Сайлов қонунчилиги тарғиботи ва журналист масъулияти

Сайлов қонунчилиги тарғиботи ва журналист масъулияти

#Сайлов — 2019

Нурафшон шаҳридаги Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлимида “Сайлов қонунчилиги тарғиботида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда туман, шаҳар газеталари бош муҳаррирлари, ҳокимликларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этишди.

Жорий йилнинг 22 декабр санасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар тобора яқинлашмоқда. “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” умумшиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик айни авжида. Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқий маданияти, хусусан, сайлов қонунчилигидан ҳабардорлигини ошириш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан мамлакатимиз бўйлаб 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтказилмоқда.


Тадбирда сайловларда очиқлик ва ошкоралик принципларининг тўлақонли амалда бўлишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу сабабли тегишли сайлов комиссиялари ўз фаолиятларида оммавий ахборот воситалари хизмати ва кўмагига катта умид ва ишонч билдириши таъкидланди.  

Семинарда сўзга чиққан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ аъзоси М. Усмонов, Тошкент давлат юридик университети профессори Х Муҳаммадиев, Олий мажлис Сенати аппарати етакчи мутахассиси М. Абидов ва бошқалар Сайлов кодекси мазмун-моҳияти ва тарғибот жараёнида тенглик ва ошкоралик тамойиллари асосида олиб бориш ва бунда журналистнинг масъулияти масалаларида тушунчалар беришди.


Шунингдек, Вилоят ОАВлари ва марказий нашрларнинг ҳудудий мухбирлик пунктларида фаолият юритаётган журналистларни вилоят сайлов комиссиясида акредитациядан ўтказиш бошлангани маълум қилинди.

 Маълумот ўрнида, сайловга доир материаллар “Тошкент” телеканали ва радиосида, “Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталари, шунингдек, тармоқ нашрлари, шаҳар, туман ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Тошкент вилояти мухбирлик пункти, маҳаллий интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб борилмоқда.

Хусусан, айни кунга келиб босма нашрларда – 84 та, “Тошкент” телеканалида 12 та, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 200 дан ортиқ материаллар эълон қилинди. Айни кунларда сайлов жараёнини янада кенг ёритиш бўйича юқорида номи кўрсатилган ОАВ вакиллари ва блогерлар билан фаол иш олиб борилмоқда.

Семинар якунида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

                                  

Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлими

 


Report Page