СУБҲИДАМ

СУБҲИДАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)


-7-


- Бўлди, етар ! Энди мени навбатим!

    Суюма ўрнидан туриб Фозилнинг қўлидаги "микрофон" ни олди, унга эса дастурхон атрофидан жой кўрсатди:

- Марҳамат , ҳазрати олийлари . Сиз хам шоҳона дастурхондан тановвул қилсангиз ...

   У Фозилни стол ёнига ўтирмагунча қўймади :


- Бўл тез, ўтир . "Бўш қоп тик турмайди" ахир.


      Фозил Суюмадаги бу дадилликка қараб анграйиб қолганди.

     Суюма энди синфдошларини тезлади:


- Қани Фозилни бир овқатлантирларинг-чи . Эсларингдан чиққан бўлса эслатиб қўяй. Фозил ўзга сайёралик эмас. Уям ҳаммамизга ўхшаган одам. Бу нима деганим биласанларми? Бу деганим Фозилниям қорни очади деганим.

   Суюма ҳали ҳамон ўзига ҳайратда боқиб турган Фозилга қараб кулгиси келиб кетди:

   - Бўл тез , ҳадемай танаффус тугайди. Бунақа оғзингни очиб ўтираверсанг оғзингга пашша кириб кетади .

    Барча синфдошлар энди Фозилга мулозамат кўрсата бошладилар .

     Суюма "микрофонни ушлаб" ўртадаги келин- куёвни "табриклай" бошлади :

- Азизлар , мен бугун яқин дугонам Дилнозахоннинг ҳаётидаги энг гўзал онларида унга табрик учун ўзим ёзган шеъримни тақдим қилмоқчиман.

Марҳамат , қабул қилинг .


Қуёш зар толасин қучганда олам,

Ҳар гулда , гиёҳда роз айтса шабнам,

Келса интизорим нурли субҳидам,

Мен бахтли бўламан - мана кўрасиз ...


Отажоним берганда фотиҳасин оқ ,

Мунисам онамнинг қилиб кўнглин чоғ,

Ҳуркак бу дилимда қолмасдан бир доғ,

Мен бахтли бўламан - мана кўрасиз ...


Гўзал эртакларим бўлса ижобат,

Умидим бахт куйин чалсин изожат,

Оппоқ орзулар қўлим тутганда албат ,

Мен бахтли бўламан - мана кўрасиз ...


    Суюма "шеър тамом" дегандек синфдошларига қаради.

   Синфга жим- житлик чўкканди. Аммо ҳар галдагидек уни Фозилнинг овози бузди :


- Суюма , "субҳидам" дегани нима ? Ажойиб эшитиларкан...

   Фозилнинг овози жиддий эди .


- Субҳидам дегани ... Тонг ёришишни бошлаган пайт субҳидам дейилади. Бошқача айтганда - тонготар ...


- Ҳммм ... Мен ҳам бу пайтни жуда яхши кўраман. Мен уйимиздаги болахонага жойлашиб олганман. У ердан қуёшнинг чиқиши роса чиройли кўринади. Қоп-қоронғи зулматни ҳайдаган қуёш нури остида дарахтлар , бинолар , кўчалар ... барчаси гўёки қайтадан дунёга келгандек бўлади ...

   Фозил бу таҳлит ўйчан тарзда кўрмаган синфдошлар ғалати аҳволга тушиб қолган эдилар.

     Уларнинг хаёлларини синф хонаси эшигининг тақиллагани бузди . Эшикнинг у тарафидан қиз боланинг "Дилнозаааа! " деб чақиргани эшитилди. Дилноза ҳам дик этиб ўрнидан туриб ташқарига интилди.

     Фозил аввалги ҳолига қайтганди :


- Уффф , келин деганам шунақа бўладими ? Озгина шарм- ҳаё , келинлик назокати деган матоҳлар бўлгучи эди . Буни қаранг , лик- лик , лик - лик . Тоже мне...

      Йў бу хонадан Дилноз нормальни келин бўлиб чиқади , ё ман тўғри жиннихонага кетаман...

    Йўғей , ўзи асрасин ...

Фозил машҳур фильмлардаги сўзлардан ҳам унумли фойдалана оларди .

