“S&P” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида тасдиқлади
MoliyaPressЖорий йилнинг 3 июнь кунида “S&P” халқаро рейтинг агентлиги томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги баҳоси “BB-” (барқарор кутилма) даражасида тасдиқланди.
Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди. Баҳолаш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралар билан республикадаги макроиқтисодий ҳолат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар батафсил муҳокама қилинади.
Қайд этиш лозимки, 2022 йил январь-май ойларида халқаро рейтинг агентликлари томонидан 20 та мамлакатнинг рейтинг баҳоси ёки рейтинг кутилмаси пасайтирилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон кредит рейтинги бўйича “барқарор” кутилманинг сақлаб қолиниши нисбатан мустаҳкам фискал ва ташқи захиралари мавжудлиги туфайли республика иқтисодиёти келгуси 12 ой давомида ташқи шокларнинг салбий таъсирини камайтириш имкониятига эгалигини акс эттиради.
Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат ликвид активлари ЯИМга нисбатан 22,5 фоизни, фойдаланиладиган халқаро захиралар ЯИМга нисбатан 38,8 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, мамлакатнинг соф ташқи кредитор позицияси ва соф давлат қарзи юкининг мўътадиллиги республика кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида келтирилган.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми, монетар сиёсатнинг мослашувчанлиги, ҳисобдорлик ва институтларнинг ривожланиш даражаси республика суверен кредит рейтингини ҳозирги вақтда чекловчи омиллар сифатида санаб ўтилган.
Ҳисоботда ташқи савдодаги узилишлар, пул ўтказмалари ва молиялаштириш манбаларининг қисқариши иқтисодий ўсиш ва фискал консолидацияни секинлаштириши сабабли 2022 йил учун реал ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати 3,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.
Шу билан бирга, агентлик томонидан Ўзбекистон ташқи иқтисодий шок ва ноаниқликларга бардош беришига ва келгуси йилларда ўсиш суръатлари (2023 йилда - 5 фоиз, келгуси йилларда - ўртача 5,5 фоиз) тикланишига ишонч билдирилган.
Ҳисоботда амалга оширилаётган инвестиция дастурлари ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиниши, шу жумладан хусусий секторнинг ривожланиши ва бизнес муҳитининг яхшиланиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши қайд этилган.
“S&P” халқаро рейтинг агентлиги 2017 йилдан буён ҳукумат ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация бўйича ўз олдига қўйган мақсадларида сезиларли равишда илдамлаганини қайд этган.
Хусусан, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар – суд ҳокимияти мустақиллигининг мустаҳкамланиши, сўз эркинлигига қўйилган таъқиқларни олиб ташланиши, ҳисобдорликнинг ошиши, коррупцияга қарши курашиш, иқтисодий маълумотлар очиқлиги, савдо ва валюта курси либерализацияси, давлат корхоналари ислоҳоти ва хусусийлаштириш режалари алоҳида эътироф этилган.
Ҳисоботда давлат қарзи ўрта муддатда барқарорлашиши ва, асосан, имтиёзли кредитлардан ташкил топганлиги ҳисобига давлат қарзи харажатларининг пастлиги келтириб ўтилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг монетар сиёсати таъсирчанлигининг кейинги йилларда ошиб бораётганлиги ва бу борадаги энг муҳим ислоҳотлардан бири сифатида валюта курси либерализацияси бўлганлиги эътироф этилган.
“S&P” рейтинг агентлиги ҳисоботида Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва ислоҳотлар иқтисодий ўсиш салоҳияти, фискал ҳамда ташқи захираларнинг ошишига хизмат қилишини республика кредит рейтингини оширувчи омиллар сирасига киритилган.
Республика кредит рейтингини пасайтирувчи омиллар сифатида қуйидагилар қайд этилган:
- ташқи савдо ва пул ўтказмалари камайиши сабабли агентлик кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари заифлашса;
- давлат ва молия секторининг ташқи қарзлари ўсиш суръатларининг мўътадил даражада сақланиши бўйича агентлик кутилмаларидан фарқли ўлароқ, мазкур қарзлар тез суръатлар билан ўсишда давом этса;
- иқтисодиётдаги долларлашув даражаси сезиларли даражада ошса;
- йирик давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида давлат шартли мажбуриятлари амалга ошса (яъни, ҳукумат давлат корхоналарининг қарзларини тўлашни бошласа).
Молия вазирлиги
Ахборот хизмати