Хатлов ва антропометрик ўлчов ишлари Оқолтинда уюшқоқлик билан ўтказиляпти
http://t.me/malhamssb
Аҳоли саломатлигини асраш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Бу борада эса Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси бир чеккада қараб тургани йўқ.
Улар ҳар бир оқолтинлик фуқарони соғлиғини асраш учун белгиланган қонун қоидалар, норматив ҳужжатлар асосида аниқ режа тадбирларни ишлаб чиқиб, унга амал қилиши билан бирга, белгиланган вазифаларини бажариб келяпти.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 10 ноябридаги "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги, 12 ноябрдаги "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари ҳамда шу сананинг ўзида "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармони Оқолтинлик тиббиёт ходимлар учун дастуриламал бўляпти.

Айни вақтда республикамизда, қолаверса Сирдарё вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилаётган аҳолини хатловдан ўтказиш, антропометрик ўлчамларини олиш ишларида бошқа туман тиббиёт бирлашмаларидан ортда қолишгани йўқ.
Бу ишларни ўз вақтида ўтказиш учун туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар ва ҳамширалардан иборат 24 биргада ташкил этилиб , унга 96 нафар ҳамшира ва 24 нафар шифокор жалб этилган. Улар хонадонма -хонадон юриб аҳолини хатловдан ўтказиб қолмай, буй, вазн бошқа антропометрик ўлчамларини олиб қайд дафтарига қайд қилиб бориши билан бирга соғлом турмуш тарзини йўлга қуйиш борасида кўрсатма ва топшириқларни бериб боришмоқда. Қолаверса, Президентимиз ўтган 2020 йилнинг 13 октябрида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида янгитдан барпо этилган “Янги Тошкент” маҳалласига қилган ташрифи чоғи ўша ҳудуддаги оилавий поликлиникада бўлганди. Шунда соҳа ходимлари билан учрашиб тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолини умрини узайтириш масалалари юзасидан сўз юритиб “Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30-40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз” деган сўзлари ва у ерда берган топшириқларини ижросини таъминлаш мақсадида соғлом турмуш тарзи асоси бўлган соғлом овқатланиш, енгил, жисмоний тарбия машғулотларини қачон, қандай ўтказиш юзасидан ўз тавсияларини беришяпти.

-Очиғини айтиш керак,- дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Ғофур Абдурайимов. Олдимизда каттагина вазифа турибди. Буни амалга ошириш учун албатта ҳаракат, тинимсиз меҳнат ва хоҳиш керак. Бу хислатларни барчаси туманимиз шифокорлари ва ҳамшираларида бор. Улар ҳаракат қилишяпти, ўз устида ишлаяпти, изланяпти. Президентимизни Олий Мажлис сенатига йўллаган мурожаатида ҳам соҳамизга, қолаверса аҳоли саломатлигига дахлдор кўпгина масалалар илгари сўрилганди. Ана шу жиҳатларни пухта ўрганиб, аниқ белгиланган тартибда ишни қайта йўлга қуйганмиз. Имкониятларимизни чамалаб кўриб, баъзи бир масалалар юзасидан ўз таклифларимиз билан юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Уларни ёрдамлари туфайли аҳоли саломатлигини асраш борасида олиб бораётган ишларимиз сифати анча яхшиланди. Малакали мутахассисларга бўлган талабларимиз ҳам аста секинлик билан бартараф этилмоқда. Яқинда туманимизнинг энг чекка ва олис ҳудуди бўлган, Усмон Носир номидаги сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида жойлашган қишлоқ врачлик пунктимизда ишлаш учун бир нафар малакали мутахассисни жалб этдик. Ўша ҳудудда яшаши ва ишлаши учун унга шарт-шароит яратиб берган бўлсак, аҳолини хатловдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини ўлчаб, қайд дафтарларида қайд этиб, электрон базага киритиш ишларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан туманимизга бириктирилган малакали мутахассислар эса бизга катта ёрдам беришмоқда. Улар ёрдамлари туфайли Сирдарё вилоят ҳамшираларни малакасини ошириш маркази, республика ва вилоятдан келган малакали мутахассислар томонидан семинар-тренингларни ташкил этиб, шифокор ва ҳамшираларимизни билим ва иш тажрибаларини ошириб боряпмиз.

