СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

@sanepidxizmat

Инсоннинг жисмонан бақувват, руҳан тетик ҳамда фаол яшаш учун соғлом турмуш тарзига амал қилиши даркор. Ҳозирги вақтда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам соғлом овқатланиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан кўрсатилаётган эътибор самараси ўлароқ, соғлом авлодни вояга етказиш учун фуқароларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларнинг бу борадаги билимларини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон соғлиғининг 60 фоизи соғлом турмуш тарзига амал қилишга боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзининг асосий тамойилларидан бири эса тўғри овқатланиш ҳисобланади.

Саломатликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги асосий озиқ моддаларига оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва минерал тузлар киради. Мутахассислар тавсиясига мувофиқ, қувват қиймати 10-15 фоиз оқсиллар, 30-35 фоиз ёғлар, 50 фоиз углеводлар томонидан таъминланиши керак.

Агар истеъмол қилаётган овқатимизда ёғ ва мойлар ортиқча бўлса, қон томирлар атеросклерозга, оқибатда эса турли юрак ва қон-томир касалликларига олиб келади. Ун ва қанд маҳсулотларини меъёрдан ошиқча истеъмол қилиш эса қанд касаллиги, артрит, қабзият ва саратон касалликларини келтириб чиқаради. Гўшт маҳсулотларини ортиқча истеъмол қилиш эса қонда азот бирикмалари концентрациясини ошишига, оқибатда подагра касаллиги ва буйрак касалликларига сабаб бўлади. Овқатлар таркибида минерал тузлар, микроэлементлар ва витаминларнинг етишмаслиги баданда модда алмашувининг бузилиши билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.

Соғлом овқатланиш инсон ҳаёти ва саломатлигининг асоси, узоқ умр кўриш ва меҳнат қобилиятини белгиловчи бош омилдир.

 

Санэпидхизмат Матбуот хизмати

Report Page