СУРИЯ ВОҚЕАЛАРИ: КИМ ЮТДИ, КИМ ЮТҚАЗДИ?

СУРИЯ ВОҚЕАЛАРИ: КИМ ЮТДИ, КИМ ЮТҚАЗДИ?



Нефт бир баҳона эди

Шахмат партияси. Рақиблар ўйиндан олдин қўл бериб кўришади ҳамда томонларини танлаб олади. Қоралар аввалбошдан рақибининг дастлабки юришини тахминан билади (E2–E4). Оқлар ҳам бу юришни рақиби билишини билади. Шундай бўлса ҳам кўпинча мана шу юриш амалга ошади. Мақсад – дебютдаёқ марказни эгаллаш. Чунки тўрт томонга қараш ва кўпроқ катакларни назорат қилиш имконияти пайдо бўлади-да. 

Демак, тасаввур қилиб олдик-а? Энди ушбу ўйинни Яқин Шарққа кўчирамиз. Яқин Шарқ – шахмат тахтаси. Нима учун? 

Яқин Шарқ – табиий захираларга жуда бой ҳудуд. Осиё ғарбидан Африка шимолигача бўлган бу минтақа географик жойлашуви сабабли бошқа давлатларнинг ташқи сиёсатида ҳам муҳим рол ўйнайди. 1938 йилда Калифорнияга қарашли компания Саудия Арабистони шарқида дунёдаги энг йирик нефт манбаини топади. Кейинчалик нефт дунё иқтисодиётининг асосига айланди. Лекин шу биргина нефт учунмиди ушбу ҳудудга қизиқиш? Йўқ, албатта. Нефт орқали бошқа давлатларни бошқариш мумкин, яъни гап бошқа давлатларнинг нефтга қўли етишини назорат қилиш ҳақида. Чунки дунёнинг йирик кучлари ҳам Яқин Шарқнинг нефтига муҳтож. Бундан ташқари, Яқин Шарқ қуролларни сотиш учун йирик бозор ҳамдир. 


Ўйинчилар ким?

Сиёсий таҳлилчилар фикрича, араб дунёсида назорат ўрнатиш учун “Эски дунё”ни ягона байроқ остида бирлаштирган иттифоқ ва “кумуш диёр” бўлган мамлакат рақобатлашмоқда. “Совуқ уруш” давридаги зиддиятлар ҳам ёддан кўтарилгани йўқ.

Баҳри муҳит ортидаги давлат минтақада иттифоқчилар ҳам танлаб олган. Бу рўйхатда Исроил, Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайнни кўриш мумкин. ХХ аср ўрталарида Эрон ҳам минтақада энг яқин иттифоқчилардан бири деб ҳисобланган. Аммо 1979 йилда Эронда юз берган Исломий инқилобдан сўнг ашаддий душманлик бошланди. Душманимнинг душмани дўстим, деганларидек, ҳозирда шўро салтанатига ворис давлат ва Эроннинг манфаатлари Яқин Шарқда уйғунлик касб этади.


Вазият қандай эди?

Уруш бошланмасидан аввал ҳам Башар Асад бошчилигидаги Сурияда аҳоли коррупсия, ишсизлик, сиёсий эркинлик йўқлигидан жуда норози эди. 2011 йилда қўшни давлатлардаги намойишларидан руҳланган аҳоли мамлакат жанубида норозилик намойишларини авж олдира бошлади. Бу воқеалар тарихга “Араб баҳори” деган шоирона ном билан киритилган. 

Ҳукумат мухолиф кучларга қарши кескин чоралар кўргач, энди бутун мамлакат бўйлаб президент истеъфосини талаб қилиб намойишлар бошланиб кетди. Нотинчлик авж олди, уни бостириш учун куч ишлатиш янада кучайди. Мухолифат тарафдорлари аввал ўзларини ҳимоя қилиш учун, сўнг ўз ҳудудларини хавфсизлик кучларидан тозалаш учун қўлларига қурол олишди. Ушбу вазиятда президент Башар Асад “ташқаридан қўлланаётган террорчиларни” йўқ қилишга ваъда беради. Зўравонликлар янада кучайиб, мамлакатни фуқаролар уруши қамраб олди, турли исёнчи гуруҳлар пайдо бўлди.

“Ўйинчилар” у ёки бу тарафнинг ёнини олиш, уларни қурол-яроғ, пул билан таъминлашни бошлашди. 

Тартибсизликлар кучайиб бориши фонида ИШИД, “ал-Қоида” каби экстремистик ташкилотлар мамлакатга кириб келишни бошлади. Бир тарафдан эса мустақиллик даъво қилаётган турли гуруҳлар ҳам Асад тарафдорларига қарши бўлмаган ҳолда урушга қўшилди. Ўтган ўн йил давомида катта давлатларнинг ўзи ҳам иккига бўлиниб ҳукумат ва ҳукуматга қарши кучларни дастаклаб келишди.

