СУҲБАТ

СУҲБАТ

Анвар Алламбергенов
Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ - 1991 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида туғилган. Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган. Зомин семинари иштирокчиси. Ҳозирда ЎзРФА ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти докторанти.

АДАБИЙ ДЎСТЛИК - АБАДИЙ ДЎСТЛИК

Кристофер Форт, америкалик тадқиқотчи. 2009 йилда илк бора ўзбек тилидан дарс ола бошлаган Кристоферда она тилимиз ва адабиётимизни ўрганишга кучли қизиқиш уйғонган. 2015-2016 йиллари Тошкент шаҳрида Фулбрайт гранти ёрдами билан диссертация иши учун Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Давлат архивида тадқиқотлар ўтказган. Шу давр мобайнида у ўзбек адибларининг ижод намуналари билан танишиб асарларини инглиз ва рус тилларига ўгира бошлаган. Кристофер томонидан Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилиши ўзбек адабиёти ютуқларидан бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ушбу суҳбатимиз ўзбек тилининг америкалик шайдоси ва тадқиқотчиси Кристофер Форт билан бўлди.


А.Алламбергенов: -Жаноб Кристофер, бугунги тезкор тус олган бир замонда биз билан суҳбат қуришга фурсат топганингиз учун сизга катта раҳмат. Дастлабки саволим шундан иборатки, сиз 2009 йилдан ўзбек тилини ўрганишга киришгансиз, ўзбек тили ва адабиёти қайси жиҳатлари билан сизни ўзига тортди?

 К.Форт: -Ўзбек тилининг мени ўзига тортган фазилатлари асосан уни ўрганиш машаққатларидадир. Биламанки, халқаро рейтинглар ва олимлар томонидан аниқланган тилларни ўрганиш қийинчилиги рўйхатига кўра ўзбек тили инглиззабонлар учун энг қийин тил эмас, аммо тил ўрганиш қийинчилиги кишининг она тили қайси тил эканлигидамас, балки ўша кишининг фикрлашидадир. Мен эса осонлик билан рус тилини ўргандим, чунки рус тилида гапнинг тузилиши мантиқий фикрлашни талаб қилади. Русчада ҳар қайси сўзнинг морфологиясида туркуми кўринади, яъни сўзнинг тугалланмаси шу сўзнинг равиш, сифат, от ё феъл эканини кўрсатади. Бунинг устига русчадаги келишиклар сўзларнинг ўзаро мослашувига олиб келади. Масалан, феълда “-ся” тугалланмаси бўлса, ҳоллар аксариятида тушум келишиги бўлмайди. Шундай қоидалар ўзбекчада ҳам бор (феъл ўтимсиз бўлса “-ни” қўшимчаси бўлмайди), аммо ўзбек тилининг синтаксиси рус тилиникидан фарқли ўлароқ келишиклар томонидан бошқарилмайди. Ўзбекчада гапда сўзлар тартиби ниҳоятда муҳим ва бу сўзлар тартиби инглиз тилиникидан жуда фарқ қилади. Инглиз тилида ҳам, рус тилида ҳам эргаш гап ҳар доим таянч сўздан кейин қўйилади, ўзбек тилида эса таянч сўз аввал қўйилади. Шу сабабли, ўзбекчада гапириш учун инглиззабон тескари тартибда фикрлаши керак. Инглиз тили сўз тартибисиз ўзбек тилини ўрганиш менга анча қийинчилик туғдирган бўларди, аммо айнан шунинг учун ўзбекчани севиб қолдим.

Мени ўзига тортган тил ўрганиш машаққатларидан ташқари ўзбек адабиётини ўқий бошлаган пайтимда она тилингизнинг қизиқарли бошқа фазилатларини ҳам кашф этдим. Ўзбек китобхонидан фарқли ўлароқ адабиётингизга ошуфталигим Алишер Навоийдан эмас, балки Ойбек асарлари мутолаасидан бошланган. 2009 йилда адибнинг “Қутлуғ қон” асарини ўқий бошладим ва унда социалистик реализм хусусиятлари билан ўзбек ва Шарқ адабиёти мотивлари уйғунлаштирилгани ёқиб қолди. Шунга ўхшаш адабиётшунослик масалалари ечимига интилишим билан ўзбек адабиётшуноси сифатидаги карьерам бошланди.


А.Алламбергенов: 2015-2016 йиллари Фулбрайт ва Вайсер гранти ёрдамида Ўзбекистонда илмий тадқиқот ишларини олиб боришга муваффақ бўлдингиз. Шу грантлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?


