ССВ: Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси умидвор қалбларга ишонч ва ёруғлик олиб кирмоқда

ССВ: Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси умидвор қалбларга ишонч ва ёруғлик олиб кирмоқда


Андижон – майдони жиҳатидан мамлакатимизнинг энг кичик вилояти. Бироқ бу ерда яшовчи аҳоли юртимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан анча зич жойлашган. Табиийки, мазкур жиҳат вилоятда сифатли ва малакали тиббий хизматга бўлган талаб юқори эканидан далолат беради.

 Қолаверса, бу тиббиётни халққа янада яқинлаштириш, соҳани мутлақо янгича ёндашувлар асосида такомиллаштиришни тақозо этади. 

 Эътиборлиси, бугун юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида бошланган ижобий ўзгаришлар, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу ишлар ана шу мақсадни ўзида мужассам этган. 

 Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари доирасида мамлакатимизнинг чекка ва олис гўшаларида яшовчи беморлар ҳузурига энг малакали шифокорлар, етакчи тиббиёт олимларининг ўзлари кириб бораётгани сифатли тиббий хизматни маҳаллагача тушириш, уни одамларга янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.

 Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Навоий вилоятларидан сўнг вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳ Андижон вилоятига келди.

Хонобод шаҳри — юртимизнинг шарқий дарвозаси, мамлакатимизнинг энг чекка ва чегара манзилида жойлашган гўзал маскан.

Соғломлаштириш акцияси доирасида ушбу шаҳарда ташкил этилган сайёр тиббий қабулда нафақат шу ҳудуд, балки қўшни Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманлари ва Қорасув шаҳри аҳолиси ҳам иштирок этди.

 Эрта тонгдан шаҳар марказидаги маданият ва истироҳат боғида йиғилган кекса ёшдаги нуроний отахон ва онахонлар, ёш оналар, болажонлар, қўйинки, юзлаб аҳоли пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

 Сайёр қабул иштирокчилари дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шундан сўнг улар беморлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.

Муаммоли масалалар билан келган фуқароларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилиб, мурожаатларига тезкор ечим топиш чоралари кўрилди.

 Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ аҳоли вакилларига шу жойнинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.

Мисол учун, сайёр тиббий қабулга онаси ҳамроҳлигида келган 41 ёшли оғир бемор Баҳромжон Аблазов Хонобод шаҳрида яшайди. 3 нафар фарзанди бор. Ушбу юртдошимиз 10 йилдирки, оғир касаллик – тос-сон бўғими емирилиши хасталигининг азобини тортади. Дард дегани ҳадеганда кетавермас экан. Аксинча, йиллар давомида беморнинг аҳволи янада оғирлашди. Шу сабабли бир неча йил аввал тос-сон бўғимининг бир томони жарроҳлик йўли билан даволанди. Аммо иккинчи томонига келганда оила бироз қийналиб қолди.

 Қабулда вазирлик мутасаддилари унинг мурожаатига қулоқ тутди. Беморга давлат ҳисобидан бепул протез қўйилиб, даволанадиган бўлди.

 

Акбарали Бердалиев — Қўрғонтепа туманининг Қорасадоқ маҳалласидан. 53 ёшли ушбу беморни коксартроз хасталиги қийнайди. Касаллик туфайли зўрға оёқ босади. Керакли муолажаларни олишга эса моддий имконияти йўқ.

 Ўтказилган сайёр тиббий қабулдан Акбарали ака ҳам ноумид қайтмади. Беморга шу ернинг ўзида операция қилиш учун бепул йўлланма берилди. Жарроҳлик амалиёти эса пойтахтдан келган энг моҳир жарроҳлар томонидан бажариладиган бўлди.

 Яна бир бемор — Жамила Атабаева 55 ёшда. Ота-онасидан болалигидаёқ ёлғиз қолган бу юртдошимизни бугун саратон, юқори қон босими, қандли диабет каби оғир хасталиклар қийнамоқда. Бунинг устига, яқинда инфарктни бошдан кечирган.

 Акция давомида унинг ҳам муаммоси ижобий ҳал этилиб, онахон юртдошимиз давлат ҳисобидан бепул операция қилинадиган бўлди.

 Нилуфар Тошматова — 44 ёшда. 3 нафар фарзанди бор. Икки йиллик оғир дард — бачадон бўйни саратони ахири уни тўшакка михлади. Шу вақт ичида яқинларнинг шифо излаб бормаган жойи қолмади. Аммо натижа йўқ. Шу сабабли бугун сайёр тиббий қабулга Нилуфарнинг волидаси ёрдам илинжида келди.  

