СИЗГА  ТАЪЗИМ,  СИЗГА  ЭҲТИРОМ!

СИЗГА  ТАЪЗИМ,  СИЗГА  ЭҲТИРОМ!

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокими К.Б.Турсуновнинг 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан соҳа ходимларига

Т А Б Р И Г И

(2021 йил 1 октябрь)



 Қадрли устозлар, меҳри дарё ўқитувчи ва мураббийлар!

     Аввало Сизларни, Сизлар орқали ўзининг кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни мил­лий ва умумин­соний қадриятлар руҳида ка­мол топтиришга ба­ғишлаган, бир сўз билан айт­ганда, Вата­нимизнинг, Янги Ўзбекистонимизнинг эртанги куни пой­де­ворини яратаётган барча устоз ва мураббийларни бугунги улуғ байрам “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан самимий табриклайман!

Шу қутлуғ айёмда бутун дунё тамаддуни ўзининг барча ютуқлари билан то рўзи маҳшарга қадар Сизнинг даҳонгизга таъзим қилса арзийди, десам заррача муболаға эмас. Зеро, Сизнинг заҳматингиз туфайли, ибн Сино бутун умрини бағишлаган тиббиёт, Мирзо Улуғбек ҳаётини тиккан илму нужум саноқли сабоқлар ёрдамида ёшлар онгу тафаккурига сингдирилади.  Бугун ўз тараққиётининг янги босқичида дадил одимлаётган  ва жаҳонда том маънода янги қиёфада намоён бўлаётган мамлакатимиз янгиланишларнинг дастлабки кунларидаёқ янги Ренессанснинг пойдевори сифатида маърифат, таълим ва тарбия йўлини танлагани бежиз эмас. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир. Шу боис бугун Сизларнинг шаънингизга билдирилаётган  олижаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни бутун эл-юртимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида қабул этгайсиз.

Юксак мамнуният ила эътироф этиш лозимки, Янги Ўзбекистонда келажак эгаларини тарбиялаш ва камолга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, яратилаётган шарт-шароитлар замирида ягона мақсад - жамиятда устозга эҳтиромни олий даражага кўтариш орқали учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратишдек  эзгу мақсад мужассам. 

Шу сабаб, мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ҳар йили ўнлаб замонавий мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, санъат саройлари, спорт иншоотлари бунёд этилиб,  дунёнинг энг ривожланган мамлакатларининг  таълим тажрибаси ва энг илғор педагогик технологиялар ўзлаштирилмоқда.

Бугун бу йўлда забт этилаётган марралар  қалбимизга фахру ифтихор бағишлаш билан бирга мазкур ютуқлар хазинасида вилоятимиз муносиб улушга эга эканлиги янги-янги зафарлар сари ундайди.Шу жиҳатдан, 2020-2021 ўқув йили сарҳисобларига разм солар эканмиз, энг аввало, ўтган ўқув йилида вилоятимиз таълим муассасалари томонидан бир қатор йўналишлар бўйича улкан ютуқларга эришилгани, ўқувчилар билим самарадорлигини ошириш ҳисобидан юқори натижалар қўлга киритилганлигини мамнуният билан тилга олишимиз лозим.  

        Ўтган ўқув йилида олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича рейтингда вилоятимиз қаторасига учинчи йил етакчилик мавқени сақлаб қолиш билан бирга ўтган йилга нисбатан кўрсаткичларни ошириб, уни янада мустаҳкамлашга эришди. Вилоятимизда таълимга берилган юксак эътиборнинг натижаси сифатида Президент мактабларига ўқувчиларнинг кириш кўрсаткичи бўйича Навоий шаҳридаги 11, 8 ва 16-мактаблар кучли 15 таликка кирган бўлса, Навоий шаҳридаги 11-мактаб республикада биринчи ўринни забт этди.

       Шунингдек, вилоятимиздаги 36 та мактабнинг битирувчилари  жорий йилда 100 фоиз олий ўқув юртлари талаблигига қабул қилинганлигини ушбу ютуқларнинг мантиқий давоми сифатида мамнуният билан қайд этишимиз жоиз.

       Бундан ташқари, вилоятимиздаги академик лицейлар битирувчилари ҳам олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича Республикада олдинга ўринларда бормоқда. Хусусан, Навоий кончилик институти академик лицейининг 230 нафар битирувчисидан 226 нафари ёки 98,2 фоизи, Навоий педагогика институти академик лицейининг 217 нафар битирувчисидан 206 нафари ёки 95 фоизи талабалик бахтига муяссар бўлганлиги мазкур таълим даргоҳларида таълим ва тарбия ишларининг юқори даражада эканлигидан далолатдир.

Бугунги таълимдаги ислоҳотлар натижасини ёшларимиз халқаро миқёсда эришаётган ютуқларда ҳам кузатиш мумкин.

Хусусан, Нурота туманида туғилиб вояга етган Нурбекжон Туробов   100 баллик имкониятдан 97 балл йиғиб, 2021 йилда Англиянинг Harvard университетига ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, Навоий шаҳрида ўқиб, улғайиб, таълимни Германияда якунлаган қизимиз Муштарий Шарипова бугун АҚШнинг дунёга машҳур Тесла компаниясида ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.Бу каби мисолларни янада давом эттириш мумкин.

  Албатта, бу ютуқлар вилоятимиз таълим тизимининг халқаро нуфузини ҳам таъминлаб, бугун соҳа мактаблари Финляндия, Япония, Венгрия, Россия каби бир қатор мамлакатлар билан таълим соҳасида  ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишига замин яратмоқда. Шу ўринда Зарафшон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг Япония ва Финляндия давлатларининг таълим тизими билан яқин алоқаси самараси ўлароқ 8 нафар ўғил-қизларимизнинг таълимни Финляндияда давом эттираётганлиги қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Азиз устоз ва мураббийлар, қадрли ўқитувчилар!

Бугун вилоятимизда таълим ва тарбиянинг дастлабки босқичи мактабгача таълим тизимида туб ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Мазкур тизимга ўғил-қизларимизни қамраб олиш давлатнинг устувор сиёсатига айланиши  натижасида 2018-2021 йиларда мактабгача таълим қамрови 34,1 фоиздан 78,3 фоиз (+44.2 фоиз)га ошишига эришилди.

Қамров кўрсаткичлари бўйича Навоий шаҳри 99.3, Зарафшон шаҳри 98.9 ва Учқудуқ тумани 96.2 фоиз натижа билан нафақат вилоятимиз балки Республикамизда ҳам намуна сифатида тилга олинмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотларини хар томонлама қўллаб-қувватлаш келажак эгалари ёш авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбилашдек масъулиятли ишларда вилоятимизнинг жонкуяр тарбиячилари бундан кейин ҳам Республикамизда етакчиликни қўлдан бермаслигига ишончимиз комил.  

 Мамлакатимизда нодавлат таълим соҳасига қаратилган эътибор туфайли бугун вилоятимизда ҳам нодавлат умумтаълим мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Унга қадар Хатирчи тумани Тамабахрин маҳалласида олий таълимга ўқувчиларни тайёрлаш тажрибаси бутун республикамизга ёйилганлиги ва ушбу маҳалладаги ўзига хос репититорлик тизими ҳамда мактабда таълим олаётган тўрт мингдан ортиқ ўқувчиларнинг 90-95 фоизи ҳар йили олий таълим муассасаларга ўқишга қабул қилинаётганлиги  нодавлат таълимнинг ёрқин истиқболидан далолатдир.

Мухтарам ватандошлар!

2021 йилда вилоятимиз таълим тизими янгиланишлари ҳақида сўзимизни мухтасар этар эканмиз, Навоий кончилик институтида “Қишлоқ хўжалиги”, Навоий давлат Педагогика институтида “Тиббиёт” факультети фаолияти йўлга қўйилиб, талабалар ўқишга қабул қилинганлигини мамнуният билан эътироф этмоқ жоиз. Мазкур факультетлар ўз мутахассислари билан вилоятимиз соҳа ва тармоқларининг юқори билимли кадрларга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришига ишончимиз қатъий.

Азиз устозлар!

Таълимдаги сифат ўзгаришларининг муҳим омилларидан бири бу мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларимиз моддий-техника базаларининг мустаҳкамланишидир.

Бунга сўнгги уч йилда вилоятимизда жами 284 та умумтаълим мактабда қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция  ишлари амалга оширилганлиги ёрқин далилдир. Шунингдек, 78 та мактабда замонавий компьютер синфлари фаолияти йўлга қўйилиб, 200 мактабнинг интернет тармоғидан фойдаланиши яхшиланди. Мухтасар қилсак, икки йилга яқин давом этаётган пандемия шароитига қарамасдан умумтаълим тизимидаги қурилишларга  жами 315 млрд сўм, мактабгача таълим тизимидаги янгиланишларга жами 118 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.   

Табиийки, яратилган шароит таълимимиз фидоийлари ўз иқтидорларини юзага чиқариши имконини бериб, уларнинг муваффақиятлари ҳар доим муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимиз сўзлари билан айтадиган бўлсам “Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат. 

Шу сабабли “Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш объектив заруратга айланмоқда”

  Азиз юртдошлар!

Бугун тобора глобаллашиб бораётган дунё иқтисодиёти мамлакатимизда ҳам рақамли иқтисодиётни дадил жорий этиш, бунда маҳаллий кадрлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш, рақобатбардош мутахассислар базасини яратишдек масъулиятли вазифаларни қўймоқда.

Бу борада вилоятимизнинг таълим тизимида истиқболли пойдевор борлиги бизни қувонтиради.  Хусусан, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида энг кўп таҳсил олувчилар Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келиб, Кармана туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби республикада 1-ўринни эгаллади. Ушбу натижага эришганлиги учун умумтаълим мактаби Президент совғаси билан тақдирланди. Мактаб ўқитувчиларининг фидокорона меҳнати  эътироф этилиб, Юртбошимиз фармони билан мамлакатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлдилар.  Ўз қалби ва меҳрини, қолаверса умрини азиз болажонларига бахшида этаётган бу каби қалби дарё ота-оналаримиз, мехрибон мехнаткаш устоз-мураббийларимиз билан биз ҳамиша фахрланамиз ва улар олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган, “Янги Ўзбекистонга” муносиб учинчи ренесанс авлодларини тарбия қилиб бергувчи Сиз азизларни ва сизлар ор­қа­ли вилоятимизнинг барча таълим соҳаси фи­дойиларини

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинч­лик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан му­ваффақиятлар тилайман.

Шарафли касбингиз ортидан ҳамиша шо­гирд­лар ва эл-юрт ардоғида бўлинг, қадрли ус­тозлар!

Байрамингиз муборак бўлсин!

 

Навоий вилояти ҳокими

Сенатор К.Б.Турсунов


Report Page