ССВ: Силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ЖССТда яна бир бор юксак эътироф этилди

ССВ: Силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ЖССТда яна бир бор юксак эътироф этилди

23 may 2023

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Швейцариянинг Женева шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди. 

Вакилларимиз бу ерда 194 мамлакат делегатлари иштирокида ўтказилаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессиясида фаол иштирок этмоқда. 

Хусусан, сессия доирасида ташкил этилган сил касаллигига барҳам бериш бўйича махсус тадбирда юртимиздан борган соғлиқни сақлаш тизими масъуллари қатнашчиларнинг эътибор марказида бўлди. Бу бежиз эмас, албатта.

Маълумки, шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг туберкулёзга қарши кураш бўйича юқори даражадаги мажлиси бўлиб ўтади. Унга тайёргарлик доирасида ташкил этилаётган интерактив эшитувларни Ўзбекистон ва Польша ҳамраисликда мувофиқлаштириб боряпти. 

Бунга вазир А. Иноятов ўз маърузасида кенгроқ изоҳ берилди. 

Қайд этганидек, бугун юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан туберкулёз хизматининг ислоҳ қилиниши натижасида қарийб 130 минг нафар инсон ҳаёти сақлаб қолинди, касалликка чалиниш кўрсаткичи 43 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 84 фоизга камайди.

Ҳозир силни аниқлаш бўйича мамлакатда 5 босқичли замонавий лаборатория тизими ишлаб турибди. Хасталик профилактикаси, диагностикаси ва муолажаси учун зарур барча дори воситалари давлат томонидан бепул таъминланмоқда.

Биргина 2023 йилги Давлат дастурига мувофиқ, 2023-2026 йилларда дори ва сарфлов воситалари, тиббий техника, мутахассислар тайёрлаш ва инновцион илмий изланишларга давлат бюджетидан 33 миллион, халқаро донорлар ҳисобидан эса 26,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг 13 та маъмурий ҳудудида “Ўпка саломатлиги” кўчма мобил бригадалари ташкил этилиб, чекка ва олис манзилларда яшовчи аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Фтизиатрия ва пульмонология хизматлари интеграция қилиниши натижасида ўпка саломатлиги учун универсал ҳамда юқори технологик тиббий ёрдам бериш тизими яратилмоқда.

Вазир ўз чиқишида тадбирда билдирилган барча мулоҳазалар келгусида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинадиган Сиёсий декларацияга киритиладиган якуний таклифларни ишлаб чиқишда инобатга олинишини таъкидлади. 

Йиғилишда Ўзбекистоннинг силга қарши кураш бўйича тажрибаси яна бир бор ЖССТ доирасида юксак баҳоланиб, бошқа мамлакатларга намуна сифатида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2035 йилгача дунёда туберкулёздан ўлим кўрсаткичини 95 фоизга камайтиришга доир стратегик мақсадни қабул қилган.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Report Page