СУБҲИДАМ

СУБҲИДАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)

-4-


    У ҳамон ўзини боса олмас, иккала қўллари мушт бўлиб тугилган, кўзларидан ўт чақнар эди.

       Директор ўринбосари Жўра ака жуда қатъиятли ва жаҳлдор инсон эди. Шу туфайли у мактаб коридорида кўриниши билан барча ўқувчилар , айниқса йигитчалар гўёки "честь" бериб қолишарди. У ҳар душанба куни қўлида қайчи билан синфхоналарини айланар , сочи салгина ўсган йигитларни сочларини аямай бир пиёла кенглигида дуч келган жойидан тақаб қирқиб ташлар эди. Сочлари чеккароқдан кесилганлар "бахтларидан ўргилиб" сартарошхонада амаллаб формага солиб олсалар, қоқ марказдан қирқиб ташланганларникини сартарош ҳам эвини қилолмай, калга олишдан бошқа илож тополмас эди . Бу воқеа Жўра аканинг "ижоди"дан бир шингил эди .

Айнан Жўра ака туфайли икки мингдан ортиқ ўқувчиси бор мактабда интизом темирдек мустаҳкам эди .

     Аммо шу топда Фозилдаги туғённи ҳатто Жўра ака хам боса олмади.


 - Нима бўлди ?


Жўра аканинг овози таҳдидли янгради .


- Иммм


Жўра ака шундагина қорнини чангаллаб букчайиб полда ғужанак бўлиб ётган "Б" синфидаги Козимга кўзи тушди


- Нима бўлди ?


Жўра аканинг овози бутун залга ёйилди. Унинг қўлидаги темир чизғични кўрган ўқувчилар кўзлари ола-кула бўлганча ўзларини четга олдилар . Чизғич ўз вазифасига ҳиёнат қилмади. У визиллаб Фозилнинг елкасига тушди. Фозил шу туришдаям қилт этмади. Аммо бу холатга Фазлиддин чидаб тура олмади :


- Устоз , Фозилда айб йўқ ...


Жўра ака Фазлиддинга ўгирилди. Фазлиддин ўктам нигоҳини Жўра акадан олиб қочмади.


- Устоз , жанжалнинг сабабини алоҳида хонада йигитлар орасида ҳал қилсак. Бу ишкалнинг сабабини ҳамманинг орасида ҳал қилиб бўлмайди.


Жўра ака ниманидир тушунгандек бўлди . Индамай ўн беш чоғли йигитни, жумладан Козимни ҳам икки синфдошига суянтириб етаклаб олиб чиқиб кетди.

     Байрам "байрам" бўлди . Мактаб тарихида Суюманинг рақси илк бор ярим чала ижро этилди .

    Тадбир тугагач, барча кўчага чиққанида , боя Жўра ака етаклаб чиқиб кетган ўқувчиларни файеда тизилиб турганлигига гувоҳ бўлишди. Уларнинг орасида Козим билан Фозил кўринмасди.

     Дилноза дарров разведкага шўнғиди . Зум ўтмай барчани "сўнгги хабарлар"дан хабардор қилди:

- Козимни дўхтирга олиб кетишибди, Фозил уйига кетибди , кийимларига қон сачраб кетганлиги учун .


- Ўзи нима бўлибди ? Жанжал нимадан чиқибди ?!


     Дилноза беписанд қўл силтади :


- Ўввв, фаросатларингга кўйдирги чиққанми санларни ? Товба ! Жанжал нимадан чиқиши мумкин , ахир ? Саҳнада Суюма рақс тушса- ю , бу ёқда тўпалонга дўппи кийдирилса ! Канешна , Суюмани деб чиққан-де ишкал . Ха хамменг менга қараб бўзраясан . Худди ўликка ўсма қўйганга ўхшаб, довдирайсан- Дилноза ўзига ҳамон ҳайрат нигохи билан боқиб турган синфдошларига қараб биқнади ,-

Уффф , нега етиб бормиди- я буларга . Эй, галварслар ! Козимшер Суюма ҳақида нимадир дегандир- де . Шу Фозилники қўзибди- ми , демак унақа бунақа гап этмагандир-ов .

