СИЁСАТ: ҲАР МУШКУЛ МИНГ ИМКОН

СИЁСАТ: ҲАР МУШКУЛ МИНГ ИМКОН

Sayyid Abdulaziz Yusupov
СИЁСАТ: ҲАР МУШКУЛ МИНГ ИМКОН

СИЁСАТ: ҲАР МУШКУЛ МИНГ ИМКОН

“ËСТИҚДОШ”

Ниҳоят Байден янги дунёвий тартиб ҳақида бугун (22.03.2022) очиқча айтди. Бу эса энди ортга йўл йўқлигини, инсоният ва барча давлатлар эртадан янги сиёсий реаллик қаршисида уйғонишини англатади. 

Черчильнинг 1902 йил Morning Post га берган интервьюсида қизиқ бир фикр айтилган: “Сиёсат - эрталаб кўзингни очганингда ёстиғингда кимнинг бошини ёстиқдош сифатида кўришингни билмасдан уйқудан уйғонишга ўхшайди”. Чиндан ҳам, сиёсий вазият дунёда таранглашмоқда. Украина Россия уруши фонида гўёки дунё иккига бўлинмоқда. Дунё қудратли давлатлари барча давлатлардан қайси тарафда эканлигини белгилаб олишни, аниқ позицияни эгаллашни талаб қилмоқда.

Россия билан тиғиз иқтисодий ва стратегик шериклик алоқаларига, Ғарб давлатлари ва айниқса АҚШ билан ҳам ўртача иқтисодий, аммо етарлича бақувват стратегик ҳамкорликка эга расмий Тошкент учун бу анчайин қийин танлов.

Бир тарафдан - дунёга Янги Ўзбекистон сифатида юз очаётган ва табиийки, бунинг исботи сифатида инсон ҳуқуқлари каби демократик ислоҳотларни бошлаб юборган мамлакатга ҳозирча фақат “ҳа баракалла”, “эътироф этамиз”, “албатта қўллаймиз” ваъдаларини бераётган, аввал ўзбекнинг пахтасини қора рўйхатга тиқиб, кейин уни оқлаб бериб, гўёки илтифот кўрсатаётган Ғарб.

Иккинчи тарафдан эса мамлакатга жуда катта валюта оқимини таъминлаб бераётган миллионлаб меҳнат мигрантларига иш бериб турган, ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий стратегик шерик, мамлакат иқтисодиёти ва умумий тараққиёти учун (албатта, бу фикрга қўшиладиган ҳам, қўшилмайдиган мутахассислар ҳам бор. Ўртада иқтисодий манфаати тортишиш мавзуси бўла олади албатта. Аммо, менинг бу қаноатимнинг сабаби бошқа: атом энергетикаси мутлақо мураккаб технология. Табиийки бу атомстанциясининг ишлаши учун маҳаллий атомшик ва ядоршик мутахассислар етиштирилади. Физик ядоршик олимлари кўп давлат эса мутлақо тараққиётнинг янги босқичига ўтади) жуда муҳим бўлган стратегик лойиҳа саналган “атом электростанцияси” қуришдаги шерик - Россия.

Расмий Тошкент учун вазиятнинг оғирлиги фақат шу билан изоҳланмайди. Яна бир сабаб бор: жамиятнинг ўзи. Бир тарафдан фақат иқтисодий аҳволи оғирлашишидан хавотирда бўлган қатламнинг Россияни қўллаш истаги, иккинчи тарафдан ўзини миллиятчи деб сановчи, Россия деганда биринчи ўринда тарихни аргумент келтириб “босқинчи, қонхўр, душман” деган тушунчаларни илгари суриб Ғарб билан яқинлашиш тарафдори бўлганлар.

Биринчи тоифа “Россия СССРни тиклаб олса яхши бўларди”, деган умид билан яшаса, иккинчиси “Америка босиб олса яхши бўларди”, деган илинжда кун кўрмоқда.

