АМИР ТЕМУР ҚАБРТОШИДАГИ СИРЛАР

АМИР ТЕМУР ҚАБРТОШИДАГИ СИРЛАР

Рустам Жабборов
Амир Темур мақбараси, Самарқанд

Бир пайтлар йигирма етти давлатни ўз байроғи остида бирлаштирган, етти иқлимга довруғ солган, жаҳон давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга бўлган улуғ ҳукмдор Соҳибқирон Амир Темурнинг хоки Самарқанддаги ана шу  мовий гумбазли мақбара  остида ётибди.

Милодий 1405 йил 18 февраль, Ўтрор шаҳрида Хитой юришига отланган Амир Темур кутилмаганда шамоллаш туфайли оламдан ўтади. Амир Темурнинг жасадини мамлакат пойтахти Самарқандга келтириб, васиятига биноан, ўзи қурдирган муҳташам Гўри Амир мақбарасига дафн этдилар.      

        Ушбу  меъмрий ёдгорликнинг қурилиш тарихи Соҳибқироннинг суюкли набираси Муҳаммад Султон номи билан боғлиқ. Ватанидан олисда вафот этган шаҳзоданинг жасади Самарқандга келтирилади ва шу ерда қурилган хонақоҳда кўмилади. Кейиналик бу ерда алоҳида мақбара қурилади ва шаҳзоданинг хоки унга кўчирилади.

        Саркарданинг ўлимидан сўнг тахтни эгаллаган шаҳзода Халил Султон бобосининг жасадини ушбу даҳмага келтириб дафн этади. 1409 йилда Шоҳрух Мирзо Ҳиротдан келиб, Самарқанд тахтини эгаллайди ва ўғли Улуғбекни тахтга ўтқазиб кетади. Кейинчалик бу дахмага Амир Темурнинг пири комили Саид Бараканинг хоки Андхуй шаҳридан келтирилиб, Соҳибқироннинг бош томонида дафн этилади. 1424-1427 йилларда Мирзо Улуғбек томонидан мақбаранинг биринчи қаватига қабр тошлари келтириб ўрнатилади. 

                                  Нодиршоҳнинг хатоси

        Амир Темур қабри устидаги нефрит тош ҳақида ҳам турли туман афсоналар бор. Маълумотларга кўра биринчи қаватда ўрнатилган бу қора нефрит тоши Хитойдан олиб келинган, дастлаб икки бўлакдан иборат бўлган бу тош кейинчалик ўта усталик билан бир-бирига бириктирилган экан.

Амир Темур қабртоши

        Бошқа бир маълумотга кўра, қабртоши 1740 йилда  Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг буйруғи билан кўчириб олиб кетилган. Аммо, шундан сўнг Нодиршоҳ ҳаётида турли нохушликлар юз беради. Қизи оғир касалликка чалинади. Мамлакатда зилзила юз беради. Тушида Амир Темурнинг пири Саид Барака кириб, тошни жойига қайтаришни маслаҳат беради. Шундан сўнг Нодиршоҳ мулозимларига қабртошини ортга олиб бориб, ўрнатиб келишни буюради. Йўлда мулозимлар тошни ерга тушириб юборишади. Тош иккига бўлинади. Шунга қарамай, тошни худди бус-бутундек қилиб, жойига ўрнатиб кетишади.

        Мазкур қабртоши самарқандлик усталар томонидан ишлов берилиб, унга Амир Темурнинг шажараси,  Қуръон оятлари ва араб тилидаги дуолар битилган. Мазкур битикда Амир Темур ва Чингизхоннинг шажараси битта нуқтада туташиши кўрсатилган. Унда битилишича, ҳар икки фотиҳнинг шажараси катта момолари - Аланқувага бориб тақалади.

        Авваламбор Амир Темур ва Чингизхонниннг битта шажарага мансублиги хусусида тарихчилар турли фикрларни билдирадилар. Маълумки, ўша пайт нуқтаи назаридан Чингизхон ва унинг авлодларининг нуфузи баланд бўлгани учун Амир Темур ва Темурийлар даврида расман давлатни Чингизхон авлодидан бўлган “қўғирчоқ” хонлар бошқарган. Эҳтимол, Амир Темур чиндан ҳам Чингизхон билан қондош бўлганида бошқа хон излашга ҳожат қолмаган, Соҳибқирон ўзини амир эмас, хон деб эълон қилган бўларди.

                                      Аланқува ким бўлган?

        Энди қабртошида номи тилга олинган Аланқува ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтиш лозим. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус”, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажари турк” китоблари ва бошқа кўплаб тарихий асарларда туркий ҳукмдорларнинг келиб чиқиши ҳақида сўз кетганда, ана шу аёл номи тилга олинади.