     Дилноза ташқарида кўп қолиб кетмади . У қўлида аллақандай дафтар билан қайтиб келди ва уни папкасига жойлар экан , синфга эълон қилди:

- Бу ёғига дарс бўлмас экан . Равшан ака бошқа мактабга семинарга кетибдилар . Бизга қараб туриш учун бўш ўқитувчи йўқ экан. Так што , всем жавоб ...

   - Эссиз , бугун ман роса тайёрланиб келувдим, ўзи шунақа акс бўлади ҳар доим

      Барнонинг кайфияти тушди . Унга Наима ва Зулхумор ҳам қўшилишди .

- Биз ҳам ...

- Гапниям оласанлар- де . Нима шу ўқиганларинг икки кунда эсларингдан чиқиб қоладими ? Қайтага янада яхшироқ тайёрланиб оласанлар.

     Фозил уларни овутган бўлди .

    - Эссизгина шу ҳақда бояроқ айтишмайдими ? Кийимларимизни алмаштирмасдик , спорт залда қолаверардик . Бешинчи соат "А" ларда дарс эди , бир ташашардик- а ?

     Ғайратнинг гапини Фазлиддин қўлламади :

     - Ундан кўра уйга сирпандик . Қиламан десанг уйдаям иш кўп . Мен кечки пайт репиторга боришим керак . Қани кетдикми , бўлмаса ?!

     Шу пайт яна Фозил ўртага чиқди :

- Ўв , Фозил аканг ўргилсинлар ! Санларнинг ишларинг бугунга ҳали битгани йўқ . Бундоқ ўйлаб кўрларинг- чи , бир нималар эсларингдан чиқмадимикан мабодо ? !

      Синфдошлар бари

@Xazon_Rezgi

#СУБҲИДАМ

-8-


ҳайрон бўлиб Фозилга тикилишди:


- Нима эсимиздан чиқибди ?


- Ҳақиқатдан ҳеч нарсани эслолмаяпсанларми ?!


- Йўўўқққ, ўзинг эслатвор ...


     Фозилни авзои бузилди . Уни жаҳли унча-мунчага чиқмасди . Аммо ҳозир ..

- Қойилман , беш баҳо санларга...

Дилафрўз икки кундан бери дарсга келмайди . Бирортамиз унга нима бўлдийкин деб ўйлаб ҳам кўрмадик .

    Фозилнинг сўзини Барно шарт бўлди :


- Қизлар дарсдан кейин бирров кириб ўтмоқчийдик , хабар олишга . Бугун . Дарсдан кейин. Шунақа режамиз бор эди ...


- Йигитларчи ? Нима Дилафрўз йигитларга синфдош эмасми ?! Бўлди , ортиқча гапни йиғиштирайлик , отлан ҳамманг ...

    Қуёшжон ! Етар, куёв эканман деб тўрда ялпайиб ўтираверма . Ўзинг қўл- оёғи чаққон боласанку, зипиллаб магазинга бориб тўртта нон билан майда - чуйда қиб келсанг.

    Фозил чўнтагини кавлашга тушганида синфдаги йигитлар уни тўхтатди :

- Тўхта , пулни ҳаммамиз ташлаймиз .

Фозил жилмайди :

- Гапни сарасини айтганда қутлуғ уйга қуруқ бориш уят . Аммо лекин борганда дастурхонга қўлларингни чўзиб мани уялтирмаларинг . Қизлага ўхшаб "қорним тўўўқ" деб роль ўйнасаларинг яна ҳам яхши.

Гапимни тушундиларингми ?!


- Фозил , чой узатишса ичсак майлими ? ,- Шавкат Фозилга тегишди .


- Майли окаси . Лекин униям ярмини ичма. Бир хўплам ичсанг етади.


- Сан етади десанг демак етади . Аммо бизни Тошкентда ўзи чойни бир хўплам қуйишадику , айниқса меҳмонларга ...


- Шовкат , оғайни , намунча чойсирадинг?! Нима бизлардан беркитиб қази еганмисан ? Бўпти санга шу сафар руҳсат. Қанча чой ичсанг шунча ич. Бўккунингча ич. Ёрилиб ўл ... ма !

  Кетдик ... Кўп гап Шовкатга юк бўлмасин .

   Хамма эшикка отланди .