Онанинг фарзанди учун қилган мурожаати эса жавобсиз қолмади. Бемор пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Нилуфарга вазирлик томонидан бепул ногиронлик аравачаси ҳам топширилди.

 46 ёшли Илтифотхон Юсупова эса Хонобод шаҳридан. Уни неча йилдан бери ўт қопи хасталиги қийнайди. Айниқса, сўнгги пайтларда касаллик янада зўрайиб, беморнинг умумий ҳолатида салбий ўзгаришлар кузатила бошлади. Кучли бош оғриғи, оёқ увишиши, кўнгил айниши каби асоратлар туфайли оддий рўзғор юмушларини бажаришга ҳам қийналиб қолганди.

 Сайёр тиббий қабул ушбу беморнинг қалбида ҳам соғайишга умид уйғотди. Унинг мурожаати ўрганилиб, эртагаёқ вилоятда давлат ҳисобидан лапароскопик усулда бепул операция қилинадиган бўлди.

 Яна бир бемор Мадина Абдураҳимова — 8 ёшда. Мурғак қизчанинг чопқиллаб ўйнаб юрганини кўрган инсон уни сира касал деб ўйламайди. Аммо бемор тез-тез судирги бериши сабабли, шифохонада доимий муолажа олишга мажбур.

Сайёр тиббий қабулда Мадинанинг даволаниши учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига бепул йўлланма берилди.

 Шунингдек, пойтахтдан келган мутахассислар иштирокидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли хавфли хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган юртдошларимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ.

 86 ёшли Содиқжон Умаров юрак касаллиги туфайли бир неча бор операция қилинган. Қарийб уч йилдирки, юролмайди.

Соғломлаштириш акцияси доирасида пойтахтдан келган шифокорлар ушбу бемор хонадонига бориб, уни тиббий текширувдан ўтказгач, вилоятнинг ўзида бепул даволашга қарор қилди. Шунингдек, Содиқжон отага бепул ногиронлик аравачаси ҳам топширилди.

Андижонлик яна бир бемор Марҳабо Умаралиева 33 йилдан бери полиартрит, қандли диабет хасталигидан азоб чекади. 2014 йил беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ сўнгги вақтларда касаллик қайта зўрайиб, унинг ҳолати анча оғирлашди.

 Мутахассислар онахон хонадонида бўлиб, уни тиббий кўрикдан ўтказгач, беморга вилоят марказида даволаниш учун бепул йўлланма берилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида шу кунларда вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ҳам бажарилмоқда. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда мураккаб операциялар ўтказиляпти.

 Балиқчи туманида яшовчи 33 ёшли Гулмира Бобомирзаева — ана шундай беморлардан. Кучли бош оғириғи, бош айланиши, юқори қон босими туфайли унинг кейинги пайтлардаги ҳаётига сира ҳавас қилиб бўлмасди. Шу боис беморнинг отаси, 60 ёшли Насимжон Маҳмудов ўз жигарбандига бир буйрагини беришга қарор қилди. Бироқ ушбу амалиёт жуда қиммат эканлигидан хабар топгач, ота чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билолмай қолди.

 Ана шундай пайтда Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси Гулмира ва унинг яқинлари жонига оро кирди. Пойтахтдан келган етакчи шифокорлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида отанинг бир буйраги қизига олиб ўтказилди. Тўрт соат давом этган операция муваффақиятли якунланиб, бемор яна ҳаётга қайтди.

 Ҳозир у ва донор ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. Шифокорларнинг айтишича, бемор яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтади.

 Асакалик 39 ёшли Акмалжон Зокиров учун бу йил анча оғир келди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган юртдошимиз жорий йил февраль ойида спорт машғулотлари пайтида хушидан кетади. Тиббий текширувлардан сўнг эса унда ҳам ўткир буйрак етишмовчилиги аниқланади.

Шу кунгача дори-дармон билан даволанган беморда соғломлаштириш акцияси доирасида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Донор ҳам бегона эмас — унга турмуш ўртоғи, 37 ёшли Шоҳида Зокирова бир буйрагини берди.

 Бир сўз билан айтганда, Андижонда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси қанчадан қанча беморлар ҳаётига ёруғлик, умидвор қалбларга эса ишонч олиб киряпти.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page