Россияни қўллаётганлар асосан оддий ишчи аҳоли қатламидан иборат бўлиб, афсуски билим даражаси унча юқори бўлмагани сабабли ўз позицияларини “Путиннинг расмини ўпиш”, жайдаричасига “Путин отамиз” каби савиясиз ва ўзи учун таҳқирли бир шаклда ифода этмоқда. Аслида бу қатламнинг онгли танлови аввало қорин ғами холос. Ва бунинг учун уларни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки бу уларнинг танлови.

Иккинчи тоифа эса, ўтмишдаги Россиянинг Туркистон босиқинига, совет иттифоқидаги аччиқ тажрибасига нафрат асосида бугунги сиёсий позицияни белгилашни талаб қилаётганлар, Ғарб демократик моделини жорий этишни истаётган аммо, Россиядан юз ўгирилса мавжуд иқтисодий стратегик алоқалар ўрнига ҳеч қандай алтернатив таклифи йўқлар қатлами. Уларни ҳам таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки бу ҳам уларнинг танлови.

Адолат учун эътироф этиш керак, охирги қатламнинг таклифлари бор: демократик ислоҳотларни ғарбона моделда амалга ошириш, жаҳон савдо ташкилотига кириш, ғарб билан яқин ҳамкорлик қилиш каби. Аммо, Давлат бу таклифлар мавжуд муаммоларни ҳал қилмаслигини, ҳар бир Давлат учун аввал иқтисодиёт кейин сиёсат эканлигини, билингандан кўра билинмаган муаммолар талайлигини яхши билади.

Шунга қарамасдан расмий Тошкент аввал бетарафлик, кейин эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз хавфсизлик доктринаси ва ташқи сиёсат концепциясига содиқ қолишини, Украинанинг яхлитлигини тан олишини очиқча баён эта олди. Бу ўта мураккаб даврда кўрсатилган жасорат бўлгани шубҳасиз. Аммо, воқеъаларнинг ривожи расмий Тошкент учун бу позицияни ушлаб қолиши анчайин мушкул бўлиши мумкинлиги кўрсатмоқда. Бу ерда гап мамлакатнинг сиёсий иродаси билан боғлиқ эмас. Бу кўпроқ гегемон давлатларнинг бу хилма-хил урушлари натижасида вужудга келадиган иқтисодий оқибатлар билан боғлиқ бўлади наздимда.

Бундай ҳолат рўй берса, Давлат тўғри танлов қилишига шубҳам йўқ. Аммо, бу танловни жамиятга тушунтириши қийин бўлиш эҳтимоли катта. Чунки, 30 йилдирки жамиятни бирлаштира оладиган мафкура пайдо бўлмади ҳамда давлатчилик учун таҳликали экани: жамиятда умуммиллий ирода шаклланмади. Натижада эса бугун миллий ахборот маконида чиябўридек бир бирини талаётганлар кўпайиб жамият онги манипуляция қурбони бўлмоқда. Гап кўпу фикр йўқ! Жамият бўлиниб кетмоқда. На илож, бўлиниш ҳам бир жараён. Охири бахайр бўлсин.

Нима бўлганда ҳам энг асосийси миллий давлатчиликни ва миллий суверенитетни сақлаб қолиш!

ЕЧИМ БОРМИ?

Дунё жиддиятан ўзгарди. Ўзгарганига анча бўлганда, фақат биз буни кеч фарқига бораяпмиз. Маркснинг иқтисодий пирамидаси тескарисига ўгирилган давр кирганига анча бўлди. Жамиятларнинг “базис”и ортиқ иқтисод эмас, маданиятдир. Хусусан, АҚШнинг технологик тараққиётини Форд эмас Жэк Лондон таъминлади, Британиянинг парчаланишини кечиктира олган Тэтчер эмас “Битлз” эди, Сербияни батамом йўқ қилинишини Милошевич эмас, Кустурица олдини олган эди. Айтмоқчи бўлганим икки ҳақиқатни англашимиз лозим.

Биринчиси, ҳеч бир жамиятнинг иқтисодий технологик тараққиёти унинг маданиятлашуви даражасидан баланд бўлмайди.

Иккинчиси, жамиятдаги асосий ўзгаришлар ва ислоҳотлар ҳукмрон элита қатламларининг маданий савиясига, интеллектига боғлиқ бўлади. Бунёдкорлик ва тараққиёт ҳамиша ҳукмрон қатлам элитаси фикрий даражаси, маданий савияси маҳсули сифатида вужудга келади.

Дунё келажагига оид Хантингтон фикрича, бориб-бориб янги дунё сиёсий харитаси маданият даражасига ва диний мансубликка кўра қайта тузилиши эҳтимоли катта. Кўпгина дунё тан олган олимлар билан суҳбатларимда бу фикрни кимдир қўллаган, кимдир инкор этган.

Аммо, дейлик инсоният бу танловни қилишга мажбур қолса, миллат ўлароқ Ўзбекистонликлар ва Давлат ўлароқ Ўзбекистон ким билан иттифоқда бўлиш эҳтимоли катта?

Табиийки, диний эътиқодга кўра бўлса, албатта мусулмон бирлик томонда бўлади.

Аммо, маданий интеллектуал даражага кўра танлов бўлсачи?

Бу ҳолатда тўғри танлов қилиш учун миллий характер параметрларига асосланиш фойдали бўлади. Хўш Ўзбекистоннинг миллий характери деганда нима кўз ўнгига келади?

Менимча, МАРҲАМАТ.

Иккинчи жаҳон уруши даврида олти юз минг эвакуация қилинган болаларни битта қолдирмай уйига олиб кетган Ўзбек МАРҲАМАТи эди.

Биринчи жаҳон уруши даврида Мустафо Камол Отатурк қийин аҳволга тушиб қолганда аждодларидан қолган охирги ёдгор тилла сирғасию, узугини, ўзи оч қолсада тўплаб “бизнинг сариқ командирга ёрдам керак экан” (Мустафо Камол Отатуркни шундай аташган) деб, узоқда бўлсада бир туркийни қўллаш учун охирги тилласини тўплаб юборган ҳам Ўзбекнинг МАРҲАМАТи эди.

Ўтган ўттиз йилда илк бор дунёдаги ҳар қандай ўзбекистонлик ўз ортида ҳар қандай шароитда суяниши мумкин бўлган Давлат борлигини илк марта ҳис қилдирган “МЕҲР” операцияси ҳам Ўзбек Давлатчилигининг МАРҲАМАТи исботи эди.

Аслида халқаро сиёсат майдонидаги ҳодисалар кескин тус олаётган бундай вазиятда Давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб танлаган позициясини мустаҳкамлашга, хусусан, бу позицияни миллий характерга уйғун ҳолда ривожлантиришга ҳаракат қилиши муваффақиятга олиб келади.

Аввал ҳам таъкидланганидек, Тошкентни йигирманчи асрда бўлгани каби “Дўстлик шаҳри”, яъники ҳар қандай сиёсий келишмовчилик ва инқирозларни сулҳ билан ҳал этиш масканига, турли сиёсий блоклар ва уюшмалар очиқ мулоқот қилоладиган платформага, юксак дипломатия шаҳрига айлантира олиш учун унинг потенциали юксак. Айни вақтда Янги Ўзбекистон Концепцияси муаллифи сифатида Президент Мирзиёев Марказий Осиёда ягона сиёсий дўстлик руҳи яратаолганлиги ҳам бу ғояни яшаб кетиши учун катта имкон яратади.

ПРЕЗИДЕНТНИНГ НИМА АЛОҚАСИ БОР?   

