ССВ: Кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида иш ҳақи тўланадиган интернатура ташкил этилади

ССВ: Кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида иш ҳақи тўланадиган интернатура ташкил этилади


Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари учун кўп тармоқли тиббиёт ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари (интернатура) ташкил этилади.

Унга кўра, 2024/2025 ўқув йили қабулида ҳужжат топширувчиларга қулайлик яратиш мақсадида рўйхатдан ўтиш жараёни онлайн тарзда – таълим муассасаларининг расмий веб-сайтлари орқали 5–20 август кунлари (шу куни ҳам) амалга оширилади.

Интернатурага кириш учун танловда иштирок этувчи ҳар бир шифокорга қабул комиссияси томонидан унинг ҳужжатлари қабул қилинганлиги ва оғзаки суҳбат ўтказилиши муддати кўрсатилган маълумотнома берилади.

Интернатурага қабул учун суҳбат жорий йилнинг 21–27 август кунлари ўтказилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ажратилган қабул режаси доирасида туман (шаҳар)лар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда оилавий шифокорларни танловда иштирок этиш учун жалб қилиш вазифаси юклатилди.

Жорий йилда интернатурага жами 580 та давлат гранти асосидаги мақсадли қабул ўринлари ажратилган бўлиб, уларга 20 турдаги ихтисослик бўйича мутахассислар қабул қилинади.

Интернатура учун қабул қуйидаги муассасаларда ўтказилади:

📎 Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти учун (давлат грантлари асосида мақсадли қабул ўринлари 70 та), 

📎 Тошкент тиббиёт академиясида пойтахт ва Тошкент вилояти учун (грант ўринлари 76 та), 

📎 Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида Хоразм вилояти учун (44 та), 

📎 Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалида Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари учун (40 та),

📎 Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида Фарғона ва Наманган вилоятлари учун (30 та), 

📎 Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилояти учун (70 та),

📎 Андижон давлат тиббиёт институтида Андижон ва Наманган вилоятлари учун (69 та),

📎 Бухоро давлат тиббиёт институтида Бухоро ва Навоий вилоятлари учун (60 та), 

📎 Самарқанд давлат тиббиёт университетида Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари учун (80 та),

📎 Қорақалпоғистон тиббиёт институтида ушбу республика учун (41 та).

Интернатурада ўқув жараёни жорий йилнинг 5 сентябрь санасидан бошланади. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page