     Дилноза шу сўзларни айта туриб қаршиси турган Марҳабога кўзи тушди . Марҳабо унга "ортингга қара" дегандек им қоқарди. Дилноза шарт ўгирулди- ю, кўзи деворга суяниб турган Суюмани кўрди. Суюманинг ранги девордек оқариб кетган эди . У синфдаги қизларнинг ҳаммаси ўзига қараб турганлигини кўриб , беҳол шивирлади:


- Шарманда бўлдим ... Адамларга нима дейман энди...


     Эртаси куни мактаб етакчиси Сурайё учинчи соатдаги тарих дарсидан Фозил ва Суюмани директор ҳузврига чақириб кетди. Синфдошларни бир савол қийнаб қолди:


- Фозил - ку майлия , аммо Суюма нима учун ?

  Бу савол Суюманинг ўзини ҳам ташвишга солиб қўйганди. Айниқса гавдали ва салобатли мактаб директори Шариф аканинг қаршисида туриши, яна мана бундай ўзи емаган сомсаси учун пул тўлаган ҳолда ...

   Суюма Сурайё ва Фозилга эргашиб кетар экан , бўлиб ўтган ишларда синфдошидан ўпкаланарди: "Эҳ Фозил , сенга нима эди-я , оғримаган бошингни оғритиб . Яна ўртага мен бесабаб тушганим-чи ? Бутун мактабга "донғим" чиқадиган бўлди. Дадам неччи марта айтар эдилар- а , "онаш , кимнинг қизилигингни унутма " деб " 

       Фозил эса чурқ этмай борар , Суюма томонга бир назар ташлаб қўяй ҳам демасди.

@Xazon_Rezgi

#СУБҲИДАМ

-5-


Кечаги муштлашиш Фозилнинг юзида ўзининг аянчли имзосини қолдирибди. Лаблари шишиб , кўк- бинафша рангга кирибди.ўнг яноғидан яхшигина мушт еган шекилли, кўзигача ёпиб қўяй деган моматалоқ манаман деб керилиб турибди. Бўйнидаям худди йўлбарс тимдалагандек учли тирноқ излари бор.

"Роса оғригандир, - Суюма Фозилнинг жароҳатларига кўзини бир қур ташлади- ю ,- четга қаради,- бунақа аҳволда кечаси қанақа ухладийкан? "

      Улар иккинчи қаватдан биринчи қаватдаги директор хонасига етиб келишгунча Суюма Фозилдан хафа бўлишгаям, ачинишгаям улгурди.

      Директор хонасининг эшиги очилиб ичкарига таклиф қилинишгач , Суюманинг кўзларидан олов чиқиб кетди.

      Хонада директор, Жўра ака , Козимдан ташқари , Козимнинг отаси ва Фозилнинг онаси ҳам бор эдилар.

      Фозил ҳам онасини бу учратаман деб ўйламаган шекилли бир пастда тарвузи қўлтиғидан тушган киши ҳолига тушди.

      Суюма Козимнинг отасини танир эди, аммо Фозилнинг онасини биринчи бор кўриб туриши эди. Юз- кўзлари нурли , аммо ҳаёт қаддини эгиб қўйганлиги билиниб турган ҳокисоргина аёлнинг Фозилнинг онаси эканлигини ҳам сал ўтмай суҳбат чоғида билиб олди . 

     Яна бир бор салом - аликдан сўнг Жўра ака сўзлай бошлади. Афтидан у воқеани айта бошлаган экан шекилли , сўзлари кечаги воқеанинг давоми ҳақида эди :


- Хуллас , Козимни шифокорга олиб боргунча нима дейман деб бўларим бўлди. Агар барчасини рўйи- рост айтадиган бўлсам , Фозилни оёғини ерга теккизмай ички ишлар бўлимига жўнатишарди. Мен шундан қўрқдим . Ёшгина бошига бу бир бало бўлиб , ҳаёти жувонмарг бўлиб кетмасин дедим. Шунинг учун Козим жисмоний тарбия дарсида машқ бажараман деб брусдан йиғилиб тушди дедим. Мана бор гап шу . Энди нима қарорга келсанглар , мен ўша қарорингизни ҳурмат қиламан. Агар барча гапни рўйи- рост айтиш зарур десангиз , кечаги айбимни бўйнимга олиб ...


    Шу пайт Фозилнинг онаси милт- милт йиғлаб юборди :


- Болам , болагинам... Бу нима қилиқ ... Сани шу умидда катта қиляптувмидик , ўзи ...


