконияти чекланган. 

Сайёр тиббий қабулда бу эҳтиёжманд оиланинг олти йиллик муаммосига саноқли дақиқалар ичида ечим топилди. Фарида пойтахтдаги Болалар миллий тиббиёт марказида операция қилинадиган бўлди. 

Зарафшон шаҳрилик Умиджон Қаҳрамонов ҳам — худди шундай қисмат эгаси. Туғилганидан буён юраги хаста. Онаси Матлаб Иноятова 12 ёшли ўғлининг тезроқ соғайишини истайди. Сайёр тиббий қабулда унда ҳам давлат ҳисобидан мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши белгиланди.

Рисай Ибраева олти ёшли фарзандининг хасталиги учун шу ерда. Боласи бронхиал астма касаллиги билан оғрийди. Йилига икки марта муолажалар олиши зарур. Онахоннинг дардини эшитган мутасаддилар бу эҳтиёжманжд оилага ҳам амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди.

Ўттиз олти ёшли Жаннат Сейдалиева болалигидан юришга қийналади. Икки томонлама диспластик коксартроз. Ўтган йил чап чаноқ-сон бўғимига эндопротез қўйилган. Энди ўнг оёғида ҳам шундай юқори технологик операция ўтказилиши зарур.

Сайёр тиббий қабулда Жаннатхонга Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида бепул операция учун йўлланма берилди.

Томди туманининг Шарқ массивида яшовчи Сайёра Эрназарова — 55 ёшда. Ўн беш йилдан бери оёқлари оғрийди. Кейинги йилларда ҳар икки тиззасида хасталик кучайган. У ҳам эндопротезлаш амалиётига муҳтож.

Сайёра опанинг мурожаати тинглангач, унда давлат ҳисобидан юқори технологик амалиёт бажарилиши белгиланди.

Шунингдек, сайёр тиббий қабул доирасида Соғлиқни сақлаш вазири Томди тумани ва Зарафшон шаҳридаги қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, бу ерда даволанаётган беморлар билан ҳам мулоқот қилди. Ўз навбатида, ушбу шифохоналарнинг моддий-техник имкониятларини мустаҳкамлаш юзасидан тизим мутасаддиларига зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Қизилтепа туманида ташкил этилган сайёр тиббий қабул ҳам аҳоли билан гавжум бўлди. Бу ерга нафақат шу ҳудуд, балки қўшни Навбаҳор ва Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳридан жами икки минг нафардан зиёд беморлар келди.

Тор соҳа мутахассисларининг аксарияти — тиббиёт олимлари, юртимизнинг номдор шифокорлари. Уларга маҳаллий мутахассислар ҳамроҳ. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва марказий шифо масканлари вакиллари учун алоҳида қабул бўлимлари ажратилган. 

Бу ерда кун давомида мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ аҳоли вакилларига давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди. 

Сайёр қабулга саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоли масалалар билан келган ҳеч бир бемор умидсиз қайтмади. Мурожаатларнинг катта қисмига жойида амалий ечим топилган бўлса, қолганлари тизим раҳбарлари томонидан қатъий назоратга олиниб, қисқа муддатда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Хусусан, Навоий шаҳрилик Шокир Назаров бу ерга ёрдам сўраб келган. Ёши — эллик тўққизда. Уч йил аввал инфарктни бошдан ўтказган. Ўшандан бери саломатлигида муаммо бор. Юрак соҳасидаги оғриқлар ва юқори қон босимидан азият чекади.  

Мутахассислар қон томирларида тиқинлар ҳосил бўлганини маълум қилгач, даволаниш учун имкон қидириб, сайёр тиббий қабулда ўз мурожаати билан иштирок этди. 

Натижада Шокир ака шу куннинг ўзидаёқ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий филиалига ётқизиладиган бўлди. Юқори технологик тиббий текширувлар натижаларига кўра, унда бепул мураккаб операция ўтказилиши белгиланди. 

Эллик олти ёшли Феруза Турдиеванинг хасталиги эса оёқларида! Онахон Қизилтепа туманининг Пахтаобод маҳалласидан. Сайёр тиббий қабулга яқинлари кўмагида, қўлтиқтаёқда кириб келди.  

2015 йилдан тизза бўғимида емирилиш жараёни бошланган беморнинг аввал ўнг, кейин чап тиззасида кучли оғриқлар пайдо бўлган. Ҳозирга келиб у эндопротезлаш амалиётига муҳтож.  

Аммо бу мураккаб операция учун Феруза опа катта маблағ топишга имконсизлигини маълум қилди. Қолаверса, чап тиззасида ҳам муолажалар олиб борилиши керак. Пойтахтга бориб даволаниш эса осон эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари бемор мурожаатини тинглаб, уни Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида давлат ҳисобидан даволашга қарор қилди.

Мурожаати ижобий ҳал этилган фуқаролардан яна бири — Мавжуда Убайдова — 66 ёшда. Юрак ишемик касаллигига чалинган. Узоқ йилдан бери режали муолажалар олиб келади. Аммо кейинги пайтларда хасталиги зўрайиб, аҳволи ёмонлашмоқда.

Пойтахтдан келган етакчи мутахассислар унда зарур текширувлар ўтказиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалида юқори технологик амалиёт ўтказиш зарур, деган хулосага келди. Онахон шу куннинг ўзидаёқ шифохонага жойлаштириладиган бўлди.

Навоий шаҳридан келган 49 ёшли Шавкат Рўзиев ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож. Уч йилдан бери юришга қийналади. Беморнинг тиббий қабулдаги мурожаатидан кейин унга пойтахтда давлат ҳисобидан даволаниши учун йўлланма берилди.

Мурожаатчилар орасида нафақат беморлар, балки соғломлаштириш акцияси доирасида кўп йиллик дардидан халос бўлганларнинг миннатдорлик сўзларини ҳам эшитдик.

Қизилтепа туманининг Хўжа Ҳасан маҳалласида яшовчи Гуллола Мирзаева бу ерга 4 ёшли ўғли Фарҳод Фахриддиновни етаклаб келган.

Болакайнинг чопқиллаб юришини кўриб у саноқли кунлар аввал оғир хаста бўлганига ишониш қийин. Акция доирасида туғма юрак нуқсони мураккаб операция ёрдамида бартараф этилган жажжи беморнинг онаси дил сўзларини тилига кўчирди...

Қизилтепа туманилик 43 ёшли Нилуфар Зоирова ҳам қувончини севинч кўз ёшлари билан ифодалади. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида юқори технологик операция ёрдамида бир йўла икки аортал клапани амаштирилган бемор тақдирнинг бу туҳфасидан жуда мамнун.

1967 йилда туғилган Қизилтепа туманилик Ортиқ Амонов қўлтиқтаёқ ёрдамида юришга мажбур. Беш йилдан бери оёқлари хаста. Коксартроз хасталигига чалинган. Беморни тиббий кўрикдан ўтказган пойтахтлик шифокорлар унда эндопротезлаш амалиётини ўтказишга қарор қилишди.

Сайёр тиббий қабул давомида ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади. Муҳими, бу ерга умид билан келганлар оиласи бағрига қувонч ва ишонч билан қайтди. 

Соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Матбуот хизмати.


Report Page