ССВ: Ихтисослашган тиббий хизмат хонадонларгача кириб бормоқда

ССВ: Ихтисослашган тиббий хизмат хонадонларгача кириб бормоқда


 Ўз касбининг чинакам билимдони бўлган етакчи шифокорлар хизматига ҳатто энг илғор мамлакатларда ҳам талаб юқори. Шу сабабли бундай мутахассислар қабулига 5-6 ой аввал навбатга ёзилиб бўлса-да, улардан зарур тиббий кўрсатмалар олишни хоҳловчилар сафи кенг.

Бизда эса тиббиёт халққа янада яқинлашмоқда. Олис ва чекка ҳудудларда яшовчи беморлар ҳузурига Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари, соҳа олимлари, малакали шифокорларнинг ўзлари кириб боришяпти.

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Бухоро вилоятида ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли оғир хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган юртдошларимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

 Пойтахтдан келган 150 нафардан зиёд тажрибали шифокорлар “хонадонбай” тамойили асосида ўрганишлар олиб бориб, жойларда касалликлар балансини шакллантиришга кўмаклашмоқда.

 Шу тариқа ҳудудлар кесимида беморлар рўйхати шакллантирилиб, оғирлик даражаси бўйича таснифланяпти. Юқори технологик амалиётларга, стационар даволанишга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси ва тегишли фондлар маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти.

 Бухоро шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиника 380 қатновга мўлжалланган. 31 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Унинг таркибида 10 ўринли кундузги стационар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. 

Қолаверса, бу ерда яқиндан бошлаб бошқа бирламчи тиббиёт муассасаларидаги сингари беморларни 120 номдаги дори воситалари билан давлат ҳисобидан бепул таъминланлаш тизими амалда.

Шунга қарамай, оилавий поликлиника хизмат кўрсатадиган ҳудудда мустақил юришга қийналадиган, сурункали хасталиклардан жиддий азият чекаётган ёки тўшакка михланиб қолган инсонлар бор.

Бугун соғломлаштириш акцияси доирасида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва етакчи мутахассисларидан иборат гуруҳ маҳаллий тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида ана шундай беморлар хонадонида бўлди.

Хусусан, сурункали гипертониядан азият чекувчи 85 ёшли Тамара Лещенко коронавирусни бошдан ўтказгач, юришга қийналиб қолгани, касаллиги янада кучайганини маълум қилди.

74 ёшли Таняна Горских эса қандли диабетнинг биринчи тури билан оғриши, сўнгги пайтларда кўриш қобилияти анча пасайиб бораётганидан шикоят қилди.

 63 ёшни қарши олган Абдулла Раҳматов ошқозон яраси туфайли аввал икки бор жарроҳлик столига ётқизилган. Бироқ кейинги даврда уни оғриқлар яна безовта қила бошлаган. Бемор стационар шароитда даволанишни истайди.

 Пойтахтдан келган мутахассислар уларни тиббий текширувдан ўтказиб, зарур тиббий тавсияларини берди.

Шунингдек, Вобкент туманида ҳам шундай тиббий кўриклар ташкил этилиб, беморларга амалий ёрдам кўрсатилди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page