Беморлар эътирофи: "Биз бахтли одамлар сафига қайтдик!"

Беморлар эътирофи: "Биз бахтли одамлар сафига қайтдик!"


Хасталикнинг ҳар қандай тури — мураккаб синов. Ўз вақтида ва тўғри муолажа қилинмаса, кичик жароҳат ҳам оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо дардига дармон топиш учун нажот кутиб яшаётган оғир беморлар борки, давлатимиз, биринчи навбатда, ана шундай юртдошларимиз ҳузурига бориб, уларга шифо ва меҳр улашишни мақсад қилган.

Бир эмас, юзлаб инсонларнинг яна ҳаётга қайтишига сабаб бўлаётган соғломлаштириш акцияси шуниси билан аҳамиятли. 

Ушбу хайрли ташаббус доирасида Навоий вилоятида кўплаб беморларда давлат ҳисобидан юқори технологик амалиётлар бажариляпти. Натижада улар узоқ йиллик дардидан саноқли дақиқалар ичида халос бўлмоқда. 

Масалан, Кармана туманида яшовчи 28 ёшли Отабек Тошқулов 2009 йилдан бери буйрак хасталигидан азият чекади. Айни пайтга келиб унинг аҳволи янада оғирлашган. Буйрак етишмовчилиги туфайли ҳафтада икки бор гемодиализ муолажаларини олишга мажбур.

Отабекнинг оғир дарддан кун сайин сўлиб бораётганини кўриш яқинлари учун чинакам синов, албатта. Шу боис беморнинг опаси, 32 ёшли Наргиза Тошқулова ўз укасига бир буйрагини беришга қарор қилди.  

Соғломлаштириш акцияси доирасида Навоийга келган академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг юқори малакали мутахассислари унда буйрак трансплантацияси амалиётини бажаришди. Муҳими, операция муваффақиятли якунланди. Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши.

Навоий шаҳрида яшовчи Раъно Сафарова ҳам жигарбандининг соғайиши учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига нажот истаб келди. Чунки ўттиз бир ёшли қизи Гулруҳ Сафарова оғир хаста. 2016 йилда ҳар икки оёғининг чаноқ-сон бўғимида суяк емирилиши жараёни бошланган. Икки ярим йилдан буён эса мустақил юра олмайди. 

Шифокорлар унга икки томонлама диспластик коксартроз ташхисини қўйган. Жорий йил бошида беморнинг ўнг оёғига эндопротез мосламаси ўрнатилган эди. Энди худди шундай юқори технологик операция чап чаноқ-сон бўғимида ҳам ўтказилиши зарур. Аммо амалиёт учун катта маблағ талаб этилади.

Соғломлаштириш акцияси доирасида вилоятга келган Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари Гулруҳга давлат ҳисобидан эндопротез ўрнатадиган бўлди.

Мураккаб операция қарийб 40 дақиқа давом этди. Бемор кўп йиллик хасталигидан қисқа муддатда фориғ бўлди. У тез кунларда ўзи орзу қилганидек, икки ярим ёшли қизалоғини бошқа миллионлаб бахтиёр оналар сингари бемалол опичлаб юра олади. "Биз бахтли одамлар сафига қайтдик!", дейди Гулруҳ қувонч билан.

Акция чуқурлаштирилган тиббий кўрик, бепул операция ва сайёр қабуллар билан чекланиб қолаётгани йўқ.

Масалан, пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ тиббиёт олимлари, профессорлар Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиалида билим ва тажрибасини ошираётган ҳамширалар учун маҳорат дарслари ўтди.

Бу қизиқарли жараёнга Японияда шу соҳа бўйича малакали мутахассислар кунчиқар юртдан туриб интернет орқали боғланишди. Олимлар бугунги кунда ўрта тиббиёт ходимлари зиммасига юкланган масъулият ва талаблар ҳақида аниқ мисоллар билан тингловчиларга сўзлаб берди.

Айтиш жоизки, мазкур филиал вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг 17 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни касбий қайта тайёрлашга ихтисослашган.

Бу ерда ҳар йили қарийб 6 минг нафарга яқин мутахассисга сабоқ берилади. Эътиборлиси, марказдаги деярли барча жараён компьютерлаштирилган. Жумладан, тингловчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш тўлиқ электрон тизимга асосланган.

Бундан ташқари, 37 та йўналиш бўйича hamshiramalaka.uz платформаси яратилган. Бу эса таълим тизимининг интеграллашуви ва замонавийлашуви ҳамда тингловчилар билимини баҳолаб бориш жараёнининг автоматлашувига хизмат қилмоқда.

Бугун ўрта тиббиёт ходимлари зиммасида жуда катта масъулият бор, — дейди филиал директори Вали Тўрақулов. — Биз тиббиётни янги босқичга кўтариш учун соҳанинг суянчи ва таянчи бўлган ана шу мутахассисларнинг нафақат билим ва малакаси, балки ишга ёндашувини ҳам тўлиқ ўзгартиришга эришишимиз керак.

Шу мақсадда муассасамизда шаффоф тизим яратилган. Малака ошириш ва ихтисослик йўналишлари бўйича якуний назорат синовлари онлайн тарзда олинмоқда. Акция доирасида тиббиёт олимларининг филиалимизга ташрифи эса тингловчиларимиз учун ўзига хос мотивация бўлди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика даражасидаги тиббиёт муассасалари шифокорларидан иборат 150 нафардан зиёд тиббий гуруҳ бошчилигидаги соғломлаштириш тадбирлари давом этмоқда. Бу эзгу ташаббус олдинда яна юзлаб, минглаб беморларнинг ҳаётига қайта қувонч бағишлашига шубҳа йўқ. 


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.


Report Page