СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА РИОЯ ҚИЛАСИЗМИ?

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА РИОЯ ҚИЛАСИЗМИ?


Халқимизда касални даволагандан кўра, олдини олган афзал, деган нақл бор. Дарҳақиқат, саломатликни сақлашда профилактика, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя этиш муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича галдаги муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам касалликлар профилактикаси масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бошқарув идоралари ишини айнан шунга йўналтириш лозимлигини таъкидланди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, тўғри овқатланиш ва пиёда юришнинг саломатликка фойдасини тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, миллатимиз генафондини сақлашда профликатика ва соғлом турмуш тарзининг ўрни алоҳида. Шундан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тизимли равишда мамлакатимиз бўйлаб оммавий саломатлик тадбирларининг уюшқоқлик билан ташкил этилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзига қизиқишини оширмоқда. 

Хўш, соғлом турмуш тарзи ҳақида соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик вакилларининг фикрлари қандай?


Бешта хавфдан эҳтиёт бўлинг

Гули ШАЙХОВА, Тошкент тиббиёт академияси болалар ва ўсмирлар овқатланиш гигиенаси кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори:

— Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, узоқ умр кўриш сирлари борасида олимлар томонидан турли хил изланишлар олиб борилмоқда. Натижаларга кўра, спорт билан шуғулланиб, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилиб, фаол ҳаёт тарзини олиб борганлар тўғри овқатланиб, кам ҳаракат қиладиган инсонларга нисбатан тетик ва саломат бўлиши барчамизга кундек равшан. Фойдали одатлар, жумладан, жисмоний машқларни мунтазам бажариш ва соғлом овқатланиш инсон умрини ўн йилга узайтириши мумкин. 

Инсон соғлиги учун бешта асосий хавф бор. Улар: чекиш, алкогол истеъмол қилиш, ёғ ёки қандни кўп ейиш билан боғлиқ носоғлом овқатланиш, кам жисмоний фаоллик ва тана вазни индекси бўйича ҳисобланган ортиқча вазн.

Соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, узоқ умр кўраман дейдиганлар шу хавфлардан узоқда бўлгани яхши. Спорт билан шуғулланишга мунтазам вақти йўқлар пиёда юриб ҳам организмига ёрдам бера олади. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. 


Болани тўғри овқатлантириш зарур

Барно ОДИЛОВА, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори: 

— Соғлом онадан – соғлом бола деганларидек, аёллар она бўлмасиданоқ яъни, ҳомиладорлик пайтидаёқ фойдали таомланишга амал қилиши шарт. Фарзандли бўлганидан кейин маълум муддат бола она сути билан озиқланади. Сутдан ажратган оналар эрталаб фарзандини уйғотганда биринчи бўлиб ярим пиёла қайнаган сув ичиришдан нонуштани бошлаш керак. 

Боланинг бир кунда истеъмолдаги овқати шу вақт ичида сарф этилган энергия ўрнини қоплаши ва ўсишни таъминлаши керак. Болаларни овқатлантиришда овқат таркибидаги маҳсулотлар нисбатини олиш керак. Умумий ўрта таълим мактабларида ва мактаб интернатларида биринчи сменадаги ўқувчиларга эрталабки нонушта 7.30 дан 8.00 гача бир кунлик овқатланиш меъёрининг 25 фоизи, иккинчи нонушта соат 11-12да 15-20 фоиз, мактабдан қайтгач тушлик 35 фоиз ҳамда кечки нонушта соат 19-20 ларда кунлик таомланишнинг қолган 20-25 фоизини ташкил этиши зарур.


Асабийлашмай десангиз, спорт билан шуғулланинг

Даврон ФАЙЗИЕВ, спорт шарҳловчиси: 

– Соғлом турмуш тарзининг энг асосий омили унга риоя қилишдир. Спорт – инсоннинг руҳан ва жисмонан етук бўлишида катта аҳамият касб этади. Спорт билан мунтазам шуғулланиш узоқ умр кўришнинг энг оддий йўлидир. Кўпчилик мендан спортнинг фойдаси ҳақида фикр сўрайди. 

Уларга, энг аввало, спорт билан шуғулланганларнинг организми яхши чиниқади, мускуллари тез чарчамайди. Чиниққан одамнинг нерв-эндокрин, юрак-қон томир, нафас олиш ва бошқа ҳаётий муҳим аъзолари ҳамда тўқималарининг иш фаолияти ортади, деб жавоб қайтараман. Спорт машғулотлари одам танасидаги тўқималарнинг тез янгиланиши, унинг ёш, соғлом ва тетик сақланишига сабаб бўлади. Организмнинг юқумли касалликлардан ҳимояланиш иммунитети кучаяди.

Хотирани кучайтиришнинг энг муҳим шарти асабларнинг соғлом бўлишидир. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Ўзимда энг сўнгги спорт жиҳозлари билан жиҳозланган спорт залларига бориб шуғулланишга имконият бўлса-да, ҳар куни “Япон боғи”да спорт билан шуғулланаман. Очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиб, ўпкаларимни тўлдириб нафас оламан. Бу машғулотлар менга кун бўйи тетик юришимда ёрдам беради.


60 ёшдан кейин иккинчи ҳаёт бошланиши

Ситора ФАРМОНОВА, актриса:

– Яқинда машҳур ток-шоуга ҳакам сифатида чақиришди. Саҳнада 60-70 ёш оралиғидаги аёллар турли трюклар бажаришганини кўриб ҳайрон қолдим. Уларнинг худди ёш қизлардек ҳаракатланганини кўриб ҳайратимни яширолмай бунинг сабабини сўрадим. Айтишларича, улар 60 ёшни қарилик эмас, балки иккинчи ҳаёт босқичи, деб қабул қилиб янгидан ҳаёт бошлар экан. Битта маҳалланинг аёллари спорт билан ҳар куни тонгдан туриб шуғулланиш учун кичик гуруҳ тузишибди. Гуруҳда 40 дан ортиқ аёллар жам бўлишиб, эрталабки жисмоний машқлардан кейин табиат қўйнида мевалар билан нонушта қилишар экан. Аёлларнинг ғайратига, ҳаракатчанлигига қойил қолдим. 

Мутахассисларнинг маълум қилишича, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳаракатда гап кўп. Айниқса, ёши катта инсонларимиз соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда кўпроқ ҳаракатда бўлгани афзал. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.









Report Page