        Афсоналарга кўра, Нуҳ (а.с.)нинг катта ўғли Ёфас барча туркий қавмларнинг отаси саналган. Унинг авлодларидан бўлган Аланқуванинг отаси - Ўғузхон наслидан бўлган Чуйманахон катта ҳудудга хонлик қилган. Аланқува гўзалликда тенги йўқ соҳибжамол, ўта тақводор, иффатли ва заковатли малика бўлган.

              Аланқува тунда ўз ҳужрасида ибодат қилиб турганида туйнукдан бир нур оқиб киради ва у жуда гўзал, хушчеҳра йигитга айланади. У ўзини Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.)нинг ўғилларидан бири деб таништиради ва Аланқува билан қўшилади. Орадан кўп ўтмай, Аланқувадан паҳлавон бир ўғил туғилади. Унга Бузанжир деб исм қўйишади. Унинг авлодидан эса, Чингизхон ва Амир Темур туғилган эканлар.

        Тарихий манбаларда Аланқува исмли аёлнинг тарихий шахс бўлгани ҳақида аниқ маълумотлар учрамайди. Қолаверса, Ҳазрати Али (р.а.)нинг фарзандларидан бундай каромат содир бўлганида Ислом манбаларида бу ҳақда етарлича хабар берилган бўлар эди.

Амир Темур Кўрагон

        Чамаси бу афсоналар кейинчалик ҳукмдорларнинг шажарасини бевосита пайғамбаримизга тақаш учун тўқилган бўлиши мумкин. Шажарини пайғамбарлар ва жаҳонгирлар билан боғлаш анъанаси кейинги сулолалар тарихида ҳам кўплаб учрайди. Масалан, Қўқон хонлиги тарихчилари ўз ҳукмдорлари шажарасида Мирзо Бобурга боғлашади. Бу ҳолат замонавий дунёда ҳам давом этмоқда. Жумладан бир пайтлар қозоқ тарихчилари Нурсултон Назарбоевнинг насабини Чингизхонга олиб бориб тақашган.

                                            Қабртошда қарғиш битилганми?

        1941 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати марказнинг кўрсатмасига биноан Самарқанддаги бир қатор тарихий дахмаларни очиш ҳақида қарор қабул қилди. Бир гуруҳ мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ 16 июндан ўз ишини бошлади.

        Машҳур ўзбек кинорежиссёри Малик Қаюмов худди ўша пайтда юз берган воқеаларни ўз хотираларида ёзиб ўтади. Малик Қаюмов бир чойхонага кирганида уч нафар қария қўлида аллақанда китобни кўрсатиб, “Амир Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас. Акс ҳолда уруш бошланади” дейишади. Араб имлосидан хабардор Малик Қаюмов китобдаги ушбу битикларни ўз кўзлари билан кўргани, аммо чолларни тасвирга ололмаганидан афсусда эканини ёзади. Бу ҳақда ишчи гуруҳ таркибида бўлган Садриддин Айний хабар топиб, чолларни ҳайдаб юборади. Орадан бир неча кун ўтиб, немис фашистлари собиқ иттифоқ ҳудудига бостириб кирадилар. Кейинчалик ҳалиги чолларни топишнинг иложи бўлмайди.

Амир Темур қабрининг очилиши, 1941 йил июль

        Дарҳақиқат, 16-24 июнь кунлари мазкур мақбарада Амир Темур, Улуғбек, Мироншоҳ, Шоҳрух ва Муҳаммад Султонларнинг қабри очилади. Амир Темур ва Темурийларнинг жасад қолдиқлари чиқариб олинади ва ўрганилади. Улар асосида М.Герасимов темурийларнинг асл қиёфаларини тиклашга ҳаракат қилади.

        Албатта, Амир Темур ва бошқа темурийзодалар қабрининг очилиши улар сиймосига нисбатан ҳурматсизлик эди. Бироқ, мазкур қабр очилганидан сўнг уруш бошланганини “уруш руҳининг безовта қилиниши”, Амир Темурнинг  қарғиши билан боғлаш тўғри эмас. Зотан, Иккинчи жаҳон уруши бу ҳодисадан икки йил аввал, 1939 йилнинг 1 сентябрида бошланган, фашистлар Германиясининг эртами-кечми собиқ иттифоққа қарши уруш бошлаши аниқ бўлиб қолганди.  Амир Темурнинг суяклари ўз жойига қайтганидан сўнг уруш якунига етган, деган фикр ҳам ҳақиқатдан йироқ. Чунки, суяклар 1942 йил декабрда мақбарага келтириб кўмилади. Ҳолбуки, шундан кейин ҳам жанглар яна икки ярим йил давом этган.

        Қолаверса, Амир Темур қабртошида кўпчилик ўйлаганидек, “менинг қабрим очилган куни уруш бошланади” деган мазмундаги таҳдидли башорат бўлмаган...


 

 

Report Page