Гулистон туман тиббиёт бирлашмасининг 11-оилавий поликлиника шифокорлари Сирдарёда биринчи
http://t.me/malhamssb
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябридаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз, хусусан Сирдарёда аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари бошлаб юборилганига анча бўлди.
Мазкур тадбирларни ташкил этишга Сирдарёда тиббиёт муассасалари томонидан 421 та тиббий бригадалар ташкил этилиб, унга 234 нафар оила шифокори ҳамда 1883 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг 224 нафар фаоли жалб этилганди. Шунингдек, бу ишларга Сирдарёда доимий рўйхатда турадиган, тиббиёт йўналишларидаги олий ўқув юртларида бакалавриатнинг 5- ва 6-босқичлари, магистратуранинг 1-, 2- ва 3-босқичлари, клиник ординатура (резидентура)нинг 1- ва 2-босқич талабалари жалб этилган.
Энг асосийи, тиббий хатлов ва антропометрия яъни тана вазни, тана вазни индекси, бўй, бел айланаси, (болалар учун бош ва кўкрак айланаси), артериал қон босими, пульс, сатурация ўлчовини олиш тадбирлари давомида аҳолининг ҳар бир аъзоси хоҳ у катта. Хоҳ у кичик бўлсин саломатлик кўрсаткичлари оила шифокори ва унинг ёрдамчилари томонидан махсус дафтарчага қайд этилиб, гуруҳларга ажратилади ва электрон базага киритилади.Унда аҳолининг одатлари, чекиш, ичиш, истеъмол қилаётган таомлари, мева-чева истеъмол қилиш кўрсаткичлари ва бошқа зарарли одатлари қайд этиб борилади.
Қолаверса, ушбу тадбирларни ўтказишга жалб этилган ҳар бир оила шифокори ва унинг ёрдамчилари ташриф буюраётган хонадон соҳибларига соғлом турмуш тарзи қоидалари, инсон саломатлигини асрашда муҳим роль ўйновчи жисмоний фаоллик, унга эришиш йўллари хусусида тула қонли тушунчалар бериб бормоқда.
Сирдарёда бу тадбир эндиликда авж нуқтасига етди. Бу борада эса Гулистон туманининг Оқолтин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 11-оилавий поликлиниканинг оила шифокори Муборак Султонова, ёрдамчилари Сайёра Формонова, Нафиса Сидиқова, Саодат Мирбобоева, Одина Тожибоева ҳамда доя Гулнора Омонавалар вилоятда биринчилардан бўлиб бу муҳим тадбирни якунлашди.

Улар ҳудуддаги 10 та кўчада “Кўча бай”, маҳаллада “Маҳалла бай” ишни ташкил этиши натижасида бундай натижага эришди. Маҳалладаги 329 та хонадонда яшовчи 1676 нафар фуқарони тиббий хатловдан ўтказиши баробарида антропометрик кўрсаткичларини ўлчаб, хавфли ва зарарли одаларини ўрганиб қайд дафтарига қайд этди. Энди эса улар ушбу хатлов натижаларини белгиланган тартибда электрон базага киритишади.
-Очиғи, ўйламаган эдик. Бу муҳим тадбирни вилоятда биринчилардан бўлиб якунлаймиз деб,- Гулистон туманининг Оқолтин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 11-оилавий поликлиника оила шифокори Муборак Султонова. -Ўтказган хатлов ва антропометрик тадбирлар давомида ҳудуддаги бирон бир фуқаро четда қолмади. Уларни тула тўкис ва мукаммал ўрганиб чиқдик. Ўрганишлар натижасига кура уларни хавф гуруҳига ажратдик. Натижада ҳудудимизда яшаётган аҳолининг 361 нафари биринчи гуруҳга, 407 нафари иккинчи хавф гуруҳига, 275 нафари учинчи хавф гуруҳига, 43 нафари тўртинчи хавф гуруҳига мансублиги маълум бўлди. Шундан 552 нафари бир ёшдан ун ети ёш атрофидаги аҳоли қатлами вакиллари бўлса, 1124 нафари катта ёшдаги аҳоли қатламига мансуб фуқаролар ҳисобланади. Шундан 431 нафари мева маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қиладиган фуқароларига мансуб бўлса, 257 нафари сут ва сут маҳсулотлари, 357 нафари ширин ва пиширилган маҳсулотларларини, 367 нафари ёғли маҳсулотларни, 367 нафари тузли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилувчи фуқаролар қатламига мансублиги аниқланган бўлса, 697 нафар фуқаро жисмоний но фаол аҳоли қатлами вакиллари ҳисобланади. 156 нафар фуқаро тамаки маҳсулотларни чекишни одат қилган бўлса, 167 нафар фуқаро алкоголь маҳсулотларни истеъмол қилиши хатлов ва антропометрик тадбирлар давомида аниқланди.

-Энди барча маълумотлар тегишли жадвалга мувофиқ йиғилади ва электрон базага киритилади. Махсус электрон дастур асосида умумлаштирилади, улар асосида хонадоннинг электрон “Тиббий картаси”, маҳалла ва туманнинг “Саломатлик профили” шакллантирилади,-дейди суҳбатимизга қўшилган , “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш” Сирдарё вилоят ҳудудий булими мудири Тожион Ғоффорова.-Натижада ҳар бир оила шифокори ва унинг ёрдамчилари ўз ҳудудларида яшаётган фуқарони саломатлик кўрсаткичи билан олдиндан таниш бўлиб, унга қачон, қандай тарзида тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлади. Шунга қараб, ўз ҳудудларида саломатлик мактабларини ташкил этиб, тадбир ўтказиш кунлари жадвалини тузишади. Шунга асосан, аҳоли саломатлик кўрсаткичларига қараб тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, шахсий гигиена ва тозалаш гуруҳи таркибига киритилиб оила шифокори ва унинг аъзолари назоратида мазкур мактабда ўқитилади ва саломатлик кўрсаткичлари назорат қилиб борилади. Бунинг натижасида аҳолини саломатлик кўрсаткичи яхшиланиши баробарида умр кўриш кўрсаткичи ўзаяди.Вилоятда биринчилардан бўлиб ушбу муҳим тадбирни тугатган 11-оила шифокорлари Оқолтин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Саховат кўчасида Саломатлик мактаби дарсларини бошлашади.
Бир сўз билан айтганда, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси таркибига кирувчи шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида хатлов ва антропометрик тадбирларга жалб этилган шифокор ва ҳамширалар бу муҳим тадбирни ўз вақтида тугатиб, бошқа муҳим тадбирларни бошлаш учун тайёргарлик ишларини бир зум бўлсада тухтагани йўқ.
Ғулом ПРИМОВ, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати