Сайловолди ташвиқоти: овоз бериш ёки бермаслик?
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистонда сайлов кампаниясига расман старт берилди. Сайловда 20 миллиондан ортиқ сайловчилар, шу жумладан биринчи маротаба 2 миллион нафардан ортиқ ёшлар овоз беришлари кутилмоқда.
Фуқаролар сиёсий партияларнинг фаолияти ҳақида қай даражада хабардор? Қайси партияда парламент ва маҳаллий Кенгашларда кўпроқ ўрин эгаллашга имконият баланроқ?
Партия фаолияти кимга қизиқ?
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сафида 730 мингдан ортиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси - 490 мингдан ортиқ, “Адолат” социал-демократик партиясида 380 мингдан ортиқ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясида эса 300 минг атрофида, Ўзбекистон Экологик партиясида 245 мингдан ортиқ аъзолар мавжуд.
Партиялар газеталар чоп этадилар ҳамда уларнинг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларда саҳифалари фаолият кўрсатади. Бироқ, партияларнинг расмий босма нашрлари обуначилари сони партия аъзолари сонининг ўртача уч фоизига ҳам етмайди. Виртуал маконда партия фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳам унчалик машҳур эмас.
Биргина мисол, O‘zLiDePнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси обуначилар сони 26 мингдан ортиқроқ (партия аъзоларининг 3,5 фоизи), “лайклар” сони эса ҳар бир пост учун ўртача 5 тадан 65 тагача, хабарлар ва изоҳлар янада кам. Uzlidep.uz веб-сайтидаги хабарларни кунлик ўртача кўришлар сони – 620 маротаба, adolat.uz веб-сайтида - 280, mt.uz веб-сайтида - 180, xdp.uz - 170, ecouz.uz – 80 маротабани ташкил этади.
Жорий йилнинг апрель ойида Kun.uz интернет-нашри ўзининг “Сизнинг фикрингиз/Ваше мнение” Telegram-канали орқали экспресс-сўров ўтказди. Тармоқ фойдаланувчиларига қуйидагича савол билан мурожаат қилинди: “Сиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатингизни биласизми?” Ушбу сўровда 3022 киши иштирок этиб, улардан 2859 нафари (яъни 95 фоизи) парламентдаги ўз депутатини танимасликларини билдиришди.
Хайп ёки парламент назорати?
Сайловолди кампанияси эълон қилиниши билан сиёсий партиялар фаоллашди. Ахборот муҳитида қайсидир депутатнинг, сиёсий партиянинг у ёки бу фуқарога анчадан буён ечимини кутаётган муаммосини ҳал қилишга кўмаклашгани ҳақидаги мақолалар пайдо бўла бошлади, хусусан, уй-жой сотиб олишга, ҳужжатларни расмийлаштириш, асфальт ётқизиш, шунингдек, риторик масалалар остидаги хабарлар шулар жумласидандир.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси депутатининг “Нима учун масъул шахслар Давлат дастурининг бандларини ижро этмаяптилар?” сарлавҳали муаллифлик мақоласи эълон қилинди. Муаллиф мақолада мисол тариқасида вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган “Электрон парламент” тизими лойиҳасини келтиради. Депутат Давлат дастурида муддати 2019 йил 1 февраль деб белгиланган банд ижроси 7 ой кечиктирилиб, ҳанузгача таъминланмаганидан шикоят қилади.
Эътиборлиси, ҳужжатда асосий ижрочи сифатида Олий Мажлис палаталари, сўнгра Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси эканлиги кўрсатилган.
Баъзи депутатлар эса ўткир мавзулар (Тошкентда доимий прописка, ноқонуний снослар, тонировка, куннинг ёруғ қисмида яқинни ёритувчи чироқларни ёққан ҳолда ҳайдаш ва бошқалар.) баҳонасида “ўзини пиар” қилишга ҳаракат қилишмоқда. Негадир ишлар ижтимоий тармоқлардаги постлар, веб-нашрлардаги мақолалар ҳамда тармоқдаги мунозаралардан нарига ўтмайди. Ваҳоланки, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳукумат олдига кескин масалаларни қўйиши, амалдаги қонунларга ўзгартиш киритиш ваколатига эга.
