ССВ: Беморлар дард билан келиб, қувонч билан қайтмоқда!

ССВ: Беморлар дард билан келиб, қувонч билан қайтмоқда!


Хасталик — оғир синов. Чорасизлик эса ундан-да оғир дард! Бироқ давлатимиз ҳар қандай вазиятда ҳам фуқароларни ёлғизлатиб қўяётгани йўқ! Айниқса, оғир касалликлардан азият чекаётган, бироқ даволанишга имкон тополмаётган юрдошларимизга биринчи навбатда кўмак бериш чоралари кўрилмоқда.

Аммо халқимизнинг тиббиётдан тўлақонли рози бўлиши учун ҳали қатор янгиланишларга эҳтиёж бор. Яъни соғлиқни сақлаш соҳаси чинакам халқчил тизимга айланиши учун оғир аҳволдаги одамлар узоқ йўқ босиб, узун навбатларда туриб, малакали мутахассислар қабулига келиши эмас, тажрибали тиббиёт мутахассисларининг ўзи эҳтиёжманд беморлар ҳузурига бориб, уларни дарддан халос этиши зарур!

Президентимизнинг тиббий хизматни халққа янада яқинлаштиришга доир ислоҳотлари замирида шу мақсад мужассам ва бунга босқичма-босқич эришиляпти ҳам!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ўтказилган соғломлаштириш акциялари бу борадаги эзгу ишларнинг бошланиши бўлди. Энди эса ушбу самарали механизм бошқа ҳудудларда ҳаётга татбиқ этиляпти.

Вазирлик марказий аппарати жамоаси, ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари ва тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-шифокорлари, жами 150 нафардан ортиқ етакчи мутахассисларининг навбатдаги манзили — Хоразм вилоятида бўлди.

Бу ерда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси орқали, аввало, маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликлар бўйича ҳудудлар кесимида беморлар рўйхатини шакллантириш мақсад қилинган.

Шундан сўнг хасталикка чалинганлар оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти.

Яна бир эътиборли жиҳати, акция доирасидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли хавфли хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган юртдошларимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

 Рустам Раҳимов — Қўшкўпирнинг Баҳористон маҳалласидан. 37 ёшда. Олти йилдирки, жигар церрози халталигидан азият чекади. Дард билан курашиб, аҳволи анча ёмонлашган.

Маҳаллий шифохоналарда режали муолажалар олиб келаётган бўлса-да, пойтахтнинг етакчи тиббиёт муассасаларида даволаниш учун оилавий шароити тўғри келмайди.

Соғломлаштириш акцияси доирасида Тошкентдан Хоразмга келган тажрибали мутахассислар Қўшкўпирдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни якунлаб, Рустамжоннинг хонадонида ҳам бўлди. Бемор тиббий текширувдан ўтказилгач, мазкур шифо маскани клиникасида даволанадиган бўлди.

Кам инвазив усулда, ортиқча жароҳатларсиз, инновацион ёндашувлар асосида пойтахтлик етакчи мутахассилар томонидан саноқли кунлар ичида бажарилган амалиётлар натижасида эса 100 нафардан ортиқ беморлар бир неча соат, ҳатто саноқли дақиқалар ичида узоқ йиллик оғир хасталиклардан халос бўлди.

Исобек Ҳайитбоев — Гурлан туманидан. Ўттиз олти ёшда. Кейинги йилларда бўғимларида оғриқлар кучайиб, бир оёғи иккинчисидан 4 сантиметр қисқариб, юришга қийналиб қолгач, шифокорларга мурожаат қилган.

Мутахассислар унга чап томонлама диспластик коксартроз хасталиги ташхисини қўйди. Чаноқ-сон бўғимида эндопротезлаш операциясини ўтказиш тавсия этилди.

— Бу мураккаб амалиёт ҳисобланар экан, — дейди бемор. — Қолаверса, унинг сарф-харажатлари жуда қимматга тушаркан. Бунинг устига, пойтахтга бориб операция қилдиришим кераклигини айтишди. Очиғи, шунча маблағни қаердан топишимни билмай, тузалишдан умидимни узган эдим.

Шундай кунларда Тошкентдан келган малакали шифокорлар маҳаллаларда ўрганишлар ўтказиб, мени ҳам давлат ҳисобидан операция қилинадиган беморлар рўйхатига қўшибди. Аввалига ишонгим келмади.

Лекин ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Кечанинг ўзидаёқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари бошчилигида чап оёғимга эндопротез ўрнатишди. Мана, ҳозир аҳволим яхши. Дўхтирларнинг айтишича, бир неча кун ўтиб бемалол юра оламан.