    Аёлнинг "дод" деб юборишдан ўзини зўрға босиб тургани бўғиқ , инграган овозидан сезилди :


- Ўзи отангни дарди каммиди менга ?! Иммм ....


Шу пайт Козимнинг дадаси ўзини босиб туролмади :


- Бўлди , йиғламанг янга ! Бу жинқарчаларнинг қилган иши сизнинг бир томчи кўз ёшингизга арзимайди. Ман ўз ўғлимни назарда тутиб айтяпман.

      Аввалоси, бировнинг гулдек қизи ҳақида ҳақоратомуз гап гапиришга хеч кимнинг ҳаққи йўқ . ( У Фозилга юзланди) . Маладес бола! Эркакнинг ишини қибсан . Бундан кейин Козим яна шунақа гап гапирадиган бўлса , мани мактабга чақириб ўтирманглар . Шартта мелиса чақириб берворинглар . ( У Суюмага юзланди). Аммо бу қизимни бекор бу ерга чақирибсизлар . Бечорани айби манави "тўнғиз"га маданият улашганидами ? Она қизим , унинг учун ман сандан кечирим сўрайман. Шаънингга бўлар - бўлмас гап айтган манови "эшшак" учун мени кечир. Шундай болани тарбиялаган мен нодонни кечир. Иш , иш деб югураверибман- у , шу болам яхши есин , яхши ичсин, яхши кийсин дебман- у , аммо тарбиясини бўш қўйибман .

     Козимни отаси яна Фозилнинг онасига юзланди:

- Аммо янга бир гапни нотўғри гапирдингиз. Бу йигитни отаси Зокир акамни айтаман-да . Шундай инсонларнинг борига шукр . Шундайлар бор бу дунёнинг адолати бор . Шундайлар бор ҳали бери қиёмат бўлмайди, чунки улар тиргак инсонлар . Агар ногаҳоний осмон бошимизга қулаб кетиши мумкин бўлса , шундай инсонлар унинг тиргаги бўлиб бизни ҳар қайси балолардан сақлаб қолишади .

    Узр , бироз қизишиб кетдим . Окамга саломимни етказиб қўйинг . Фаттоҳхон укангиз салом дедилар денг. Вақт топиб бир бафуржа суҳбатларини олгани бораман.


     Козимни отаси Фозилга қаради :

- Яшавор , ота ўғил. Отангни худди ўзи бўлибсан- да ! Аммо манаби Шербачча яна бир нимани бошласа янаги сафар аямай ур , токи одам бўлмагунча .

    - Шариф ака, Жўра ака! Мен масалага ўз муносабатимни билдирдим. Бу ёғи сизларга ҳавола . Ана Козим . Нима қарорга келсанглар ман фақат за ! Шунақа ўзига жавоб беролмай қолса хоҳлаган пайтингиз милицияга топширворинглар . Ғиқ этсам, одаммасман .

     У қўлини кўксига қўйиб узр

@Xazon_Rezgi

#​​СУБҲИДАМ


-6-


сўраган бўлди :


- Менга энди руҳсат . Соат ўн иккида йиғилишим бор эди. Ижозатингиз билан .


     Фаттоҳхон ака чиқиб кетар экан Фозилга яна бир бор меҳр билан тикилди :

- Зокир акамга салом айтиш сенга ҳам омонат . Бўш келма .


* * *

    Бу сафар ортга Суюма билан Фозил бирга қайтишди. Бирон гап - сўзсиз . Улар синфга кириб боришлари билан дарс тугаганини билдириб қўнғироқ чалинди . Ўқитувчи хонани тарк этсада , синфдошлар ўрниларидан қилт этмай ўтиравердилар . Улар Фозил ва Суюманинг изоҳини кутар эдилар . 

     Фозил шошилмай орқа партадаги жойига етиб олди. Тезда "микрофон"ни қўлига олиб эълон қилди :

   - Аҳли жамоа ! Маълумингизким , тўртинчи соат жисмоний тарбия дарси . Ҳали бориб кийим алмаштиришга улгуришингиз керак .

Ҳа айтгандек , бугун Тўравой амаким орзуларига етишган кун . Қуёшжонни тўйи !

Эсингиздан чиқмасин !


Фозил портфелини қучоқлаб қўшиқ куйлаганча йўлга тушди :

- Қуёш нуринг сочавер мўл- мўл ,

 Баҳор кетма бизнинг бошлардан...