Мисол учун, Туркиядаги ватандош Н.Кодированинг фожиали ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан интернетнинг ўзбек сегментининг оммавий норозилиги фонида парламентнинг қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фраксияси депутатлари мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини танқид остига олди, хусусан, Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари ва консулликлари фуқароларимизни ҳимоя қилишга шошилмаётганини таъкидлашди.
“Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, парламентнинг қуйи палатаси ҳукумат аъзоларини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш, қўшимча саволларга жавоб олиш ҳуқуқига эга. Қоида тариқасида ҳар ойда ўтказиладиган “ҳукумат соати” якунларига кўра Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинади. Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган йилнинг май ойидан (биринчи “ҳукумат соати») ҳозирги кунга қадар 13 та “ҳукумат соати” йиғилишлари ўтказилган бўлиб, улардан учтаси ХДП, иккитаси O‘zLiDeP томонидан ва биттаси “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган. Бироқ, уларда Давлат дастури алоҳида бандларининг ижроси, меҳнат муҳожирлари ва чет эллик ватандошларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг таъминланиши масалалари кўтарилмади.
Депутатларнинг, айниқса парламентда кўпчиликни ташкил этувчи фракциялар томонидан бундай материалларнинг чоп этилишини мамлакатдаги вазиятга таъсир ўтказа олмаслик, ҳукуматни ҳисоб беришга мажбурлай олмаслик деб ҳисоблаш мумкинми?
Америкалик давлат арбоби, АҚШнинг 34-президенти Дуайт Дэвид Эйзенхауэр айтганидек: Ҳақиқий демократиянинг шиори “Буни ҳукумат қилсин” эмас, балки “Буни ўзимиз қилишимизга қўйиб беринг”.
Қонун лойиҳасининг ташаббускори ким?
2019 йил 4 октябрь куни “Адолат” СДП вакиллари томонидан журналистлар ва блогерлар билан норасмий учрашув чоғида 2014 йилда партия “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг ташаббускорларидан бири бўлганлигини айтилди.
2013 йил 21 август куни парламентнинг қуйи палатаси веб-сайтида эълон қилинган хабарда эса Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Бухоро ва Самарқанд вилоятларида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нормаларини синаш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққани ва тасдиқлангани таъкидланган эди. Ваҳоланки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш долзарблиги Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида қайд этилган. Хўш, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси ким томонидан илгари сурилган?
Пиар ёки фаолият?
Яна бир мисол, 19 сентябрь куни Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентда ноқонуний дарахтларни кесишга қарши пикет уюштирди. Унда партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари ушбу тадбир жамоатчилик томонидан билдирилганидек, “сайловолди спекуляцияси эканлиги”, деган фикрларга қўшилмаслигини билдирди: “Бу ташвиқот эмас, бу бизнинг вазифамиз, бу бизнинг чорловимиз. Биз бу ерда ўзимизни реклама қилмоқчи эмасмиз. Биз аҳолимизнинг чақириғига кўра келдик”.
Партия раиси Экопартия саккиз ой олдин ташкил этилган бўлиб, дарахтларнинг кесилиши муаммосини ҳал қилиш бўйича таклифлар бундан аввал ҳам бўлганлигини эслаб ўтди. Хусусан, улар ҳукуматдан дарахтларни ҳимоя қилиш чораларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишига қадар мамлакатнинг барча минтақаларида алоҳида турдаги ва камёб дарахт турларини кесишга олти ойлик мораторий эълон қилишни сўрашди.
Бироқ, жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Mening fikrim” порталида май ойи охирида ташкил этилган мамлакатда дарахтларни ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш ва экополицияни яратиш тўғрисидаги онлайн петицияни кўриб чиқиб, дарахт кесишга мораторий киритишни қўллаб-қувватламадилар.
