СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ АҲОЛИНИ ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИККА ЧОРЛАЙДИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ АҲОЛИНИ ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИККА ЧОРЛАЙДИ

t.me/andijonvssb

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, юқумли бўлмаган касалликлар дунё бўйича глобал муаммога айланиб, инсонлар саломатлигига жиддий хавф солмоқда. Хасталикларнинг бу тоифасига юрак қон-томир, саратон, қандли диабет ва сурункали ўпка касалликлари киради.

Маълумки, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг пасайиши, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаб бўлади. Шу боис мамлакатимизда аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Жумладан, ўтган йил 20 сентябрь куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда корхоналар, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиш эътибордан четда қолаётганини эътибор қаратилиб, бундай машқларнинг инсон саломатлиги учун фойдалилигини тарғиб қилиш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 декабрида “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани эса бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди. 


Қарор билан 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси ҳамда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда барча ҳамкор ташкилотлар масъул сифатида бириктирилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жимоний фаолллигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 март куни республикада Юриш куни деб эълон қилинди. 


Шу куни барча даражадаги тиббиёт муассасаларида, шаҳар ва туманларнинг марказий ҳиёбонлари, маҳалла гузарларида оммавий юриш тадбирлари ўтказилди. Бунда тиббий ходимлар билан биргаликда, қатор идора ва ташкилотлар вакиллари, турли ёшдаги уюшмаган аҳоли оммавий юришга жалб қилинди. Оммавий тадбир ўтказиш жойларида, маҳаллаларда юришнинг инсон организмига ижобий таъсири тўғрисида мутахассисларнинг суҳбатлари ташкил этилди.

Мутахассислар фикрига кўра, оддий юриш (ҳафтасига камида 8 километр юрганда) юрак қон-томир касалликлари хавфини 31 фоизга ва ўлим хавфини 32 фоизга қисқартиради. Юриш кўкрак бези саратони ва икки турдаги қандли диабет касаллигига чалинишни камайтиради. Бундан ташқари, суяк ва мушакларни мустаҳкамлайди, артериал босимни, қонда холестерин миқдорини тушишига сабаб бўлади, уйқуни яхшилайди. 


Ҳар бир қадам энергия сарфланиши, гормонлар ишлаб чиқилиши, мушаклардаги қон таъминотининг яхшиланиши эвазига уларнинг кислород билан бойиши кучаяди, натижада умумий ҳолат яхшиланади. Юрганда ҳар дақиқада 5 калория йўқотилади (ўтирганда 1 калория). Оғирлик қанча кўп бўлса, энергия шунча кўп сарфланади. Мисол учун, 72 килограм оғирликдаги инсон 1,5 километр юрганда 105 калория, 100 килограм оғирликдаги катта ёшдаги одам 135 калория йўқотади ва соғлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда давом эттиради. Жумладан, 16 март – Республикада юриш бўйича марафон, 23 март – “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳамда 30 март – Велосипедда сайр кунини ўтказиш режалаштирилди.

Бир сўз билан айтган, аҳолини жисмоний фаолликка чорлаб қоламиз. Бунга қўшимча, тўғри овқатланишга ўрганиб, турли зарарли одатларни тарк этсак, соғлом ҳаёт кечириш сари дадил қадам ташлаган бўламиз.