ССВ: Тошкентда энг яхши ҳамширалар аниқланди

ССВ: Тошкентда энг яхши ҳамширалар аниқланди


Ҳузур-ҳаловатидан кечиб, жонини хатарга қўйиб, инсонлар дардида елиб-югурадиган, беморларни муолажа-ю меҳри ҳамда ширин сўзи билан даволайдиган ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати таҳсинга лойиқ.

Эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва малакаларини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, фаолиятини оммалаштириш, ушбу касб эгалари орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.

“Йилнинг энг яхши ҳамшираси” анъанавий республика кўрик-танловини ўтказишдан ҳам айнан ана шу мақсад кўзланган.

Пойтахтимиздаги Ибн Сино номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасида мазкур танловнинг Тошкент шаҳри босқичи бўлиб ўтди.

Унда пойтахтимиздаги туманлар миқёсида ўтказилган беллашувларда сараланган ҳамшираларнинг тиббиёт соҳасига доир амалий кўникма ва малакалари, назарий билимлари ҳамда ижтимоий-сиёсий саводхонлиги синовдан ўтди.

Якунда Олмазор туман марказий кўп тармоқли поликлиникасининг пульмонолог ҳамшираси Муштарийбону Карабаева танлов ғолибига айланиб, беллашувнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Report Page