Сурияда ҳарбий базага эга бўлган Россия 2015 йилда Асадни қўллаб, ҳарбий ҳаво операцияларини амалга оширади. Эрон эса Сурияга юзлаб аскар киритади, Асадга ёрдам бериш учун миллиардлаб доллар сарфлайди.

Ғарб дастлаб исёнчи гуруҳларни қўллади. Аммо жиҳодчилар мухолифатдаги асосий кучга айлангач, чеккадан туриб, юмшоқроқ шаклда ёрдам бера бошлашди. Туркия эса Сурия шимолидаги ҳудудларни исёнчи гуруҳлардан тозалаб, ўз назорати остига олди. Саудия Арабистони ҳам минтақадаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида, Эроннинг таъсир доирасини чеклаш борасида ҳаракатлар олиб бориб, уруш бошида исёнчи гуруҳларни молиявий қўллаб-қувватлаб, қурол-яроғ билан таъминлади. Исроил давлатини Эроннинг Сурияга мустаҳкам ўрнашиб олиши ташвишга солиб, у ҳам ҳаво ҳужумлари сонини орттирди.

Натижада, ўн йил давомида мамлакат бўйлаб кўплаб аҳоли пунктлари вайроналар ичида қолиб, инфратузилмалар бутунлай издан чиқди. Мамлакат пароканда бўлди.


Тугади, бошланди...

Мана шу воқеалар фонида Сурия ўта заифлашиб, ҳар жиҳатдан бошқаларга қарам бўлиб қолган эди. Башар Асад ўз оиласи ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун турли кучлар таъсир доирасига тушиб қолган, деярли бўлакларга бўлиб ташланган мамлакатга бошчилик қилишга мажбур эди. 

2024 йилнинг 8 декабрm куни “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” ҳаракати Башар Асад ҳукуматини қўллаб келган кучларнинг заифлашувидан фойдаланиб, амалдаги режимни ағдарди. Башар Асад Россияга қочди. “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” етакчисининг яқин сафдоши Муҳаммад ал-Башир Сурия ўтиш даври ҳукумати раҳбари бўлди. Вақтинчалик ҳукумат 2025 йилнинг 1 мартига қадар фаолият олиб борилиши айтилмоқда. 

Бироқ ҳозирда Сурия ичкарисида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” билан келишмайдиган, ҳокимиятни эгалламоқчи бўлган бир неча қуролланган кучлар ҳамон мавжуд. Ғарб Исломий Давлат гуруҳининг қолган-қутган аъзоларидан ҳамон хавф кутмоқда ва уларга қарши ҳаво ҳужумларини давом эттираётган бўлса, Исроил ўз чегаралари олдида “Исломий давлат” пайдо бўлишидан хавотирланиб, Сурия қуролли кучлари инфратузилмаларига зарба бермоқда.

Мамлакат ҳамон хаос ичида: қонунчилик ишламаяпти, аввалги тартиб-қоидалар бутунлай бекор қилинган. Энди Суриянинг тақдири нима бўлади, воқеалар ривожи қандай кечади, деган савол ўртага чиққан. Чунки Ливияда Қаддофий ва Ироқдаги Саддам Ҳусайннинг тахтдан ағдарилгани натижасида икки давлатда зўравонликлар, бошбошдоқлик авж олди, уларнинг ўрнини эгаллайдиган муносиб номзодлар топилмади, ташқаридан бўлган арала-шувлар сабабли бўшлиқ тўлдирилмади, талон-тарожликлар, ҳокимиятни тортиб олиш, фуқаролар уруши тўлқинланган эди. Айнан шундай ҳолатлар Сурияда юз бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаяпти. 

Сабаби, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг илдизи “Ал-Қоида”га бориб тақалади. Уларнинг сўнгги баёнотлари муросали кўриниш олган бўлса-да, кўпчилик бунга ишонямапти, ҳақиқий мақсадлари нимада эканлиги аён эмас. Сўнгги кескин ҳаракатлар мамлакатда тартибсизликлар янада авж олишига, зўравонликлар кучайишига олиб келиши мумкин. Кузатамиз...


Нега шундай бўлди?

Экспертлар воқеалар ривожи нега айнан мана шундай ссенарий асосида кечганлиги тўғрисида турли қарашларини баён эта бошладилар. Биз ҳам ҳодисалар ҳақида ўз мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак. Нега шундай бўлди? 

Биринчидан, Сурия ўз стратегик мақсадларини кўзлаётган кучлар томонидан шахмат тахтасига айланиб қолган эди. Асад қуёшининг оғиши ва Украинадаги урушнинг ўзаро боғлиқлиги борлиги назарда тутилган. 

Иккинчидан, иқтисодий жиҳатдан мамлакат ўта чўккан ҳамда гуманитар инқироз кузатилаётган эди. Тинимсиз урушлар Сурия иқтисодиётини издан чиқарди, инфратузилма барбод бўлганди. Аҳолининг аксарияти, 6 миллиондан ортиқ ички кўчкинларнинг 2 миллиондан ортиғи асосий хизматлардан фойдаланиш чекланлан лагерларда яшаётган, 6 миллион киши мамлакатни тарк этган эди. Ўтган йил ҳолатига кўра, Сурияда 15 миллиондан ортиқ аҳоли гуманитар ёрдамга муҳтож, 12 миллион киши озиқ-овқат танқислигига юз тутган эди.

