СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМИГА ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР ҚЎЙИЛГАН?

СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМИГА ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР ҚЎЙИЛГАН?


Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида судьялик корпусини шакллантириш борасида мутлақо янги тизим шакллантирилди.

Судьяликка номзодларни танлаш, тайинлаш “Судлар тўғисида”ги, “Ўзбекистон Респуб­ликаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, қонун билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғисида”ги низом, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламенти ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Амалдаги тартибга кўра судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади ва қуйидаги 3 босқич билан белгиланади:

1) судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш;

2) судьялик лавозимларига номзод­ларни тайёрлаш;

3) номзодни судьяликка тайинлаш.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига кириш учун қуйидаги тала­блар белгиланган:

Судьялик лавозимлари учун зарур билимга, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган юқори малакали юристлар орасидан ўттиз уч ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши лозим.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захи­расига киритилиш истагини билдирган шахс тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан Судьялар олий кенгашига бевосита ёки судьяларнинг тегишли малака ҳайъати орқали мурожаат қилиши мумкин.

Судьялар олий кенгаши томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахслар Кенгашнинг қарори билан судьялик лавозимла­рига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига киритилади.

Куйидаги шахслар судьялик лаво­зимларига тайинланадиган номзодлар захирасига киритилмайди:

  ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилганлар;

судьялик лавозимига муносиб эмаслиги туфайли захирага киритишни рад этиш ҳақида Кенгаш хулосаси қабул қилинганидан кейин бир йил ўтгунига қадар захирага киритиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганлар.

Амалдаги қонунчиликда судьялик лаво­зимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбеки­стон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт эканлиги белгиланган.

Захирага олинган номзод Олий мактабда белгиланган имтиҳондан ўтказилгандан сўнг, грант асосида судьялик лавозим­ларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқитилади.

Ўқиш даврида судьялик лавозимларига номзодларга судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллашни ривожлантириш, илмий-таҳлилий ва кре­атив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган дастур асосида таълим берилади.         

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахсларга бир йиллик ма­гистратура таълим дастури бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Судьялик лавозимларига фақат судья­лик лавозимларига номзодларни тайёр­лаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши мумкин бўлади.

Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ,

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар суди раиси.


Report Page