ССВ: Касалликка қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ЖССТ томонидан намуна сифатида кўрсатилди

ССВ: Касалликка қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ЖССТ томонидан намуна сифатида кўрсатилди



Пойтахтимизда “Пандемияга қарши тайёргарлик: илмий асослар ва амалий ечимлар” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.

 

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

 

Анжуманни соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчиси Асилбек Худаяров кириш сўзи билан очиб берди:

 

— Бугун мамлакатимизда тиббиёт соҳасини тубдан такомиллаштириш, уни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш, “Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бош мезонга айланган. Айниқса, сўнгги йилларда соғлиқни сақлашнинг муҳим тизими бўлган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

 

Касалликни даволашдан кўра, уни олдини олиш афзаллиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Бу ишлар, аввало, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлари билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда. Буларни сўнгги йилларда айрим юқумли касалликлар тугатилганлиги, кўплаб хасталикларнинг динамикаси камайиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Анжуманда таъкидланганидек, пандемия бутун дунёга дарс бўлди, вирусларнинг ўзгариши, янги инфекцияларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли мавжудлигини инобатга олган ҳолда доимий равишда фавқулодда вазиятларга тайёр бўлиш давр талабидир. Пандемиядан олинган сабоқлар инсониятга ҳозирги ва келажакдаги муаммоларни енгишга ёрдам беради.

 

— Карантин қоидалари йўлга қўйилган ва касаллик кўпайган даврда тизимнинг барча ходимлари касаллик ўчоқларида ўз соғлиғини хатарга қўйиб, юртдошларимиз саломатлигини асрашга беминнат ҳисса қўшди. Давлат раҳбарининг ўз вақтида қабул қилган тўғри қарорлари, ҳукуматнинг уюшқоқлик билан олиб борган фаолияти ҳамда Халқаро ташкилотлар кўмагида келтирилган хасталикка қарши вакциналар туфайли Ўзбекистон ушбу касалликдан жуда паст кўрсаткичдаги талафотлар билан чиқди. Вирусга қарши курашиш борасидаги мамлакатимиз тажрибаси ЖССТ томонидан бир неча бор намуна сифатида кўрсатилди, — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев.

 

Қайд этилганидек, соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, инсон саломатлигига таъсир этувчи хавфни аниқлаш, омилларни бошқариш, мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш мақсадида кўплаб изланишлар олиб борилиб, тизимга замонавий ахборот технологиялари жорий этилмоқда.

 

Санэпидқўмита томонидан ҳозирги кунда юқумли касалликларга қарши янги даво чоралари, юзага келиши мумкин бўлган пандемиянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш соҳа ходимларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

Мазкур йўналишдаги ишлар амалга ошириладиган тизимни етук мутахассислар билан таъминлаш мақсадида қўмита ҳузурида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

 

Ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида таълим, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа соҳалар бўйича 55 та санитария қоида ва меъёрлари халқаро андозаларга мослаштирилгани, 20 та таркибий лабораториялар халқаро аккредитациядан ўтказилгани ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор.

 

Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page