     Дилноза Суюманинг енгидан тортиб қолди . Улар охирида синфдан чиқадиган бўлишди.


- Суюма "Б" даги Назира сенга Козимдан хат ташлаб кетди .


    Суюма Дилнозанинг қўлида бояги дафтарни кўрди. У энсаси қотганини яширмади :


- Эээээ , қўйсанг-чи .


Дилноза гап келса ҳеч кимни аямайдиган хилидан эди :


- Юрагинг тўкилмай қўяқолсин , бу севги мактубимас. Козим сендан кечирим сўраб ёзибди буни .


    Суюма бироз ўйланди , Мактубда нималар ёзилгани унга ҳам қизиқ туюлди . Қўлини дафтарга чўзди :


- Майли бер, фақат уйда ўқийман ... Юр боллардан қолиб кетмайлик...


    Суюма ва Азиза хонадан илдамлаб чиқиб кетишди .


   Дилафрўзнинг синфда ўз ўрни бор эди . У жуда тиришқоқ, зеҳнли ва чиройи бир олам бўлган қиз эди. Аслида бу синфдаги қизларнинг ҳаммаси ҳам атайлаб йиғилгандек гўзал қизлар эдилар. Хаттоки гавдали ва дуркунгина Дилнозанинг ҳам ҳусни ўзига етгунчалик эди .

    Машҳур ижодкор " Ўн саккизга кирган қизнинг хунуги бўлмайди" деб хунук қизлар, уларни овутиш ҳақида айтган бўлса керак . Аммо 11-"В" нинг қизлари бундай далдага сира ҳам мужтож эмас эдилар, чунончи Дилафрўз ҳам .

    Дилафрўз жуда ёшлигидан шифокор бўламан дер эди. Уларнинг оиласидан эса бирон марта шифокорлар чиқмаган экан. Ўқитувчилар сулоласи бўлмиш бу оиланинг бекаси Салима опа ҳам мактабда меҳнат фанидан дарс берар эдилар. Улар қизлари Дилафрўзни ўзлари каби ўқитувчи бўлишини истаганлари ва шифокорлик жуда ҳам маъсулиятни касб эканлигини ҳис қилганликлари учун қизларини бу орзусидан қайтаришга кўп урингандилар. Аммо Дилафрўз аҳдидан, орзусидан қайтмади . У ўз ниятида қатъий туриб олди :

"Фақат шифокор бўламан!" .

   Она ўз номи билан она ! Салима опа Дилафрўзнинг шижоатига , қарорига ахири тан бергач , унга энг яқин кишиси сифатида ёрдам қўлини чўздилар . Улар Дилафрўз ўнинчи синфга ўтганида шаҳар касалхонасида ишлайдиган яқин дугоналаридан илтимос қилиб Дилафрўзни "кўзи пишсин учун" ўша ерга "санитарка" қилиб норасман ишга жойлаб қўйган эдилар. Дилафрўз баъзан тушдан кейин, асосан эса шанба дарс тугаганидан бошлаб, якшанба кун бўйи вақтини касалхонада ўтказарди. У барча ишларни оғринмай қилар, айниқса операциядан чиққан беморларнинг бошида соатлаб парвона бўлар эди. У дастлабки ишга кирган кунлари касалхонада анча қийналганини ўзи яхши эсларди. Айниқса операция хонасидаги , столидаги қонларни ювиб - тозалаганда кўнгли жуда беҳузур бўлар , аммо ортга чекинишни

@Xazon_Rezgi

​​#СУБҲИДАМ

-9-


асло хаёлига келтирмасди.

   Бироқ бу сафар ...

   Ўтган куни якшанба эди . Касалхонага шошилинч яқин тумандаги фермадан бир ишчини келтириб қолишди. Вазият жуда оғир ва қалтис эди . У ишчи молларга ем- хашакни чопиб- майдалаб беришга мослашган бир электр ускунани токдан узиб қўйиб таъмирлаётган экан . Унинг бу ишидан бехабар иккинчи ишчи нариги хонадан туриб ... электр токини тармоққа улаб юборади . Қўққисдан ишга тушиб кетган ускуна уни таъмирлаётган йигитни ўткир пичоқлари ёрдамида бир қўлини панжасидан , иккинсисини деярли елкасидан ... узиб юборади .

