"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати: Сарҳисоб

"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати: Сарҳисоб


Халқимизда “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” деган гап бежиз айтилмаган. Зеро, “СОVID-19” пандемияcи муносабати билан юртимизда 5 ойдирки, давом этиб келаётган карантин чекловлари барчамизни мураккаб ва оғир синовга ташлади. Кўплар кунлик иши ва даромадидан айрилди. Эҳтиёжманд, моддий мададга муҳтож оилалар сони ошди. Бу борада аҳоли мурожаатларини қабул қилиш мақсадида вилоятда “11-97” қисқа рақамли телефон тармоғи “Сall-center” ҳамда шаҳар ва туманларимизда унинг “Ишонч рақамлари” мунтазам йўлга қўйилган. Мақсад ана шундай қийин кунларда юртдошларимизга имкон қадар ёрдам беришдир.  

Вилоятда пандемия даврида даромадини йўқотган ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган ўта муҳтож оилалар сони 6 мингдан ошган. Шу йилнинг 26 июль ҳолатида эса вилоят миқёсида “Сall-center” га мурожаат билан чиққан жами 8,5 мингдан ортиқ аҳоли хонадонига умимий қиймати 1 миллиард 227 миллион сўмлик озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари етказиб берилгани давлатимиз томонидан бу тоифадаги оилаларга қаратилган эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.

Бухоро шаҳри мисолида олсак, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 616 миллион сўм маблағ келиб тушган. Бу сармоя камбағал оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан шакллантирилган рўйхат асосида шаҳарда мавжуд 10 минг 682 нафар фуқародан иборат 2 минг 785 та камбағал оилага озиқ-овқат ва санитар-гигиеник восита кўринишида тарқатилган.

Шаҳар ҳудудида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва қарамоғида ногирон фарзанди бор жами 44 нафар хотин-қизга Республика касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 14 та электропеч, 9 та тикув машинкаси, 8 та газ плитаси, 5 та кир ювиш машинкаси, 4 та музлатгич ҳамда 4 та телевизор тарқатилди. Бу маиший техника воситалари орқали хотин-қизлар уй шароитида тикувчилик ва қандолатчилик билан шуғулланиб, ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва оила даромадини ошириши мумкин.

Худди шундай, ижтимоий ҳимояга муҳтож, қарамоғида ногирон фарзанди бор жами 83 нафар хотин-қизга Республика касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари берилди. Жуда ночор аҳволга тушган иккита оиланинг яшаётган таъмирталаб уйлари ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилди.  

Фақат шугина эмас, Бухоро шаҳар Тиббий-ижтимоий хизматлар шўьбаси томонидан шу йил ўтган ярми даврида ҳудудда истиқомат қилаётган 43 нафар хотин-қизга эҳтиёжига қараб қўлтиқ ҳасса, қўл ҳасса, хадунок, эшитиш мосламаси, ҳамда ногиронлик аравачалари каби  реабилитация техник воситалари етказиб берилган.

Энг муҳими, бу каби саъй-ҳаракат айни кунда барча шаҳар ва туманларимизда давом эттирилмоқда. Пандемия асоратларини бартараф этиш, жойларда оғир шароитга тушиб қолган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси    

Report Page