Петиция муаллифи, журналист Никита Макаренко Қонунчилик палатасининг қарорини шарҳлар экан, шундай фикрларни билдирди: “Жамият туб ислоҳотларни кутмоқда, аммо депутатлар уни қўллаб-қувватлашни истамадилар. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган реакцияга қараганда, одамлар депутатлардан жуда ранжидилар”.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, йилнинг ўтган даврида 3 мингдан ортиқ ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўпдир. Бироқ, дарахтларни ҳимоя қилиш бўйича пикет фақат бир маротаба ташкил этилди. Пиар ёки фаолият?
Модага айланган тренд
Сиёсий партиялар деярли бир овоздан бу йилги ташвиқотлар умуман янгича ўтишини, зерикарли мажлислар ва йиғилишлар ўрнига очиқ ҳавода жамоатчилик билан интерфаол учрашувлар, санъаткорлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги концертлар бўлишини айтишмоқда. Бироқ, баъзан бир хил жойда, икки кунлик фарқ билан, турли партияларнинг намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мисол учун, Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва O‘zLiDeP томонидан партия раҳбарларининг чиқишлари билан концерт дастурлари ташкил этилди.
Сиёсий партиялар байроқлар ва транспарантлар билан одамларни тўплайди...ва концерт дастурлари уюштиришмоқда. Популистик иборалар ва умумий гаплар. Сиёсий партиялар қачон сайловолди дастурларини тақдим этадилар? Нима учун уларни шакллантириш жараёнининг шаффофлиги таъминланмайди ва улар нимага асосланади? Дастур ҳужжатлари электоратнинг ҳақиқий муаммоларини ҳисобга оладими? Ушбу йўналишда дастлабки тадқиқотлар ўтказилганми, соҳадаги ҳақиқий вазият ўрганилганми?
Муҳим жиҳати шундаки, Сайлов кодексига биноан парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар сайлов ўтказиш учун ўз маблағларини ихтиёрий равишда бериши мумкин. Бу маблағлар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси жараёнида улардан фойдаланиш учун қабул қилиб олинади.
Бу йил Ўзбекистон сиёсий партиялари сайловолди ташвиқоти учун қанча маблағ оладилар? Маблағларни сарф қилишда шаффофлик бўладими? Сайловчилар учун ушбу саволларга жавоблар қизиқ.
Ҳозирги сайлов кампаниясининг яна бир ўзига хос жиҳати бу — шарфлар. Ушбу атрибут билан барча партиялар кўриниш беришди. Балки уларнинг барчасига ягона стилист хизмат кўрсатар? Ёки куз келганидан дарак, исиниш заруратими?
Пиар ўз ўрнида ишлатилмоқдами?
Партия етакчилари бирваракайига ногиронлиги бўлган шахслар, пахта далаларидаги меҳнаткашлар, меҳрибонлик уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги болалар холидан хабар олмоқдалар. Улар тадбир жойининг ўзидан фотосуратлар юклашмоқда, баъзан эса ахлоқий чегаралар ҳам бузилмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП хабарида партия вакиллари Новосибирскда бўлган вақт меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашганлар. Хусусан, партия раисининг ўринбосари автоҳалокат натижасида вафот этган, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан келган меҳнат муҳожирларидан бирининг отаси билан учрашгани, шунингдек фожиали воқеанинг иккинчи иштирокчиси – асли Андижон вилояти Избоскан туманилик фуқарониниг аҳволини ўрганганини, у жойлаштирилган касалхонага ташриф буюргани хабар қилинган.
Ватандошларга ёрдам бериш ташаббуси мақтовга лойиқ, аммо оғир аҳволда бўлган одамнинг фотосуратларини ижтимоий тармоққа жойлаштириш қанчалик тўғри? Бу эгри Пиар ёки одамларнинг ҳис-туйғуларини ўйнашга уринишми?
Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. O‘zLiDeP раҳбари партиянинг бир гуруҳ аъзолари билан Фарғона вилоятидаги ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган мактаб-интернатга ташриф буюрди. Партия саҳифасида, шунингдек, сиёсатчиларнинг партия атрибутлари билан болалар олдида тушган суратлари жойлаштирилди.