Шу дамларда тезроқ уйга қайтиш ҳақида ўйлаяпман. Энди жажжи фарзандларим соғиниб қучоғимга талпинганида, етти мучаси соғ бошқа оталар каби уларни бемалол опичлаб юра олишимни тасаввур қилсам, юрагим ҳаприқиб кетяпти. Уйга бемор эмас, бахтиёр инсон бўлиб қайтиш насиб этаётганидан бошим осмонда...

Бундан ташқари, акция доирасида Хонқа, Шовот, Янгибозор туманларида, уларга ёндош ҳудудлар аҳолиси иштирокида ўтказилган сайёр тиббий кўриклар натижасида ҳам юзлаб беморлар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларига ечим топди.

Дилфуза Султонова — Хонқа туманидан. Тўққиз ёшли қизалоғини кўтариб олган. Кўзларида мунг. Чунки фарзанди Севинчой — оғир хаста. Ўнг томонлама гидроцифалия касаллиги билан туғилган. Юролмайди, эркин ҳаракатланишга ожиз.

Меҳрибон онани эса жигарбандининг тўққиз йиллик дарди эзиб қўйган. Тошкентда керакли муолажаларни олишга эса моддий имконияти етмайди.

Сайёр тиббий қабулда шифокорлар унинг мурожаатига қулоқ тутди. Севинчой пойтахтдаги Болалар миллий тиббиёт марказида давлат ҳисобидан даволанадиган бўлди.

Хавотир олманг, қизингизни тузатамиз, ҳали чопқиллаб юриб кетади” деган сўзлардан кейин муштипар онанинг кўзларидан севинч ёшлари сизди.

Яна бир бемор — Азизбек Норбоев 23 ёшда. II гуруҳ ногирони. Туғилганидан буён кўзлари хаста. Дунёни ёрқин рангларда кўра олмайди.

Акция давомида унинг ҳам дардига дармон топилди. Азизбекнинг кўз гавҳари юқори технологик операция орқали пойтахтда давлат ҳисобидан алмаштирилиши белгиланди.

Янгиариқ туманилик Гулшан Жуманиёзова эса бу ерга қўлтиқтаёқ ёрдамида кириб келди. Шифокорлар беморнинг икки тизза бўғимида ҳаракатлари кескин чекланганини аниқлашди.

Унда зудлик билан эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур. Мутасаддилар Гулшанни Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа қилишга қарор қилди.

Янгибозор туманида ташкил этилган сайёр тиббий қабул ҳам шундай қизғин ва самарали ўтди.

Бу ерда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев бошчилигидаги тизим мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, пойтахтдаги етакчи шифохоналар, тиббиёт олий ўқув юртларининг энг малакали мутахассислари — жами 150 нафардан зиёд гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, улар билан мулоқот ўтказди.

Вазир аҳоли мурожаатларига қулоқ тутиб, уларнинг муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Қолган муаммоли масалаларнинг бир қисми эса вазирлик ва тиббиёт муассасалари мутасаддиларининг назоратига олинди.

Қолаверса, мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ аҳоли вакилларига шу ернинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.

Масалан, Янгибозор туманида яшовчи 68 ёшли Мунаввар Жуманиёзова ҳам бу ерга дард билан келган. Онахон икки йилдирки, юрак соҳасидаги оғриқлардан азият чекади. Томирларида ҳосил бўлган тромб қон босими тез-тез кўтарилиб кетишига сабаб бўлаётганди.

Вазир Мунаввар аянинг мурожаатини тинглади, хасталикдан тезроқ халос бўлиши учун шифокорларга тегишли топшириқлар берди. Шу тариқа унга Тошкентда давлат ҳисобидан даволаниши учун йўлланма расмийлаштирилди. Онахон эса кўзларидаги қувонч ёшларини яшира олмади.

Яна бир мурожаат эгалари икки ёшли жажжи бемор ўғли — Муҳаммадалини кўтариб келган. Болакай туғма юрак нусони билан дунёга келган. Қарийб 48 ойдирки, ота-онасининг ҳаловати йўқолган. Фарзандини пойтахтдаги етакчи шифохоналардан бирида даволатиш ниятида.

Сайёр тиббий қабул давомида ушбу мурожаат ҳам ўз ижобий ечимини топди. Муҳаммадалида тез кунларда юқори технологик операция ўтказиладиган бўлди.

Зафар Собировнинг хасталиги эса оёқларида. Тизза бўғимларидаги оғриқлар туфайли бир неча йилдирки, қўлтиқтаёқда юришга мажбур. Шифокорлар унда давлат хисобидан юқори технологик операция ўтказишга қарор қилишди. Бемор энди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа олади.

Муҳими, сайёр тиббий қабул иштирокчилари дард билан келиб, қувонч ва ишонч билан уйига қайтди.

 

 


Report Page