Халқаро ҳамкорлик: Травматология марказида тизза бўғими артроскопияси бўйича илғор усулдаги операциялар ўтказилди

Шу йил 3-4 июнь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форумида тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан қатор меморандумлар имзоланган эди.
Орадан қисқа вақт ўтиб, эришилган ушбу келишувлар ўз амалий натижаларини бера бошлади.
Хусусан, куни кеча Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида россиялик етакчи шифокорлар иштирокида тизза бўғими артроскопияси бўйича юқори технологик операциялар ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Меҳмонлар Москва шаҳридаги академик Н.Н.Бурденко номидаги Бош марказий ҳарбий госпиталдан ташриф буюрди.
Хусусан, муассасанинг йирик бўғимлар биологик ва хирургик реконструкция бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Дарья Найда билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Чунончи, келажакда бўғимлар артроскопик хирургиясини янада ривожлантириш, маҳорат дарслари ташкил қилиш орқали мутахассислар малакасини ошириш каби масалалар томонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Сўнг россиялик моҳир мутахассис бошчилигида юртимизнинг турли даволаш муассасаларидан таклиф этилган травматолог-ортопедлар учун семинар ўтказилди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметовнинг қайд этишича, мениск — тизза бўғимида амортизатор ролини ўйнайдиган тоғай.
Унинг қалинлиги атиги 3-4 мм. Шунга қарамай, ташқи таъсирларга жуда бардошли. Бироқ оғир юклама ва турли хасталиклар оқибатида ушбу қатламнинг жароҳатланиши, йиртилиши кузатилади.

Россиялик ҳамкасбимиз билан ана шундай шикастланишларни илғор даволаш усуллари ва юқори технологик амалиётлар орқали бартараф этиш юзасидан тажриба алмашдик.

Жумладан, Д.Найда иштирокида бир нафар беморда тизза бўғими жароҳатланган медиал менискини “ҳаммаси ичкаридан” ва “ташқаридан ичкарига” усулида тикиш, бутсимон боғлам олдинги-медиал тутам реинсерцияси амалиёти бажарилди.
Бундан ташқари, иккинчи беморда тизза бўғими латерал мениск жароҳатини “ҳаммаси ичкаридан” усулида тиклаш ва олдинги бутсмон боғламнинг кичик болдир мушак пайи билан аутопластикаси операциялари ўтказилди.
Ушбу амалиётлар марказ хамда вилоятлар шифокорларига онлайн транслация қилинди.

Шу билан бирга, академик Н.Н.Бурденко номидаги Бош марказий ҳарбий госпитал ҳамда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш, тадқиқот ва маслаҳатлашувлар ўтказиш масалалари бўйича икки томонлама келишувга эришилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.