К.Форт: -Неолиберализм— яъни, социализм ўлгач пайдо бўлиб, ҳар бир корхона хусусий бўлиши керак, деган тамойилга амал қиладиган дунёвий капиталистик тафаккур натижасида АҚШ ва Европа мамлакатларининг бошқа мамлакатлар маданиятлари ва тарихларини ўрганиш учун берадиган грантлари камайиб кетган. Илгари кўп грантлар бўлган, мен Ўзбекистонга боришни ният қилган пайтимда фақат бир нечаси қолганди холос. Аммо Фулбрайт гранти ҳали борлигидан жуда хурсандман, чунки унинг ёрдамисиз Ўзбекистонга кела олмасдим. Фулбрайт программасига АҚШ давлат департаменти (Ўзбекистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги эквиваленти) раҳбарлик қилади ва унинг ёрдами билан АҚШ талабалари, олимлари, санъаткорлари ва инглиз тили ўқитувчилари бошқа мамлакатларга илмий тадқиқотлар олиб бориш учун жўнатилади ва бошқа мамлакатлардан уларга ўхшаш шахслар АҚШга юборилади. Афсуски, Ўзбекистон Фулбрайт орқали талабалар ва инглиз тили ўқитувчиларини кам қабул қилади, аммо кейинги вақтларда бу аҳвол ўзгаряпти. 2005-2015 йиллар мобайнида фақат бир нафаргина талаба Фулбрайт гранти ёрдами билан Ўзбекистонга келган бўлса, мендан сўнг камида икки нафар Фулбрайт талабаси Ўзбекистонда таҳсил олган.

Вайсер гранти Фулбрайтга қараганда кичикроқ. Бу менинг, яъни Мичиган университетининг ўз талабалари ва профессорларига берадиган грантидир. У асосан Европа ва МДҲ мамлакатларида тадқиқот олиб бормоқчи бўлган толиби илмларга берилади. Мен Ўзбекистонда бўлган пайтимда Вайсер гранти Фулбрайт гранти қопламаган харажатларни тўлашга ёрдам берди. 


А.Алламбергенов: -ХХ аср адабиёти бўйича Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва давлат архивида тадқиқотлар олиб бориш жараёнида ўзбек адабиёти тўғрисида сизда қандай тасаввур пайдо бўлди, хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз? 


К.Форт: -Қанчалик ажабланарли бўлмасин, мен ҳали хулосаларим устида ишлаяпман. Европа ва Ўзбекистонда диссертация ёзиш жараёнига қараганда АҚШда бу жараён кўп вақт талаб қилади. Диссертациямни шу йил ёзиб тугатиш ниятидаман. Айни дамдаги фикрим шуки, ХХ аср рус ва ўзбек адабиётлари бир-бирига ўзига хос равишда ўзаро таъсир кўрсатган. Социалистик реализм бўйича катта мутахассис Катерина Кларк фикрича, рус социалистик-реалистик асарларида Марксизм-Ленинизмга хос тарихий урф намоён бўлади. Социалистик қаҳрамон аввал онгсиз равишда большевиклар шогирди бўлиб, кейинчалик ўзининг стихияли фазилатларини онгли кучга айлантиради. Ўша кучни халқ душманларига қарши йўналтириб феодализм ё капитализмни вайрон қилади ва социализм қуради. Назаримда, ХХ аср бошида жадид адабиёти вакиллари ўз ҳаракатини бошлаганлар. Жадид адабиётида Ислом дини тарихий тушунчаси мужассамлашади. Марксизм-Ленинизмдан фарқли ўлароқ Ислом дини тарихида тараққиёт бошқача тушунилади. Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.) Ислом динини Макка шаҳрига олиб келгач жоҳилия даврини тугатиб, халифаликнинг олтин даврини бошлади. Жадидчилар фикрига кўра Туркистон ҳам бу таназзул даврини бошидан кечирган ва улар “бизнинг вазифамиз одамларга Худони эслатиб жамиятни тараққиёт йўлига қайтариш”, деб билганлар. Жадидчилар асарлари анъанасига кўра, маҳаллий халқнинг асосий қисми саводсиз, онгсиз бўлган вақт, яъни таназзул даври тасвирланади. Бу таназзул даври тасвирлари китобхон ва томошабинлар учун ҳам азобли, ҳам кулгили бўлиши мумкин, аммо асар хулосасида доимо Худо жоҳил одамларни жазолайди. Бундан кейин ижобий образлардан бири кутилмаганда пайдо бўлиб асарнинг маъносини тушунтиради. Жадидчи муаллифлар бу образнинг пайдо бўлишини ўзбек ёки бошқа Шарқ халқларининг тушда авлиё пайдо бўлганига атайлаб ўхшатишади. Авлиё тушида уни кўрган одамларни янги онг ё янги ўзликни англашга олиб келгани каби жадидчилар асарлари ҳам китобхон ё томошабинни ўзлари яшаган жоҳилия даврини тарк этиб янги даврга киришга чақиришади. ХХ асрда ушбу Марксизм-Ленинизм ғоялари ва жадидчилик анъаналари бир-бирига ҳар томонлама таъсир кўрсатган. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романида муаллиф социалистик реализмга қарама-қарши тарихий анъана – Горькийнинг “Клим Самгиннинг ҳаёти” ё шунга ўхшаш рус романларида тасвирланган буржуазия синфий энтропияси сюжетини жадидчиларнинг таназзул вақти билан қориштиради. ХХ аср охирига келиб Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар” романи жадидчилар анъаналари қайтишидек кўринади, аммо муаллифнинг мақсади бошқа. “Сароб”дан фарқли ўлароқ Ҳошимов жадидчилар тарихий анъанасидан фойдаланиб социалистик реализмни тасвирлашга ҳаракат қилмайди, балки Марксизм-Ленинизм анъаналаридан воз кечади.

