ССВ: Операция учун ортиқча маблағ, оворагарчилик ва узоқ навбатларга чек қўйилмоқда

ССВ: Операция учун ортиқча маблағ, оворагарчилик ва узоқ навбатларга чек қўйилмоқда


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган “Саломатлик кунлари” акцияси доирасида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида яшовчи, марказда даволанишга имконияти бўлмаган фуқароларга ўша ернинг ўзида тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Лойиҳанинг навбатдаги манзили Қорақалпоғистон Республикаси бўлди.

Давлат раҳбарининг шу йил 23-24 февраль кунлари ушбу ҳудудга ташрифи давомида барча соҳалар қатори аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли топшириқлар берилган эди.

Акция доирасида республикада юзлаб беморлар мамлакатимизнинг энг малакали тиббиёт ходимлари томонидан операция қилинди.

Улар орасида етишмовчилик ва муҳтожлик сабаб йиллар давомида дард чекиб келган беморлар бўлиб, жарроҳлик амалиётлари учун барча сарф-харажатлар давлат ҳисобидан қоплаб берилди.

“Эндопротезлаш амалиёти менга янги ҳаёт берди”

Мухтор Йўлдошев,

Нукус шаҳри:

— Анча йиллардан бери белимда оғриқ бор эди, бироқ эътибор бермай юрардим. Коронавирусдан даволаниб чиққанимдан кейин бу оғриқ янада кучайиб, тўшакка михланиб қолдим. Шифокорлар эндопротезлаш амалиёти зарурлигини айтганида, иложсизликдан бошим қотди.

Чунки бундан аввал вирусга қарши даволаниш жараёнида ҳам анча ҳолсизланиб қолгандим. Операцияга эса шароитим йўқ эди.

Ўрнимдан туролмай, ҳаракатланишга қийналиб яшаётган кунларимнинг бирида шифохонадан хабар келди. Улар менинг операциям давлат ҳисобидан мутлақо бепул амалга оширилишини айтганларида ишонгим келмади. Жарроҳлик хонасига олиб киришаётганида бу ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилгандим.

Мана, ҳозир аҳволим яхши, тузалиб кетишимга кўзим етяпти. Соғлигим яхшилангач, келгусидаги ишларимни режалаштириб қўйганман.

Ғайрат билан бир ишга киришмоқчи бўсангу, ўрнингдан тура олмасанг, бундан ёмони йўқ экан. Хайрият, у кунлар ҳам ортда қолмоқда. Эндопротезлаш амалиёти менга янги ҳаёт берди. Бунинг учун шифокорларга, бизга ўхшаган фуқароларга қайишадиган давлатимизга раҳмат дейман.

“Дард чекканингда баъзан яқинларинг ҳам ёрдам беролмас экан”

Шуҳрат Абдуллаев,

Тўрткўл тумани:

— Ўн бир йилдан бери оёқларим қаттиқ оғрирди. Аввалига бошқа касаллик бўлса керак, деб муолажа олиб юрдим. Аммо фойдаси бўлмади. Аксинча, хасталик янада зўрайди.

Охирги марта хоразмлик шифокор дўстим қабулига борганимда у мени қийнаётган дард суяк емирилиши, яъни коксартроз касаллиги экани, даволаниш учун эндопротезлаш амалиёти зарурлиги, бу операция эса жуда қиммат бўлиб, фақат Тошкентда қилинишини айтди.

Ваҳоланки, ўша пайтда моддий аҳволим яхши эмасди. Пойтахтга бориш қаёқда дейсиз, ҳатто маҳаллий шифохоналарда даволанишга ҳам қурбим етмасди. Бу орада эса касаллик янада кучайиб, бутунлай юролмай қолдим. Очиғи, дард чекканингда баъзан яқинларинг ҳам ёрдам беролмас экан. Бироқ шунда ҳам давлатимиз ёлғизлатиб қўймади. Оғир пайтларда менга ҳақиқий суянч ва далда бўлди.

Дастлаб Тошкентда бир оёғим бепул операция қилинди. Натижада касаллик бироз ортга чекинди, аммо тўлиқ соғайишим учун яна бир жарроҳлик амалиёти зарур эди.

Қувонарлиси, куни кеча Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Саломатлик кунлари” акцияси доирасида пойтахтдан келган малакали шифокорлар иккинчи оёғимни ҳам бепул операция қилишди.

Очиғи, бир оёғим тузалишига ҳам рози эдим. Қарангки, бугун давлатимизнинг эътибори, ғамхўрлиги туфайли оғир дарддан буткул халос бўлдим. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман.

Бунинг учун, аввало Президентимизга, қолаверса, бу ишга ҳисса қўшган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

“Уйимни сотиб, даволанишга ҳам рози эдим”

Мирхан Япашова,

Нукус шаҳри:

— Йигирма етти йилдан буён оёқ оғриғидан азият чекаман. Биринчи гуруҳ ногирони бўлганим, қолаверса, ёлғиз она эканим сабабли шу пайтга қадар рўзғордан орттириб, даволана олмадим.

Касаллигим эса вақт ўтгани сари зўрайиб бораверди. Аста-секин ҳаракатланишга, кейинчалик бировнинг ёрдамисиз юришга қийналиб қолдим.

Одамнинг қўли калта бўлса, кимдан нажот кутишни билмай қоларкан. Шу сабабли даволаниш учун банкдан кредит олмоқчи, ҳатто, уйимни сотмоқчи бўлдим. Охирги пайтлар шу қадар тушкунликка тушиб қолдимки, “энди юра олмасам керак” деб ўйлалдим.

Қувонарлиси, Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган “Саломатлик кунлари” акцияси ҳаётимга қайта умид бағишлади. Давлатимизнинг ғамхўрлиги сабабли яна қаддим тикланди.

Очиғи, “сизни бепул операция қиламиз” дейишганида фақат севинчдан йиғладим. Дуоларим ижобат бўлганидан, яна ўз оёқларим билан юра олишимдан қувондим.

Куни кеча Нукус шаҳридаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказида Тошкентдан келган шифокорлар жарроҳлик амалиёти орқали оёғимга эндопротез мосламасини ўрнатишди. Давлатимизнинг кўмаги билан миллионлаб маблағ талаб қилинадиган ушбу мураккаб операция мутлақо бепул амалга оширилди.

Қўли енгил шифокорларимизга раҳмат, бир-икки ой ичида тўлиқ соғайишимни айтишмоқда. Яна соғлом ҳаётга қайтаётганимдан хурсандман.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi


Report Page