Сирдарёда онкологик касалликлар билан касалланган беморларнинг ремиссия даври узайиб, ҳаёт сифати яхшиланмоқда
http://t.me/malhamssb
Онкологик касалликлар бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланмоқда.
Аммо, лекин юртимизни касалликнинг бу туридан холи деб бўлмайди. Чунки сўнги йилларда юртимизда, қолаверса Сирдарё вилоятида ҳам онкологик касаллик ва унинг асорати билан касалланган фуқаролар сони ошиб бормоқда.
Биргина, ўтган йилнинг ўзида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилоят филиалида 3002 нафар бемор , ушбу касалликнинг енгил, урта, оғир формалари билан даволангани ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Айни чоғда, ушбу касаллик билан касалланган беморлар сони вилоятда 1752 нафарни ташкил этади. Шундан 373 нафари янги бемор бўлиб, уларнинг 80 нафарида касалликнинг белгилари соҳа ходимлари томонидан ўтказилган профилактик кўриклар вақтида аниқланган.
Бу касалликлар ичида сут бези саратони етакчилик қилаётган бўлса, кейинги ўринларни, меъда, бачадон бўйни ва ўпка саратони касалликлари эгаллайди. Афсуски, 50 фоиздан ортиқ ҳолатларда ушбу касаллик кечки, яъни, тўлақонли даволаш мушкул бўлган ҳолатларда аниқланмоқда. Шу боис, бу тиббий-ижтимоий муаммога қарши қуршаши нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки, бутун жамият зиммасига катта масъулият юклаяпти.
Мазкур филиал давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган муассаса бўлиб, муассасанинг 27 ўринли жарроҳлик, 28 ўринли химия терапия, 10 ўринли паллиатив, 6 ўринли реанимация бўлими ҳамда 50 қатновга мўлжалланган поликлиникаси ушбу касаллик билан касалланган беморларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Филиалда 22 нафар врач, 84 нафар ҳамшира, 3 нафар тиббиёт фанлари номзод фаолият олиб бориши билан бирга 6 нафар врач ўз йўналиши бўйича, илмий даража олиш учун изланмоқда. Қувонарли томони шундаку, улар онкологик касалликка гумон қилинган беморларни қайта текширувдан ўтказиш, аниқ ташхис қўйиш, даволаш ишларини олиб бориш билан бир қаторда, аҳоли орасида, қолаверса, муассасага мурожаат қилиб келган фуқаролар орасида бу касаллик профилактикаси, уни олдини олиш йўллари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш сирлари хусусида тарғибот ташвиқот ишларини ташкил этяпти. Бу эса ўз самарасини кўрсатиб қолмай, касалликни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имконини беряпти.

Бундан ташқари, ҳар ой, уч кун муддатида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг уч нафар шифокорининг ташрифи йўлга қўйилган бўлиб, улар икки кун вилоятнинг туманларида, бир кун Филиалда фаолият олиб бориб онкологик касалликлар билан касалланган ва гумон қилинган фуқароларни тиббий кўриклардан ўтказишда филиал шифокорларига ёрдам бериши билан бирга, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари шифокорларига ўз амалий тавсияларини бераётир.
Филиал шифокорлари ва ҳамширалари МСКТ, Эндоскопия, Бронхоскопия, Колоноскопия, УТТ, ЭКГ каби энг сўнги замонавий тиббий жиҳоз ва қурилмалар орқали зарур диагностик текширувларни олиб бориш билан бирга, даволашнинг замонавий стандартларидан фойдаланиб, даволаш муолажаларини ўтказяпти.

-Очиғини айтиш керак, бизни филиалда шу бугунги кунга қадар беморларни даволашда химия терапия усулидан фойдаланиб келинаётган эди. Нур терапия муолажалари учун беморларимизни Тошкентга боришига тўғри келарди. Чунки нур терапия- онкологик беморларни даволашдаги асосий усуллардан бири ҳисобланади. У жарроҳлик усули билан бирга комбинирланган ва алоҳида шаклда қўлланилади. Бу усул ривожланган давлатларда беморларнинг 60 фоизига қўлланилади. Ўтган йили филиалимизга Чехия давлатидаги UJP PRAHA Терабалт нур аппаратини Ислом тараққиёт банкининг 4.5 миллиард сўм пул маблағи ҳисобига олиб келдик. Уни Белорусиялик мутахассислар ўрнатиб беришди. Ушбу ускуна билан ишловчи уч нафар мутахассисимиз, физик Даврон Назаров, Жаҳонгир Хужаёров, радиолог шифокор Икром Эргашевлар Белоруссияда , ҳамшираларимиздан Насиба Ортиқова, Муҳайё Мирзақулова, Хуршида Набиева, Зебинисо Кенжаевалар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида ўз малакаларини ошириб келишди. Муҳими, энди ушбу ускуна орқали даволаш ишларини бошлаб юбордик. Беморларимизни, йўл юриб, сарсон бўлишига ҳожат қолмади. Улар Сирдарёни ўзида ушбу муолажаларини олишяпти. Даволаш самарадорлиги ортиши билан бирга, беморларни ремиссия даври узайиб, ҳаёт сифати яхшиланмоқда,-дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиали директори, тиббиёт фанларим номзоди Сундр Урунбоев.

Бир сўз билан айтганда, онкологик касалликларни олдини олиш ва даволаш мақсадида Сирдарёда муҳим қадам ташланяпти дея айтса бўлади. Бундай юқори технологияга асосланган, инновацион ва замонавий ускуна билан таъминланиши Давлатимиз раҳбарининг, қолаверса Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Халқмиз саломатлигини сақлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати маҳсули десак адашмаймиз.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати