Сайхунобод тут сайли тажрибаси

Сайхунобод тут сайли тажрибаси

@SirdaryoSadosi
Пресс-тур

Айни кунларда Ватанимиз қай гўшасида бўлманг, дуч келган кишидан Сайхунобод тўғрисида сўраб кўринг-а, ҳеч иккиланмасдан "Томорқачиликнинг янги тажриба маскани" деган жавобни оласиз. Мазкур туман ҳамма маҳалларида ҳар куни турли минтақага тегишли давлат номерига эга бўлган автомашиналарни учратиш одат тусига айланди. Мана икки ойдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва республика бўйлаб оммалаштирилаётган иннавацион томорқачилик тажрибасини амалда ўрганиб кетиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан Сайхунободга,  келаётган кишилар қадами узилмаётир. Ва бу хайрли ҳаракат оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан изчил ёритилмоқда. Биз қуйида айнан журналистлар томонидан Сайхунобод туманида, эътибор беринг, "Фаравон" маҳалласида, устоз журналист Тўхтамиш Боқиев хонадонида асос солинган яна бир ўрганса ўргангудек тадбир хусусида сўз юритмоқчимиз ва унда қатнашиш учун бошқа ҳудудлардаги ҳамкасбларимиз ҳам бажонидил ташриф буюражакларига, мақоламизни ўқиб, ишонч ҳосил қиласиз.

   ...1951 йил, февраль ойи кунларидан бирида, қош қорайган палла эди, тоғлиқ ҳудудлардан кўчирма бўлган кишиларнинг бир гуруҳи Политарка машинасида Шўрўзак номли яйдоқ дашт бир буржига (кейинчалик янги совхоз бўлими марказига айланган қишлоқ жойигв) кўч-кўрон ташлади.

   — Ўшанда ним қоронғиликда, "Ҳамма ёқни қор қоплаган экан-да!" деб ўйлагандик, ҳаво унчалик совуқ эмаслигидан ажаблангандик, — деди "Тут сайли"да меҳмон сифатида сўзга чиққан меҳнат фахрийси, шоиртабиат инсон Даврон ҳожи Жабборов. — Эрталаб қарасак, ҳали қор деганимиз оппоқ туз экан. Тупроқ устки қатламини бир бармоқ энилигида қалин шўр босиб ётарди. Биз Тўхтамишжоннинг отаси раҳматли Додо дўстим билан, умуман қисматдош қавму қариндошларимиз билан мана шундай чўлни ўзлаштиришда, уни боғу бўстонга айлантиришда иштирок этганимиздан мамнунмиз.

   Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Тўхтамиш Боқиев хонадонини, айтайлик, водийликлар хонадонидан сира фарқлай олмаймиз. 25 сотихли майдон бир боққа айланганки, кўрган киши қувнайди. Бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Томорқа экинлари яйраб ўсаяпти.

   — 1991 йили ҳамма қатори 25 сотихли участка олганимда, бу ерга Балх тутлари эккандим, — дея эслайди хонадон соҳиби. — Мана кўриб турибсиз, улар азамат дарахтларга айланишган. Ҳар йили наинки оиламиз, балки бошқа ҳудудлардаги уруғ-аймоқларимизу дўст-биродарларимизга етиб ортадиган ҳосил олаяпмиз. Учдан бир қисмини қуёшда қуритиб, қоқига айлантирамиз, яна бир қисми суткалаб қайнатилиши натижасида қиёмга келтирамиз, яъни чинни тайёрланади. Фарзандлару келинларимизнинг бу борадаги маҳоратлари мақтаса мақтагудек Тут маҳсулотлари йили бўйи дастухонимиздан аримайдиган азиз неъматлар улар...

   2022 йил май ўрталари эди. Ўшанда сайхунободлик журналистнинг оилавий тадбирида иштирок этган ҳамкасблар оғиз сўлагимизни оқизишди: 

   "Боғмисан боғда балх тутлари, ёқутдек товланиб, бирам мева беришибди-ей, кўрмаслик ҳам, емаслик ҳам увол!"

Шу баҳона Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан Тўхтамиш Боқиев хонадонига, албатта бу оқкўнгил ва бағри кенг инсон қўллаб-қувватлови билан, пресс тур ташкил этилди ва "Тут сайли" деб номланди. Азбаройи тут пишиғи мавсуми узоқ давом этмаслиги важидан, айтиш мумкинки, тезкор тадбир бўлиб ўтди. "Ковид-2019" карантини ҳали тўлиқ бекор бўлмаган бир шароитда, тут мевасининг қонни тозаловчи ҳамда иммунитетни оширувчи шифобахш хусусиятларга эга эканлиги ҳам воҳамиз турли томонларида яшаётган, турли ахборот тармоқларда ишлаётган бир гуруҳ ҳамкасбларни Сайхунобод томон оёқлантирганди. Иштирокчи ижодкорлар томонидан кимўзарига, денг, тут тўғрисидаги турфа қизиқарли маълумотлар, мақолалар ўртага ташланди, халқ маталлари ва термалар таъкидланди, шеърий битиклар айтилди. Тадбирдан кейин ҳам...

      Ўтган йили май ойи келиши билан тағин тут танаввул қилгимиз келди. Тағин Тўхтамиш Боқиев хонадонида... Тағин пресс- тур. Иккинчи "Тут сайли" биринчисидан фарқли ўлароқ тағин-да эсда қоларлироқ ўтди, тажриба бор-да!

   Бу галги "Тут сайли" тадбири 2024 учун тасдиқланган йиллик режа асосида ўтказилганидан воқифмиз. Марказдаги уюшма масъуллари, вилоятлардаги ҳамкасблар бизнинг "Тут сайли"мизга қизиқиш билдиришаяпти. Жумладан, Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, Наманган вилояти бўлими раиси Носирхон Деҳқоновлар мазкур тадбирда иштирок этиш, уни оммалаштириш истагини билдиришганидан мамнунмиз.

   "Тут сайли" пресс-турининг бу галги мавзулар мундаражасига бир эътибор беринг-а!

   Тутга бағишланган адабий рисолалар ва тут маҳсулотлари кўргазмалари, "Сирдарёда матбуот қандай тарқатилмоқда?" тренинги, "Аҳоли фаравонлигини янада яхшилаш юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев олға сурган янги беш ташаббус мазмун-моҳияти" ҳамда "Ижтимоий тармоқларни юритиш маданияти. У қандай бўлиши керак?" мавзуларда маърузалар, маҳорат дарслари, "Заковат" интеллектуал ўйинлари, тут тўғрисидаги халқ айтимлари айтишуви, мушоира...

   Тўғри, лойиҳадаги ҳамма мавзулар тўлиқ очиқланди, деб бўлмайди. Энг муҳими ниятнинг тўғрилиги, холислиги ва ранг-баранглигида...

   Дарвоқе, тут ҳақида янги гаплар айтилди. Ушбу қимматли дарахт барглари, хотин-қизлармиз кийишганида кўзларимизни қувнатувчи хонатласларнинг айнан асоси бўлмиш ипак қурти озуқаси эканлиги, қадимдан қадрли дарахтдан мусиқа чолғу асбоблари, ёзув қоғози ишлаб чиқарилганлиги, тутдан тайёрланган бешикларга қурт тушмаслиги, жумладан, фарзандларимиз ўзидан кўпайсин дея, оналаримиз тутдан ясалган бешикларга болаларини белаб келишлари тадбирда ўзгача талқинларда таъкидланди.

   Устоз журналистлар Бойжигит Абдуллаев, Мунаввар Пардаев, Турсунмурод ҳожи Мансуров, Холида Пардабоева, Баҳор Холбекова, Дилором Исмадиёрова, Янглиш Ҳасанова, Мавлуда Сиддиқова, Баҳринисо Норжигитова, "Янги Сирдарё" газетаси бош муҳарири Баҳром Боймуродов, иқтидорли журналист Ғуломхон Примов ва бошқалар ўз чиқишларида нафақат тутнинг, балки тадбирнинг аҳамиятини том маънода тараннум этишди. Тадбир меҳмони, маҳаллий ҳофиз Набижон Ҳакимов томонидан Бойжигит Абдулла сўзи билан яп-янги "Тут" қўшиғи ижро этилиши сайлга ўзгача мазмун бағишлади.

   Маҳорат дарслари дорилмуаллимлари, фаол иштирокчилар, "заковат"чи журналистларга, дарвоқе, хонадон соҳибу соҳибаларига уюшма ҳудудий бўлими томонидан эсталик совғалар тантанали равишда топширилди. Жонли тарзда айтилган қўшиқлар, қувноқ ўйин-кулгулар, дилкаш мулоқотлар ҳамманинг кайфиятини кўкларга кўтаргани рост.

   Киройи дастурхон, ўта тотли таомлар учун Тўхтамиш Боқиев хонадони барча аъзоларига ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.

    Ҳамкасбимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева айтмоқчи, янаги йилги "Тут сайли" тадбирида тўрт кўз тугалликда кўришгунча, дўстлар!

С.Намозов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Report Page