А.Алламбергенов: -Бир неча йилдан буён ХХ аср ўзбек адабиётини ўргандингиз, бунинг натижаси ўлароқ адабиётимизда ўзининг ўчмас ўрнига эга, беназир ижодкор Чўлпон қолдирган адабий мерос “Кеча ва Кундуз” романини инглиз тилига ўгирдингиз. Таржима жараёнида машаққатли, ўзига тортадиган ёки ўйлантирадиган, ажаблантирадиган вазиятларга дуч келдингизми, умуман олганда таржима қандай кечди. Бундан олдин ҳам таржимонликда ўзингизни синаб кўрганмидингиз?


К.Форт: -Саволнинг иккинчи қисмига олдин жавоб бераман. Чўлпонни таржима қилмасимдан аввал бирорта бадиий асарни инглиз тилига ўгирмагандим. Албатта, ундан аввал тил билишимдан фойдаланиб оғзаки ва ёзма таржималар қилардим. Аммо адабиётни таржима қилиш учун камдан-кам ҳолларда буюртма беришади. 

Чўлпонни инглиз тилига ўгириш жуда қийин бўлган, албатта. Баъзан мени ишдан тўхтатиб фикрлашга мажбур қилган ўринлар бу вақт тушунчаси атрофидаги саволлар бўлган. Раззоқ сўфи ва акаси суҳбат қурган пайтида нимага ҳаммомдан қўнғироқ овозини эшитишади? Бу борада бир тўхтамга келишда адиб Исажон Султон фикрларига суяндим. У қўнғироқ черковда чалинганини тахмин қилди. Балки. Андижонда ўша вақтда черков бўлган ва романнинг воқеалари асосан Андижонда кечади. Усмонли турк империясида ҳаммомда хизматчилар қўнғироқчалари бор пойафзалда юришганини ўқидим, аммо шундай ҳашаматли хизматчилар фақат бойлар ҳаммомларида ишлаган бўлса керак. Мирёқуб жадидчилик нималигини билиб олган пайтида жадидчилик “Халифайи Рум”дан келган деб ўйлайди. Ҳамид Исмоил рус тилига ўгирган вариантда “Халифайи Рум”ни “Рим папаси” деб таржима қилади, аммо бу таржима менда катта шубҳа уйғотди. Биринчидан, бу нотўғри; жадидчилик ҳаракати Усмонли турк империясидан келган. Иккинчидан, балки Мирёқуб шундай ўйлагандир, чунки унинг ўзи жоҳил – ахир жоҳилия вақтида яшаган – аммо нега “Халифайи Рум” деган фразани ишлатади? Ундан ташқари Рум ўша вақтда Рим эмас, балки Анатолия, демак Усмонли турк империяси. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида катта олим Адиб Холиддан ёрдам сўрадим. У шубҳаларимни оқлади: “Халифайи Рум” роман воқеалари содир бўлган даврдаги Усмонли турк давлати султонидир. Дуч келган машаққатларни одатда шундай ҳал қилардим: баъзан бошқа таржималар билан ишлардим, ёки бошқа олимлардан сўрардим.

А.Алламбергенов: -Инглиз ўқувчиси руҳиятида ўзбек адабиёти вакилларидан қайси адибларнинг асарларига мойиллик кучли ёки бугунги инглиз китобхони адибларимиздан кимларни танийди ва севиб ўқийди?

К.Форт: -Ҳақиқатан, ўзбек адабиётидан инглиз тилига таржима қилинган асарлар кам ва шу вақтгача ўгирилган асарларни оддий ўқувчи топа олмайди, чунки улар қиммат ва камёб журналларда жойлашган. Ҳозирги ўзбек насрининг пешқадам вакилларидан бўлган Исажон Султоннинг бир неча ҳикоялари инглиз тилига ўгирилган, аммо Ғарбда маълум ягона ўзбек адиби Ҳамид Исмоиловдир, десак балки янглишмаймиз. Исмоиловнинг асарлари инглиз, француз, рус ва ўзбек тилларида чоп этилган. Машҳур таржимонлар, шулар жумласидан Кэрол Эрмакова, Дональд Рэйфельд ва Андрю Бромфельд, унинг асарларини инглиз тилига ўгирганлар. Дональд Рэйфельд “Катта ўйин ё жинлар базми” деб номланган Абдулла Қодирий ҳақидаги романини инглиз тилига таржима қилиш учун атайлаб ўзбек тилини ўргангани Ҳамид Исмоиловнинг Ғарбдаги китобхонларда қандай таассуротлар қолдирганини кўрсатади.

А.Алламбергенов: -Америка сеҳрли диёр,

 Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

 Денгиз ортин ёритди илк бор,

 Берунийнинг ақл машъали.

Ардоқли устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг юқоридаги мисралари сизга танишдир. Умумий мавзуйимиздан сал четлашган ҳолда сизга қуйидаги савол билан юзланмоқчиман. Америкаликлар ўз ерлари ҳақида башорат қилган буюк бобокалонимиз Абу Райҳон ал-Беруний ҳақида нималарни билади, ёки унга бўлган муносабати қандай?

К.Форт: -Афсуски, америкаликлар ўзбеклар ва бошқа Шарқ халқлари ҳақида кам билишади. Мактабларимизда фақат Шарқ тамаддунларининг қадимий замонда эришган ютуқлари ўқилади. Бу албатта одатий биртарафкашлик: ХI асрдан бошлаб Ғарб мамлакатлари дунёнинг кўплаб давлатларини мустамлакага айлантирганлар ва мустамлакачилар ўзларининг ҳарбий ва техник устунлигини тамаддуний ва ирқий устунлик сифатида қабул қилдилар. Бу албатта нотўғри, аммо ҳозирги дунё ҳали-ҳамон мустамлакачилик қийинчиликларидан азият чекмоқда. Бу қийинчиликларнинг бири Шарқ маданиятлари мустамлакачилик пайтидан кейин орқада қолгани ва фақат Ғарбга тақлид қилгани ҳақидаги таассуротлардир ва афсуски, ушбу таассуротлар бугунги мактабларнинг ўқув режаларида акс этади.

Шуни айтган ҳолда мустамлакачиликнинг яна бир асоратига тўхталишим керак. АҚШда кейинги вақтларда шаҳарий давлатлар Колумб кунини бекор қилиб унинг ўрнига “Маҳаллий аҳоли” кунини (яъни ҳиндулар куни) нишонлашади, чунки Колумб бу ерни нафақат кашф этмаган, балки маҳаллий аҳолини қулликка мубтало этган. Колумб Американи кашф этганлиги ғояси ҳиндулар дегуманизацияси тарихининг бир қисмидир. Беруний албатта шу мустамлакачиликда иштирок этмаган, худога шукур, аммо Европа, Осиё ва Африкаликлар кўрмаган қитъа Ер шарида бўлиши мумкинлигини бундан минг йиллар олдиноқ тўғри англаб етган ва бу тўғрида ўз тахминини илгари сурган. 

А.Алламбергенов: -Ўзбек адабиёти билан боғлиқ бўлган кейинги режаларингиз ҳақида ўртоқлашсангиз?

К.Форт: -“Кеча ва кундуз” таржима китобим 2019 январь ойида чиқаркан ва Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романи таржимамни ҳам, Худо хоҳласа, шу йили нашр қиларман. Ундан кейинги жадвалим қандай бўлишини олдиндан айта олмайман, чунки ҳали профессорлик ишимни тугаллаб топширишим керак, аммо келажакда Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссасини инглиз тилига таржима қилиш ниятим бор. Ушбу қисса худди “Кеча ва кундуз” каби инглиззабон ва баъзан ўзбек китобхонларини қисман ғойиб бўлган дунё билан таништиради. Романда таърифланган воқеа ва урф-одатлар замонавий ўқувчиларга нотаниш туюлиши мумкин. Таржимонларнинг ҳаммаси машаққатларни севишса керак.

http://uzadab.uz

https://t.me/jurnaladabiyot

Report Page