ССВ: Бухорода пойтахтдан борган 150 нафардан ортиқ энг малакали тиббиёт мутахассислари иштирокида соғломлаштириш акцияси бошланди!

ССВ: Бухорода пойтахтдан борган 150 нафардан ортиқ энг малакали тиббиёт мутахассислари иштирокида соғломлаштириш акцияси бошланди!


Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизими вакиллари олдига муҳим бир талабни қўйган: Ўзбекистон тиббиёти халққа янада яқинлашиши шарт!  

Бунга эришиш учун эса одамлар шифо масканларида узундан-узоқ навбат кутиб, турли бюрократик тўсиқларга дуч келиб, овораю сарсон бўлиши эмас, шифокорларнинг ўзи беморлар ҳузурига бориб, уларнинг дардига дармон топиши керак! 

Ҳозир мамлакатимизда айнан шундай халқчил тизимни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишга киришилган.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ўтказилган соғломлаштириш акцияларида бу механизм синовдан муваффақиятли ўтди.

Эзгу ташаббуснинг қисқа вақт ичида қулоч ёйиб, акция географияси кенгайиб бораётгани эса янада қувонарли.

Галдаги манзил — Бухоро вилояти. Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари, жами 150 нафардан етакчи ортиқ мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ ушбу ҳудудда. Соғломлаштириш акцияси эса аллақачон старт олган. 

Бу орқали Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсад қилинган. 

Шу ўринда қисқача маълумот: ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 249 та даволаш-профилактика муассасаси фаолият юритяпти. Улардан 187 таси амбулатор, 30 таси стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатади. 13 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси мавжуд. 14 та вилоят даволаш-профилактика муассасаси, Жонгелди қишлоқ участка шифохонаси, Газли шаҳар касалхонаси, Мохи-Хосса туғуруқ комплекси аҳоли хизматида.

Тиббиётимиздаги янгиланишлар самараси Бухорода ҳам ўз аксини топаётгани, соғлиқни сақлаш соҳаси одамларга янада яқинлашиб, тиббий хизмат сифати ва қамрови ошиб бораётгани қувонарли, албатта. Аммо тизимда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар кам эмас.

Таҳлилларга кўра, ўтган йил якунида вилоятда умумий касалланиш кўрсаткичлари 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида 6,8, ўсмирлар орасида 7,04 ҳамда 18 ёшдан катта аҳоли қатлами ўртасида 0,4 фоизга камайган. 

Бироқ ҳудудда турли сурункали хасталиклар билан диспансер назоратида турган беморлар сони вилоят аҳолисининг 17,3 фоизини ташкил қилмоқда. Гарчи бу рақамлар 2020 йилдаги кўрсаткичлардан 5,6 фоиз паст бўлса-да, камайиш тенденциясини қониқиш ҳосил қилиб бўлмайди.

Бундай ўткир муаммоларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун эса бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, олис ва чегара туманлар аҳолисининг соҳага доир муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш, узоқ маҳаллаларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш каби қатор чора-тадбирлар талаб этилади.

Бухорода бошланган соғломлаштириш акциясида айни шу масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Унинг биринчи босқичида пойтахтдан келган мутахассислар жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммоларни ўрганмоқда, фуқаролар ўртасида касалликлар профилактикаси бўйича тарғибот тадбирларини ўтказяпти.

Асосийси, ҳудудлар кесимида беморлар рўйхати шакллантирилиб, оғирлик даражаси бўйича таснифланяпти. Юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа  Давлат тиббий суғуртаси ва тегишли фондлар маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти.

Шунингдек, акция давомида мобиль маммография, кўчма лаборатория ва махсус жиҳозланган мобиль тиббий автомашиналарда узоқ ҳудудларга бориб, аҳоли саломатлигини яхшилашга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда вазирликнинг махсус гуруҳи томонидан вилоятнинг қатор туманларида намунавий оммавий текширувлар ўтказилмоқда. Бу орқали имкон қадар кўпроқ беморларни қамраб олиш, ҳудуд тиббий салоҳиятини ўрганиш, муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топишга қаратилган сайёр қабуллар ташкил этиш режалаштирилган.

Айни пайтда акция доирасида Республика шошилинч тиббий маркази Бухоро филиали ва бошқа қатор муассасаларда оғир касалликларга чалинган, юқори технологик жарроҳлик муолажасига муҳтож беморларда давлат ҳисобидан операциялар бошлаб юборилди. Бу амалиётларга республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва бошқа марказий шифо масканларидан борган етакчи мутахассислар бошчилик қилмоқда.

Қолаверса, янги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш, зарур ҳудудларда контейнер шаклидаги тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page