СОҲАДА ГЎЗАЛЛИК ҚОНУНИЯТЛАРИ 

СОҲАДА ГЎЗАЛЛИК ҚОНУНИЯТЛАРИ 

February 17, 2020

 

Куни кеча “Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖ томонидан “Этика, эстетика ва мантиқ - йўналишлари бўйича” давра суҳбати ўтказилди. Барча тумангаз таъминоти филиал ходимлари иштирокидаги мазкур тадбирга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг сиёсий шарҳловчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков ҳамда, Яккасарой тумани Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Баҳодир Юсупов ташриф буюрди. 

Қизиқарли танишув билан бошланган давра суҳбатида мамлакатимизда Мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига алоҳида тўхталиб унинг ҳаёти ва ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни беқиёс эканлиги эътироф этилди. Шу ўринда бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, инсоният тафаккурини айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдаги ўрни муҳим эканлиги таъкидланди.

Буюк аждодларимизнинг тарихи, ҳаёти ва ижодини эшитган борки, ифтихор ҳиссини албатта туяди. Худди шундай ғурур ва ифтихор иштирокчиларнинг нигоҳида ҳам акс этди. Айниқса, меҳмонлар томонидан Бобур ғазалларига битилган қўшиқлар ҳиргойиси уларга янада завқ бағишлади.

Ходимларининг дунёқараши ва тафаккурини кенгайтириш, этик ва эстетик савиясини янада ўстириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда китобхонлик маданиятига ҳам кенг тўхталиб ўтилди. Яккасарой тумани Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Баҳодир Юсупов китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, қолаверса, фарзандларимизнинг маънавий дунёқараши бой бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, зеро, китоб иродани тоблайди. Бугунги тезкор ва замонавий шароитда интеллектуал салоҳияти юксак кадрларни тайёрлашда ёшларнинг китобга муносабатини янада яхшилаш, янги бадиий ва соҳага доир, жумладан, давлат тилидаги китоблар билан мунтазам равишда ўқиб, танишиб бориш долзарб аҳамият касб этади.

Суҳбатдаги ҳар бир мавзу кенг муҳокамалар, савол-жавоблар билан қизғин якунланди. Кун саҳифасидаги яна бир кун унутилмас таасуротлар билан эсда қолди десак муболаға бўлмайди.


“Ҳудудгаз Тошкент шаҳар” МЧЖ матбуот хизмати








Report Page