Тўғриси ҳам шундай. Туманда олиб бораётган ишлар бош шифокор айтганидек олиб бориляпти. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари бу ишларга масъулият билан ёндашиб, берилган топшириқ ва кўрсатмаларини ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилишмоқда.

Бундан ташқари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасида соғлом турмуш тарзи хонаси ташкил этилиб, унда тиббиёт бирлашмасида даволанаётган ва улар ортидан келаётган фуқароларга соғлом турмуш тарзи асослари, соғлом овқатланиш тамойиллари хусусида малакали мутахассис томонидан тавсиялар бериб бориляпти.

-Биз бу билан чегараланиб, бир жойда тўхтаб қолганимиз йўқ,-дейди “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш” бўлими ҳамшираси Наргиза Қамбарова.-Ҳудудларга чиқяпмиз, уйма-уй юриб тарғибот ташвиқот ишларини ташкил этиш билан бирга, уларга тарқатма материаллар тарқатяпмиз. Аҳолимиз ҳозир анча яхши. Улар ўз устида ишлашяпти. Соғлом турмуш тарзига риоя этиш билан бирга, фаол, жисмоний ҳаракат қиляпти. Аслида-чи, мақсадимиз ҳам шу. Инсон соғлом бўлса уйида, рўзғорида хотиржамлик ҳукм суради. Шунга яраша ишида унум, топганида барака бўлади. Буни улар яхши билишади. Шу ўринда бир гап. Соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик, фаол жисмоний ҳаракат қилмаслик оқибатида келиб чиқадиган юқумли бўлмаган касалликлар турлари бўйича тула тўкис маълумот беряпмиз. Бу эса ўз натижасини беряпти. Юрак қон томир, эндокринолог ва бошқа касалликлар тури билан касалланган беморлар сони ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада камайгани ҳам бу ишларимиз натижаси ҳисобланади. Бу эса бизни ютуғимиз бўляпти.

Туман тиббиёт бирлашмасига амалий ёрдам учун вилоятдан ташриф буюрган малакали мутахассислар ўз тавсияларини бериши баробарида улар билан биргаликда хонадонма -хонадон юриб, тарғибот тадбирларини ўтказишяпти.

-Мана,-дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят филиали бош ҳамшираси Гулчеҳра Эгамбердиева. –Президентимизни "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармони ижросини таъминлаш ва аҳолига ушбу фармон моҳиятини тушунтириш, ўтказилаётган хатлов ва антропометрик ўлчов ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш учун туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига кўмакка келганмиз. Улар билан биргаликда хонадонма- хонадон юриб, тарғибот ташвиқот ишларини олиб боряпмиз. Навбатдаги ташрифимиз, туман марказининг Ойқор кўчасидаги 41 хонадонда яшовчи Ботиржон Усмонов ва Мамлакат Усмоновалар хонадони бўлди. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси оилавий шифокори Одина Содиқова, турт нафар патронаж ҳамшира ҳамда вилоят Диагностика маркази бош ҳамшираси Санобар Маматқулова ҳамроҳлигида ушбу хонадонга ташриф буюриб, хонадон аъзоларини хатловдан ўтказиш билан бирга антропометрик ўлчамларни ўлчаб, қайд дафтарида қайд этдик. Хонадон соҳиби Ботиржон Усмонов бундан икки йил муқаддам бош мия инсультини бошдан ўтказиб, уйда ўтириб қолган. У кишини соғлиқларини куздан кечириб ўз тавсиямизни бердик.

Бир сўз билан айтганда Оқолтинда аҳоли саломатлигини асраш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида муҳим қадамлар ташланяпти. Бу имкониятларни, қулайликларни яратиб бераётган давлатимиз раҳбари, қолаверса вилоят ва туман раҳбарлари ишидан эса туман аҳолиси беҳад хурсанд бўлишяпти.
Ғулом ПРИМОВ, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати