“СИЗДАН УМИДИМИЗ КАТТА, АЗИЗ БИТИРУВЧИЛАР! ” СамВМИда онлайн битирув кечаси бўлиб ўтди

“СИЗДАН УМИДИМИЗ КАТТА, АЗИЗ БИТИРУВЧИЛАР! ” СамВМИда онлайн битирув кечаси бўлиб ўтди

Samar Muydinov

Бу ўқув йилида Самарқанд Ветеринария Медицинаси Институтининг бакалавриат йўналишини 1366 нафар, магистратури йўналишини 47 нафар талаба ёшлар битирдилар. Мамлакатимизда жорий этилган карантин қоидалари бўйича масофавий таълим – Модуль платформасида таълимни давом эттирган ёшлар бу ўқув йилини ҳам якунига етказди.  Олий таълим тизимида мазкур замонавий таълим шаклига ўтиш бўйича мамлакатимизда бир неча йиллардан буён тайёргарлик ишлари олиб бориларди ва вазият тақозосига кўра, платформа зудлик билан амалиётга жорий этилди.

Ўзига хос мураккабликлари ва қийинчиликлар бўлишига қарамасдан, дунёда тан олинган мазкур таълим формати бугун юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жуда қисқа вақт давомида профессор ўқитувчиларнинг саъй –ҳаракатлари натижасида, катта меҳнат самараси ўлароқ, маърузалар ва семинарлар онлайн ва офлайн, вазифалар ва топшириқларни масофадан ўқитиш тизими ташкил этилди.

  Мураккаблиги асосан, алоқа ва интернет тезлиги билан боғлиқ жиҳатлари учун, мамалакатимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ва ўз вақтида платформага киролмаган талаба – ёшлар учун бу шакл яна қайта имкониятлар тақдим этади. Яъни техник сабабларга кўра, имтиҳоннни топшира олмаган талаба бу ҳақида маъмуриятни хабардор қилиб, имтиҳонни қайта топширишга уриниб кўриши ҳам мумкин. Айтиш мумкинки, таълим олишни ва келажакда ўз соҳаси бўйича яхши мутахассис бўлишни истаган талабалар ҳар қандай вазиятда ҳам имкониятни қўлдан чиқармайди, эҳтимолий муаммоли вазиятларни ҳам ўз фойдасига ҳал эта олади. 

Бугун битирувчилар учун институтда онлайн форматда битирув кечаси бўлиб ўтди. “Сиздан умидимиз катта, азиз битирувчилар!” шиори остида ташкил этилган учрашувда институт раҳбарияти - Институт ректори, соҳа проректорлари, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар, Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Фан, таълим ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Ж.Турсагатов, шунингдек талаба - ёшлар ва уларнинг ота - оналари иштирок этишди.

“Жамият ҳаётининг барча жабҳалари ва аҳолининг турли қатламлари турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган карантин чекловлари туфайли талабаларимиз ижтимоий ҳаётдан узилиб қолмаганлиги албатта, қувончлидир. Режалаштирилган барча тадбирлар, ташаббуслар, жумладан конференциялар, семинарлар, фестиваллар, фан олимпиадалари, ҳорижий олий таълим муассасалари профессор - ўқитувчилари иштирокидаги мастер класс маърузалари, стартап лойиҳалари танловлари ва ҳоказо тадбирларда талабаларимиз фаол иштирок этдилар. 

Уйда қолиб ҳам фойдали иш қилиш, ўз устида ишлаш мумкинлиги ва бу орқали жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб бориш имконияти мавжудлигини ёшларимиз яхши англаб бораётгани бизни албатта қувонтиради!

“Биз устозлар шогирдларимиздан, яъни сизлардан катта ишларни кутамиз. 4 ёки 6 йил таълим олган даргоҳингизнинг шаъни энди сизга боғлиқ! Келгуси мустақил фаолиятингиз давомида буни исботлайсиз” – дейди институт ректори, профессор Худайназар Юнусов битирувчиларга муваффақият тиларкан.

Учрашувда битирувчи ёшларнинг ота-оналари ҳам иштирок этишди. Ва анъаналаримизга кўра, улар томонидан фарзандига йиллар мобайнида таълим берган ва уларни бугун тайёр мутахассис сифатида мустақил фаолиятга кузатаётган устозлар , яъни профессор – ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирилди.

Оқ йўл сизга, ҳурматли битирувчилар!

   

🏛 Самарқанд Ветеринария Медицинаси  Институти Ахборот хизмати


👉www.samvmi.uz

👉@otmsamvmi

Report Page