      Фермадагилар ҳай- ҳайлашиб йигитни унинг танасида терисигина уланиб ётган қўллари билан шифохонага етказиб келишади . Аммо қўлларни сақлаб қолишнинг умуман иложи бўлмайди. Шифокорлар жуда кўп қон йўқотган йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишганлигига ҳам минг бор шукр қилишади . Улар ўша куни якшанбалигини , касалхонада бошқа санитарлар қатори Дилафрўз борлигини эслайдиган аҳволда эмасдилар . Дилафрўз эса ҳар доимги одатини қилиб операциядан кейин ўша хонани тозалашга киришади . У операция столи ёнидаги жиҳозлар учун ажратилган кичик столчани йиғиштираётиб , усти ёпиб қўйилган қон юқи алланарсага кўзи тушади ва сарандомлаш мақсадида уни бетидаги матони очиб ...

        Ҳушидан кетган Дилафрўз ён палатада кўзини очади . Тепасида эса бош шифокордан роса гап эшитган бир гуруҳ ҳодимларнинг иззиллаб турганига кўзи тушади .

Шунақа гаплар ...


     Дилафрўзни кўришга келган синфдошлар унинг ҳикоясини эшитиб жунжикиб кетишди.

- Дилафрўз , юракданам бор- де санда. Ман роса қондан қўрқаман ...

        Марҳабо ичидаги ўйларини очиқ айтишдан истиҳола қилмади . Унга яна бир гуруҳ қизлар қўшилди :" Мен ҳам , мен ҳам"

         Дилафрўз синиқ кулимсиради . Хушрўй чеҳраси янада гўзаллашиб кетди .

- Мен инсонларнинг дардига малҳам бўлишни истайман. Уларнинг "Барака топ , қизим. Сенга тарбия берган ота - онангга минг раҳмат "дейишларини ҳоҳлайман. Тушларимдаям кимларнингдир пешонасини нам сочиқ билан артиб, кимларнингдир қўлларини силаб ўтирган бўламан.

       Дилафрўз хўрсинди.

     Шу топ Суюмага ўзига - ўзи гапиргандек сўзлай бошлади:

- Мени орзум журналист бўлиш . Кўпчилик мени ўқитувчи бўлса керак деб ўйлайди. Аммо мен мактабни битиргач , журналистикага топшираман. Миллийга . Аслида менинг орзум Дилафрўзники билан бир хил экан. Мен ҳам шифокор бўламан. Фақат инсон руҳининг шифокори. Ширин сўзим , қаламимнинг далдаси билан жонларга малҳам улашиш истагидаман. Мен инсонлар орасида юриб уларнинг ғам- ташвишларини бахт- иқболга , умидга айлантиришни истайман...

       Суюма жим бўлиб қолди.


Аҳмаднинг шу топда қитмирлиги тутди :

- Биз ҳам ким бўлишимизни айтайликни ё уйга кетаверайликми ?

      Дилафрўз дарҳол эътироз билдирди :

- Ўзи энди келдиларингку, ҳозир синглим гўштли пирог олиб келади . Деярли пишди.

     Ҳамма дарҳол Фозилга қаради ва шоша пиша :

- Қорнимиз тўқ - дейишда ва кулиб юборишди.

     Фозил ҳам бўш келмади :

- Булар фақат чой ичиши мумкин, чунки ҳаммаси бири - биридан одобли . Одоблилар эса очкўз бўлмайди.

    Дилафрўз уларга қўшилиб кулар, синиқиб кетган юзларига аста қон югура бошлаган эди .


      Суюма яхши кайфият билан уйга қайтди. Козимнинг хати кечқурун уй вазифаларини тайёрлаш учун папкасини очгандагина ёдига тушди. У Дилноза берган дафтарни варақлаганда ичидан икки варақ алоҳида қоғоз чиқди . Унда чиройли ҳусниҳат билан қуйидагилар ёзилган эди:

 

- Суюма . Мен бу хатни ёзишимдан мақсад сендан кечирим сўраш эмас. Мен ахир ...

#давоми_бор


Муаллиф :   Хазонрезги


Канал манзили👇


@Xazon_Rezgi



Report Page