“S&P Global Ratings” агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-” даражасида тасдиқлади, лекин рейтинг кутилмани ўзгартирди

“S&P Global Ratings” агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-” даражасида тасдиқлади, лекин рейтинг кутилмани ўзгартирди


MoliyaPress

Жорий йилнинг 5 июнь куни “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. 

Ҳисоботда агентлик Ўзбекистон суверен кредит рейтингини 

“BB-” даражада сақлаб қолган ва қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган:

• Ҳукуматнинг кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишда ва иқтисодиётни модернизация қилишда илгарилагани эътироф этилган; 

• Мамлакат институционал ислоҳотларда муваффақиятга эришаётгани таъкидланган. Хусусан, "Doing Business", “Коррупцияни қабул қилиш” индекслари ва Жаҳон банкининг бошқарув кўрсаткичларида мамлакатимизнинг ўрни сезиларли даражада яхшилаганлиги эътироф этилган; 

• 2019 йилда бошланган банк сектори ислоҳотлари натижасида банк тизимида долларлашув даражасини пасайгани ҳамда бу ўз ўрнида, кредит бозори сегментациясини камайтиришга қаратилган чоралар билан уйғунликда Марказий банкнинг инфляцияни таргетлаш режимига ўтишига ва монетар сиёсатининг таъсирчанлигини оширишига хизмат қилиши кўрсатилган;

• Солиқ ислоҳотлари натижасида солиқ базаси кенгайгани ва ундириш суръатлари ошгани ҳамда давлатда фискал шаффофлик ортгани қайд этилган;

• Республика учун давлат улушига эга корхоналар ислоҳоти ва тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш ҳукумат олдида турган устувор вазифа бўлиб қолаётганига урғу берилган.

Бироқ мазкур ҳисоботда мамлакатимиз кредит рейтингининг кутилмаси “Барқарор”дан “Салбий”га ўзгартирилди.

 Ушбу “Салбий” кутилма коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсири ҳамда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилинаётган маблағлар ҳисобига Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи сўнгги 12 ой давомида сезиларли ўсгани билан изоҳланган.  

Шу билан бирга, “S&P Global Ratings” томонидан давлат ташқи қарзи юқори суръатлар билан ўсишига қарамай у билан боғлиқ хатарлар ҳануз паст даражада эканлиги эътироф этилган.

Маълумот учун: Дастлабки оператив маълумотларга кўра, 

2020 йил 1 июнь ҳолатига давлат ташқи қарзи 17,1 млрд. АҚШ долларни ёки Ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 29,5 фоизни ташкил этмоқда. 

Мавжуд ташқи қарзнинг 11,5 млрд. АҚШ доллари ёки 67 фоизи ҳукумат номидан ёки давлат кафолати остида давлат корхоналарининг инвестицион лойиҳа ва дастурларига жалб қилинган маблағлардир.

Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2020 йил 19 май куни чоп этилган Қарз барқарорлиги ҳисоботида республиканинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори ҳамда давлат ташқи қарзи ҳажми мўътадил даражадалиги эътироф этилган.

Қайд этиш лозимки, коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг таъсири туфайли дунё бўйлаб мамлакатларнинг кредит рейтингларида салбий томонга ўзгартиришлар кузатилмоқда. Хусусан, йил бошидан бери “S&P Global Ratings” 47 та мамлакатнинг суверен кредит рейтинглари ёки кутилмаларини салбий томонга ўзгартирди. 

 Ҳисоботда “S&P Global Ratings” томонидан қуйидагилар келгусида мамлакатимиз халқаро суверен кредит рейтингига ижобий таъсир этувчи омиллар ҳисобланади:

• Ташқи қарз ўсиш суръатларининг ўрта муддатларда пасайиши;

• Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва давлат улушига эга корхоналарни ислоҳ қилиш натижасида иқтисодиётнинг ўсиш салоҳияти ва барқарорлигини яхшиланиши;

• Диверсификациялашган давлат бюджети даромадлари базаси ва экспорт таркиби.

Шу билан бирга, “S&P Global Ratings” томонидан қуйидагилар республиканинг халқаро суверен кредит рейтинг баҳоларига салбий таъсир этувчи омиллар сифатида келтирилган:

• 2023 йилгача ташқи қарз ортиши туфайли фискал баланснинг сезиларли ёмонлашуви ҳамда ташқи қарзни янада тезроқ ўсиши; 

• Давлат улушига эга корхоналар ҳолатининг заифлашуви натижасида давлат мажбуриятларининг ортиши;

• Олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай иқтисодиётда долларлашув даражасининг сезиларли ўсиши.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, рейтинг кутилмасини яхшилаш учун давлат қарзини макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш ҳамда ташқи қарз ўсишини қатъий назорат қилиш талаб этилади. 

Қайд этиш лозимки, Молия вазирлиги томонидан ушбу мақсадларга эришиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг йўриқномаси ва кўмагида, Ўзбекистон Республикаси ялпи давлат қарзининг хавфсиз даражаси Ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳисобланди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ва унинг кафолати остида 2020 йилда жалб этиладиган ташқи қарз 

4 млрд. доллар миқдорида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгилаб қўйилди.

Халқаро валюта жамғармаси томонидан 2020 йил 19 май куни чоп этилган ҳисоботда қайд этилишича, давлат ташқи қарзининг йиллик юқори чегараси 4 млрд. долларгача миқдорда белгиланса, ўрта муддатда Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи хавфсиз даражада бўлиши таъминланади. 

Давлат қарзини бошқариш бўйича Қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонунининг лойиҳаси АҚШ Ғазначилиги техник кўмагида ишлаб чиқилмоқда. 

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда 2020-2022 йиллар учун “Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини бошқариш стратегияси” (MTDS) ишлаб чиқилди ва ҳар йили янгилаб борилмоқда.

Мазкур стратегия доирасида давлат қарзини диверсификациялаш мақсадида давлат бюджети тақчиллигини, имкон қадар, ички бозорда давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш орқали қоплашга ҳаракат қилинмоқда. 

Хусусан, ички бозорда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозлари 2018 йилда қарийб 600 млрд. сўмдан 2019 йилда 1,6 трлн. сўмгача ошди. 2020 йил бошидан эса, 3,4 трлн. сўмга тенг давлат қимматли қоғозлари чиқарилди.  

UNCTAD (Бирлашган миллатлар ташкилотининг савдо ва ривожлантириш бўйича конференцияси) ва Осиё тараққиёт банки кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи мониторингини юритиш, унга хизмат кўрсатиш, ҳисоб ва ҳисоботларни автоматлаштириш мақсадида вазирлик томонидан давлат қарзини бошқариш ва молиявий таҳлил тизими (DMFAS-6 дастурий мажмуаси) жорий қилинди.

Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда чораклик Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи эълон қилиш йўлга қўйилди, вазирликнинг расмий сайтида доимий равишда таҳлилий маълумотлар жойлаштирилмоқда.

Умид қиламизки, ушбу таъсирчан чоралар Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини ўрта ва узоқ муддатда яхшилаш учун хизмат қилади.