ССВ: Юртимизда ҳар йили 670 мингдан ортиқ туғруқлар қайд қилинади

ССВ: Юртимизда ҳар йили 670 мингдан ортиқ туғруқлар қайд қилинади


Бугун Бухоро шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан “Репродуктив саломатлик: янги имкониятлардан янги стратегия сари” мавзуида республика миқёсидаги халқаро мутахассислар иштирокидаги конференция ўз ишини бошлади.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг вилоят филиаллари раҳбарлари, вилоят cоғлиқни сақлаш бошқармалари, ҳудудлардаги перинатал марказ вакиллари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бош мутахассислар ва шу соҳада изланишлар олиб бораётган олимлар иштирок этмоқда. 

Анжуманда бугунги кунда дунё миқёсидаги муаммога айланиб улгурган репродуктив саломатликни сақлаш, бепуштлик масалалари билан боғлиқ қатор йўналишларда ўзаро тажриба алмашилмоқда. Шу маънода ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган репродуктив саломатлик ҳамда оналар ва болалар саломатлиги миллий модели шакллантирилиб, амалга оширилди.

Бу билан мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгиланган.

— Соғлом авлодни тарбиялаш — буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир, — деди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталья Надирханова. — Ушбу олижаноб мақсад йўлида ўтган йиллар давомида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар бажарилди. Миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги ҳамда узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Ўтган давр мобайнида “Соғлом она — соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастурлар асосида кенг қўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида скрининг, перинатал, репродуктив саломатлик марказлари каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари миллий тиббиётимизда мустаҳкам ўрин эгаллади. Биргина туғруқхона муассасаларини жиҳозлашга 2017 йилда 17 миллион АҚШ доллари, 2018 йилда эса 50 миллион АҚШ доллари ажратилди. 

Юртимизда ҳомиладорларга, туққан аёлларга ва янги туғилган чақалоқларга хизмат кўрсатадиган оналикни парвариш қилиш тизимида 205 та муассаса, жумладан, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика Перинатал маркази, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси, 13 та вилоят ва 1 та шаҳар перинатал марказлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳомиладорлар, туққан аёллар ва фертил ёшидаги аёллар учун ажратилган 10 минг ўринда ҳар йили 670 минг ҳомиладорлар ва туғруққа келган аёллар госпитализация қилинади, 670 мингдан ортиқ туғруқлар қайд қилинади. 

Конференция доирасида ташкил этилган ялпи мажлис ва семинарларда репродуктив саломатлик борасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишдаги муҳим масалалар ва уларнинг ечими, истиқболдаги режалар, хориж тажрибаси ва замонавий даволаш-профилактика усуллари муҳокама қилинмоқда.

Анжуман давомида диагностика ва даволаш сифати стандартларини, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш масалалари чуқур кўриб чиқилмоқда. 

Миллат генофондини яхшилашнинг муҳим шарти — репродуктив саломатликни мустаҳкамлашдир. “Репродуктив саломатлик: янги имкониятлардан янги стратегия сари” мавзусида республика конференцияси соҳа бўйича фаолият кўрсатувчи шифокорлар касбий маҳоратини ва билим савиясини кўтариш билан бирга, репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтаётган республика конференцияси 25 сентябрга қадар давом этади.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi

Report Page