Учинчидан, Башар Асаднинг авторитар бошқарувга зўр берганлиги зўравонлик ва қатағонликларнинг авж олишига замин яратган эди. Бу мамлакатда норозиликни кучайтириб, урушнинг тобора чўзилиши ва Асад ҳокимиятининг аянчли якун топишига олиб келди. 

БМТ ҳисоботларида айтилишича, Асад бошчилигидаги ҳукумат томонидан аҳоли пунктларига кўплаб ҳужумлар амалга оширилган, зўравонликлар авж олган, гуманитар ёрдамга чекловлар қўйилган эди.

Тўртинчидан, жамият бўлиниб бўлганди. Шарқда, яъни курдлар кўпчиликни ташкил этадиган ҳудудлар ҳукумат назоратидан четда қолган, Сурия саҳроларида эса ИШИД гуруҳларининг қолдиқлари мавжуд эди. Уруш авжига чиққан пайтда тобора суриб чиқарилган жангари гуруҳлар учун шимоли-ғарбдаги Идлиб таянч нуқтасига айланганди. Хуллас, ушбу бўлинишлар можаронинг ўта тарқоқлик хусусиятини кўрсатар эди.

Бешинчидан, минтақада тинчликни ўрнатиш борасидаги халқаро музокараларнинг самарасизлиги. Ўйинчилар муроса кўчасини танлашдан кўра ўз манфаатларини биринчи ўринга қўярди. Минтақадаги маълум бир ҳудудни назоратдан чиқариш улар учун катта йўқотишдек гап эди. Башар Асад режими эса ҳокимиятдан воз кечишни ҳам, муросага келишни ҳам истамасди.


Ичкарида кимлар қолди?

АҚШ Суриядаги энергетика ресурсларини назорат қила бошлади ва бу орқали ўзининг Европадаги ҳамкорлари учун минтақада яхшигина кафил бўлишини билдирмоқда. Исроил эса Жўлан тепалигидан бошланиб, Ироқнинг шимолига қадар чўзилган “Довуд коридори” деб аталган лойиҳаси орқали нефт йўлагини ташкил этиш учун қулай шароитга эга бўлди. 

Кўпчилик ушбу урушда Россия кўп нарса йўқотганини таъкидлаб, буни унинг армияси Суриядан олиб чиқиб кетилаётганлиги билан изоҳлаган ҳолда мағлублар қаторига қўшмоқда. 

Таҳлилимизда умуман тилга олинмаган бир давлат бор – Қатар. Кичик ўйинчи сифатида Асад ҳокимиятининг қулатилишида исломий гуруҳларни қўллаган ҳолда зимдан иштирок этган Қатар ўз энергия ресурсларини Ғарбга етказиш учун муҳим коридорга эга бўлди.

Эроннинг минтақадаги манфаатлари майдони бироз кенгроқ бўлиб, нафақат Сурия, балки Ливан, Ироқ ва Яманни ҳам қамраб олган эди. Эрон томонидан қаттиқ қўллаб-қувватланган Башар Асад режими тугагач, Эроннинг “Шиа ҳилоли” лойиҳаси жиддий зарба еди. 

Мазкур можароларда Туркиянинг ўрни сал бошқачароқдек. Сабаби, улуш борасида маълум бир зиддиятлар юзага келиши табиий. Айтганимиздек, Туркия Сурияда курдларнинг “Халқ мудофааси отрядлари”нинг фаолиятини чеклаб қўйишдан манфаатдор бўлса, аксинча, АҚШ ва Исроилнинг минтақада “Курд коридори”ни тузиш режалари Туркия манфаатларига мутлақо зиддир. Шундай бўлса-да, Туркия ҳозирча муросага келгандек. 

Охир-оқибат ичкарида халқ яна қуруқ қўл билан қолмоқда. Чунки бошқа давлатлар ҳеч қачон Сурия халқи манфаатларидан келиб чиқиб иш кўрмаслиги аён. 


Эндшпиль

Давомий шахмат ўйинининг яна бир партияси ўз якунига етди. Рақиблар ўйин бошидаги каби бир-бирига қўл бериб, ўйин учун миннатдорлик билдиришади. Доналарни халтага солиб, шахмат тахтасини йиғиштириб хайрлашишади. Улар яна учрашишади, яна ўйнашади. Лекин шахмат тахтасини қаерда очишини биз билмаймиз. 

Шахматни асосан дўстлар ўйнашади, деган фикрдан келиб чиқсак, демак, минтақадаги “ўйинчилар” асло ютқазишмаган. 



Элёр ЎТБОСОВ

2024 йил 15 декабрь


"Ёшлар кундалиги" журналининг 10-12-сонидан олинди


Report Page