“Соғлом турмуш тарзи” платформасини яратиш борасида Сирдарёда муҳим қадамлар ташланди
http://t.me/malhamssb
Узоқ ва бахтли умр кўришнинг энг асосий тамойилларидан бири соғлом турмуш тарзи. Уни тўғри йўлга қўйиш масаласи эса мамлакатимизда ҳам илмий, ҳам амалий томондан исботланди.
“Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси кенг маънога эга бўлиб, у аввало жисмоний фаолликни талаб этади. Шу билан бирга, зарарли одатлардан узоқ бўлиш, яъни гиёҳвандлик моддалари, тамаки, спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик, салбий кўникмаларга қарши курашиш ва рационал овқатланиш каби муҳим тадбирларни ўз ичига олади.
Президентимизнинг 2020 йилни 30 октябридаги “соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2020 йилни 10 ноябридаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳоли орасида учраётган юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари, семизлик, эндокрин каби юқумли бўлмаган, сурункали касалликларни камайтириш ва бартараф этиш , ҳар бир оила, маҳалла, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда соғломлаштиришга қаратилган жисмоний тарбия ва оммавий спорт тадбирларини йўлга қўйишда муҳим ҳужжат бўлди.
Сирдарё вилоятида ҳам ушбу фармон ва қарор ижросини таъминлаш, унда кўтарилган масалаларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қуйиш ва соғлом овқатланишни ташкил этиш борасида муҳим қадамлар ташланди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Спорт бошқармалари томонидан муҳим дастур ва чора-тадбир режалари ишлаб чиқилди. Унга асосан, вилоятдаги ҳар бир давлат ва нодавлат муассасаларда, маҳаллаларда, аҳоли йиғиладиган жойларда соғломлаштириш ва тўғри овқатланишга қаратилган оммавий спорт ва соғломлаштириш тадбирларни ўтказиш йўлга қўйилди.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида ишлаётган шифокор ва ҳамширалар томонидан Сирдарёда “Соғлом турмуш тарзи” платформасини яратиш ва йўлга қуйиш мақсадида аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини улчаб чиқиш каби ишлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Бу тадбирларни ўтказиш учун Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида 421 та тиббий бригадалар ташкил этилиб, унга 234 нафар оила шифокори ҳамда 1883 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг 224 нафар фаоли жалб этилди ва 350 мингдан ортиқ фуқаро тиббий хатловдан ўтказилди. Тиббий хатловдан ўтказилган аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, тана, вазн индекслари тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда электрон маълумотлар базасига жойлаштирилди.
Қолаверса, Президентнинг «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасаларининг кўп тармоқли марказий поликлиникаларида «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналари ташкил этилди.
Ушбу хоналарда тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур ташкил этилган «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналарида мутахассислар аҳоли вакилларига тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича зарур кўрсатма ва тавсияларни бериш билан бирга профилактик тадбирларни олиб бормоқда.
–Очиғини айтиш керак, юқумли бўлмаган касалликлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Аслида-чи, бунга ўзимиз сабабчимиз. Соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя этмаймиз ва тўғри овқатланмаймиз. Натижада эса танимизда биз билмаган касалликлар барвақт авж олишига, бир тури, бошқа бир турини етаклаб келишига сабабчи бўламиз.
Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳияти ҳам аслида шу. Соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни йўлга қўймас эканмиз, соғлиғимиз билан боғлиқ муаммолар кўпайиб кетаверади. Оилаларимизда ҳар хил ижтимоий, иқтисодий қийинчиликлар юзага келади. Буни тўғри тушунмаганлар барча айбни жамиятга ағдариб қўйишади. Айбни жамиятдан эмас, ўзимиздан излашимиз керак. Эътиборли бўлсак, ўз устимизда ишласак, спорт ва соғломлаштириш тадбирларини канда қилмай, тўғри овқатланишни йўлга қўйсак бундай муаммоларга ўрин қолмайди.
Сир эмас, аҳоли орасида касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасамизда соғломлаштиришга қаратилган оммавий тадбирларни ўтказяпмиз. Мисол учун айтганда, февралда “Соғлом ҳаётга қадам ташла”, мартда “Инфарктга қарши кураш”, апрелда “Семизликка қарши”, майда “Зарарли одатларга қарши кураш”, июнда “Соғлом бола”, июлда “Соғлом аёл” ойликларини ўтказамиз.
Февралда “Соғлом ҳаётга қадам ташла” ойлиги доирасида ойнинг биринчи ҳафтасида “Тўғри овқатланиш” шиори остида ҳафталик кунларини ўтказган бўлсак, ойнинг иккинчи ҳафтасида “Жисмоний фаоллик” шиори остида тадбирларни ўтказяпмиз. Ойнинг учинчи ва тўртинчи ҳафталарида “Зарарли одатларга қаши курашамиз”, “Шахсий гигиенага риоя қил” шиори остида бўлиб ўтадиган тадбирларни режалаштирганмиз. Бу тўғрида ҳар бир оила шифокори, патронаж ҳамшираларимиз, тиббиёт муассасаларда ишлаётган бошқа шифокор ва ҳамшираларимиз томонидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Аммо, аҳолимизни ёмон демайман, лекин сал беэътибор. Улар соғлиқлари билан боғлиқ бундай муҳим тадбирларда фаол иштирок эта олишмаяпти. Бу эса турли юқумли бўлмаган касалликларни авж олишига, кўпайишига сабаб бўляпти. Семизлик, юрак-қон томир касалликларига ўхшаш касалликларга ҳам аслида шу одатларга риоя этмаганлигимиз сабабчи бўляпти деб ўйлайман,-дейди “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш” Сирдарё вилоят ҳудудий булими мудири Тожихон Ғоффорова.
Яқинда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев вилоятда Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифаларни бажариш асносида, яна битта янгиликка қўл ўрди. Вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасалари ходимлари орасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва спортни ривожлантириш мақсадида 32 та номдаги футболчилар жамоасини шакллантирди. Улар ўзаро бир бири билан футбол ўйинларини ўтказишиб, ўзаро рақобатлашади. Ғолиб жамоа ним чорак ўйинларида баҳслашиб финалга йўл олади. Ғолибларга эса Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиғи, қиммат баҳо эсдалик совғалари берилади.
Бундан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу. Муҳими, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни йўлга қўймай туриб, аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим ютуқларга эришиб бўлмайди. Буни Сирдарёлик ҳар бир тиббиёт ходими кундалик шиорига айлантириб, аҳолини соғлигини асраш учун тунни кунга улаб кўрашмоқда.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати