Инвестиция дастури ҳисобига Ховосдаги оилавий поликлиника мукаммал таъмирдан чиқди

Инвестиция дастури ҳисобига Ховосдаги оилавий поликлиника мукаммал таъмирдан чиқди

http://t.me/malhamssb

Сирдарё вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларда тиббий хизмат турлари кун сайин кўпайиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш кулами ошиб бормоқда. Муассасалар қиёфаси эса инвестиция дастурлари ҳисобига янги, замонавий кўринишга келтирилмоқда.

20 мингдан зиёд фуқарога хизмат кўрсатиб келаётган Ховосдаги 5-сонли оилавий поликлиника инвестиция дастури ҳисобига қайта реконструкция қилиниб бугун фойдаланишга топширилди.

Қайта реконструкция қилинган мазкур оилавий поликлиника учун бюджетдан 2 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, реконструкция ишларини пудратчи ташкилот Боёвут қурилиш савдо” масъулияти чекланган жамият қурувчилари “Мирзачўл агро қурилиш лойиҳа” масъулияти чекланган жамият лойиҳаси асосида амалга оширди.

Мазкур бинони очилишида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлар доктори Рустам Юлдашев, туман ҳокими Учқун Комилов, нуронийлар иштирок этишди. Улар оилавий поликлиниканинг янги биносини, унда яратилган қулайликларни, бинодаги ҳар бир хонани кўздан кечиришди.

-Очиғини айтиш керак. Соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди,-дейди тадбирда иштирок этган Сидарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев.-Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланиш жорий этилиши кўзда тутилган. Шунга асосан мазкур поликлиникада ҳам электрон поликлиника хизмати жорий этилади. Қолаверса, поликлиникада замонавий лаборатория, УЗИ, ЭКГ, терапевт, стоматолог, педиатр, жарроҳ, умумий амалиёт шифокорлари хизматлари тўлиқ йўлга қўйилади. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш имконини берибгина қолмай, аҳолини тиббиётга янада яқинлаштиради.

Мазкур поликлиника 5 та маҳалладаги 5 мингта оилага хизмат кўрсатади. Поликлиника 150 қатновга мўлжалланган. Бундан ташқари туман тиббиёт маркази шу ҳудуда яшовчи аҳоли учун бироз узоқлик қилади. Бу масала ҳам инобатга олиниб, 10 ўринли кундузги бўлим ҳам ташкил этилди. Унда 5 нафар хотин қиз, 5 нафар эркак даволаниш имкониятига эга бўлишади.

Поликлиникада 15 нафар оилавий шифокор, 30 дан зиёд патронаж ҳамширалар фаолият олиб боришади. Улар Президентимизнинг 2020 йилни 30 октябридаги “соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2020 йилни 10 ноябридаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида аҳолига юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари, семизлик, эндокрин каби юқумли бўлмаган, сурункали касалликларни камайтириш ва бартараф этиш йўллари , соғлом овқатланиш йўллари ҳақида тарғибот тадбирларини ўтказиш билан бирга, аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини ўлчаб чиқиш борасида туманда пешқадамлик қилишмоқда. Шу бугунги кунгача ҳудудда истиқомат қилаётган 20 мингдан зиёд аҳолини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уни белгиланган тартибда хавф гуруҳларга ажратиб,  электрон базага киритиш устида иш олиб боришяпти.

Ғулом ПРИМОВ, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

 



Report Page