   Бутун синф кўтаринки кайфиятда Фозилга эргашди.

      Спорт залида Суюма Дилнозани четга тортди :


- Дилноз , битта нарса сўрамоқчийдим


     Дилноза шаддодлик билан эркаланди :


- Веееей , биттамас , мингта нарса сўра


    Суюма жилмайди :

- Йўқ , манга ўша битта нарса керак. Айтгинчи , Фозилни отасига нима бўлган ? Қанақа инсон улар ?! Боя ...

   

       Суюма Дилноза қисқача қилиб Козимнинг отасининг сал аввал гапирган сўзларини етказди.

     Дилнозанинг зумда кайфияти ўзгарди . У ҳар кунги Дилнозага ўхшамай қолганди:

- Зокир амаким , жуда зўр уста эдилар . Машина тузатардилар. Ишлари сифатли бўлганлиги учун мижозлари ҳам етарлича эди . Улар энг арзон машинадан тортиб энг қимматиниям тузатиб кетаверар, сира одам ажратмасдилар . Бир яқин дўстлари билан каттагина устахона очгандилар. Фозилнинг икки опаси бор . Фотима- Зуҳра . Кейин Фозил . Фозилдан сўнг яна уч ўғил. Хуллас олти нафар фарзандни Зокир амаким оқ ювиб , оқ тараб , ҳалол меҳнатнинг ортидан катта қилишади.

      Бир куни Зокир амаким ярим кечада ишдан қайтаётган бўладилар. Бирдан кўчада бир қизни ўртага олиб хўрлаётган тўртта безорига дуч келиб қоладилар. Амаким шартта машиналарини тўхтатиб , қизга ёрдамга ошиқадилар.  

      Безорилар қараса уларга кучи етмайдиган . Шунда улардан бири амакимга ортдан пичоқ санчади. Амаким ўша ерда ҳушларини йўқотадилар . Орадан бир мунча муддат ўтгач амакимни ўша ерда яшовчи яхши одамлар ҳушсиз топиб олиб шифохонага олиб боришади. Пичоқ зарби ўнг тарафдаги буйракларини ишдан чиқарган экан. Ўша воқеа туфайли амаким битта буйракларидан ажралиб , ярим жон бўлиб қолганлар . Оғир иш қилолмайдилар . Яна нима сабаблигини билмайман- у , улар фақат қўлтиқтаёқда юра оладилар. Шундаям узоққа эмас.

     Кўп ўтмай безорилар ушланган. Аммо... Энг алам қиладигани шундаки, тўрт йигит орасидаги ўша қиз ...ҳам уларнинг шериги экан. Улар шундай саҳна кўринишлари уюштириб , талончилик орқасидан бойиш ҳаракатидаги ... хуллас ўшнақалар экан...


       Суюмага ҳозирги эшитганлари қаттиқ таъсир этганди. У ҳаммага тинчлик бермайдиган Дилнозанинг нима учун Фозилга келганда индамаслигини , яна келин ролини ҳам бажонидил ўйнаб беришини тушунгандай бўлди .

    - Фозил дадаси ишлайдиган ўша устахонада дарсдан кейин ишлайди. Ҳар хил ишларни бажаради . Машина тузатишга анча қўли келиб қолган ... Шунинг учун у яхши ўқий олмайди. Еттинчи синфгача синфда унинг олдига тушадиган аълочи бўлмаган, яъни амакимнинг бошларига бу ташвиш тушмагунига қадар .

     Суюма бугун Фозилни қайтадан таниган эди . У жон - жаҳди баскетбол тўпини саватчага туширишга уринаётган Фозилга қараганида нигоҳларида чуқур эҳтиром бор эди.

      Жисмоний тарбия дарси тўртинчи соатда бўлганда ўқувчиларга кийимларини алмаштиришга дарсдан беш дақиқа олдин жавоб бериларди.

      Шу сабабли "В" чилар кейинги дарс учун вақтида ҳуқуқ хонасига йиғилдилар. Фозил одатига хиёнат қилмади. Тўравой амакининг неча йиллардан бери энди етишган орзусини чиройли қилиб таърифлаб турганда , Суюма унинг сўзларини шарт кесди...


#давоми_бор


Муаллиф : Хазонрезги


Каналга уланиш 👇:

@Xazon_Rezgi

Report Page