Партиянинг веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилганидек, ХДП вакиллари “Crafers” қандолат фабрикаси билан ҳамкорликда пахта теримчиларига ёрдам бермоқдалар. Мисол учун, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида жойлашган “Аббосхон, Шукурилло” фермер хўжалиги далаларида ХДП фаоллари ширинликлар солинган пакетларни тарқатибгина қолмай, балки доира ва гитара каби мусиқа асбоблари билан ҳамроҳлик қилмоқдалар.
Бадиий-ижодий дастурлар ва совғалар билан “Миллий тикланиш” ДП вакиллари ҳам пахта далаларига ташриф буюришмоқда.
Бироқ, даладаги мавсумий ишчилар учун нима муҳимроқ: тоза ичимлик суви, иссиқ овқат ва ўз вақтида иш ҳақи тўланишими ёки бир марталик тадбирлар, партия аъзолари билан учрашувлар ва томошаларми?
Агар сайлов эртага бўлса
2019 йилнинг 6-11 сентябрь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Jamoatchilik fikri” Телеграм-канали орқали тармоқ фойдаланувчиларининг депутатлар фаолиятини қайси жиҳатлардан келиб чиқиб баҳолашлари юзасидан фикрларини ўрганиш мақсадида сўров ўтказди. Сўровда жами 1146 киши иштирок этди.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг деярли учдан бир қисми (31 фоизи) депутатлар фаолиятини баҳолашнинг имкони йўқлигини таъкидладилар. 24 фоизи эса депутат фаолияти самарадорлиги сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, илгари сурганлигига қараб баҳоланади, деб ҳисобладилар. “Халқ билан яқин бўлганлиги” жавоб вариантини 19 фоиз иштирокчилар танлаганлар. 18 фоизи эса депутат фаолиятини берган ваъдасини бажаришидан келиб чиқиб баҳолашларини билдирдилар. Қолган 8 фоиз - қонунчиликка киритган ўзгартиришлари бўйича депутатлар фаолиятини баҳолайдилар.
Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тезкор телефон тадқиқоти “Express-modus” натижаларини эълон қилди. Улар фуқароларга қуйидагича савол билан мурожаат қилганлар: Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар эртага ўтказилса, Сиз қайси партия номзодига овоз берган бўлардингиз? Респондентларнинг 37,1 фоизи — ҳали ҳал қилмаганликларини, 18,5 фоизи — O‘zLiDePга, 15,6% — Ўзбекистон Халқ демократик партиясига, 14,1 фоизи — Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партиясига, 9,8% — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партиясига, 4,9% — Ўзбекистон Экологик партиясига овоз беришларини билдирдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга ҳақиқий сиёсий куч сифатида эътибор қаратмоқда. Ҳокимиятни халқ билан яқинлаштиришнинг янги ёндашувлари ва усулларини қўллаш, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали чоралар ва ечимларни ишлаб чиқиш, бунда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар фаолиятини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланмоқда. Сиёсий партиялар янги ёндашувларни сценарийси ўхшаш концертларни ташкил этиш ва формат жиҳатдан деярли бир хил бўлган атрибутлардан фойдаланишда деб ўйламоқдаларми?
Партия вакилларининг юқоридаги хатти-ҳаракатлари, популистик чиқишлари ва сезгир мавзуларда спекуляцияларга йўл қўйишлари, аксинча, фуқароларнинг сайлов участкаларига бориш истагини сусайтириши мумкин. Боз устига, ҳали танлов қабул қилмаган респондентларнинг деярли 40 фоизи муҳим сиёсий тадбирни ҳам эътиборсиз қолдиришлари мумкин. Сайловолди дастурларини республиканинг турли қатламлари ва турли ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тузиш, партиялар нимани аниқ амалга ошириши мумкинлигини аниқлаш учун ҳали вақт бор. Бунда халқаро тажрибани ўрганиш, кампания учун сиёсий технологиялар бўйича мутахассислар ва экспертларни жалб қилиш тавсия этилади.