Бирор мамлакат билан боғлиқ сиёсий мавзуда мақола ёки таҳлилий материал  тайёрлаганимда, эътибор берадиган энг биринчи масалам, ўша Давлат раҳбарининг генотипи бўлади. Ҳар оддий одам каби, исталган лидернинг ота ва онасининг касбий фаолияти боласининг тафаккури шаклланишида генетик таъсир кўрсатиши бор ҳақиқат. Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёевга самимий эҳтиромим баъзилар тарафидан ҳар қанча танқид қилинмасин, доимо ўзгармас қолади. Гап шундаки, Президент Мирзиёевнинг Оталари доктор бўлган. Оналари ҳамшира. Оналари раҳматли ҳатто инсонлар учун ўз жонларини таҳликага қўйиб, “қизил ҳудуд” саналган энг оғир шароитда ишлаганлар ва эл юрт саломатлиги йўлида жон берганлар. Оталари умр бўйи миллатнинг дардига дармон бўлганлар. Бунчалик фидоий инсонлар дунёга келтирган фарзанд истар истамас қайси соҳада ишламасин, инсонлар жонига аро кириш, дардига дармон бўлиш фитрати билан ишлайди, яшайди. Чунки, бу унинг генларидир. Айниқса, бугунги кунда Биринчи Хоним Зироатхон Мирзиёева ва қизлари Шахнозахон, Саидахон Мирзиёеваларнинг минглаб ногирон, ўксик қалбли болажонларга кўрсатаётган эътибори ҳамда жонфидолигининг ҳам илдизи генларга бориб тақалади.

КЎҲНА ДУНËНИНГ ЭСКИРМАЙДИГАН ОҒРИҚЛАРИ...

Янги дунёвий тартиб жорий этилаётган мураккаб ҳозирги даврда уруш барибир урушлигича, қурбонлар барибир қурбонлигича қолади. Қурбонларнинг оналари оҳлари, қаровсиз қолган етимларнинг ўксиклиги кўҳна дунёда ҳеч эскирмайдиган оғриқлардир. Бир тарафдан янги дунё тартиби тузилиши учун мутлақо холис бир платформа, жайдаричасига айтганда талашаётганлар учун қуролини бир чеккага қўйиб, ўтириб, гаплашадиган манзил керак. Иккинчи тарафдан, қайси томондан бўлмасин, руҳияти мажруҳланган, ўксик, ёрдамга муҳтож болалар ва оналар, умуман оналар ва болалар урушдан зарар кўрмаслиги керак.

Фикримча, Тошкентни халқаро дипломатиянинг дўстлик ва келишув майдонига айлантириш баробарида, бугун Донецк, Луганск, Украинада психологик ёрдамга, меҳрга муҳтож болажонлар ва уларнинг оналарини олиб келиб реабилитация қилиш ҳам миллий ўзликга хос ташқи сиёсат белгиси, ҳамда бутун дунёга ИНСОНИЙ МАРҲАМАТ ўрнаги сифатида танилиш имконини яратади. Ҳалики, “Замин” фондининг бу борада тажрибалари юксак экан.

P.S.

Сиёсат фалсафасига оид асарлардаги кўпгина қарашларни ҳазм қилолмайман. Ахлоқсизликни сиёсатнинг ажралмас қисми деган муаллифнинг ўзи яхши одам бўлмаган бўлса ҳайҳай. Инсон сифатида яхши одам бўлган бўлса унда қийин. Сиёсат қонуниятлари ҳақида ёзилган кўпгина асарларда ахлоқсизлик табиий қонуният сифатида тан олинади. Ўйга толасан киши. Қалбинг буни қабуллана олмайди, ақлинг эса бусиз имкони йўқлигини англаб туради. Масалан Макиавеллини сокинлик билан ўқийман. Чунки, ҳаётига қараб инсон сифатида ҳаминқадар одам бўлган дея биланман (бу ўта шахсий муносабат!), Қози Муҳаммадни ўқиб ичим яйрайди: ўзи ҳам қарашлари ҳам ахлоқни ёқлаган. Биринчиси, ахлоқсизликни сиёсатда “мубоҳ” деб билса, иккинчиси тамомила сиёсатда тўғрилик, дурустлик эътиқоди амоллар билан уйғун бўлиши керак дея ҳисоблайди. Макиавелли, ҳукмдор учун ахлоқ муҳим эмас деб ҳисобласа, Қози Муҳаммад ахлоқсиз ҳукмдор сиёсатни таназзулга мубтало қилади дейди.

Аммо, ҳаётнинг ўз аччиқ ҳақиқатлари мавжуд. Жумладан, сиёсий дипломатияга оид. Шарқ ва Ғарбдаги сиёсат шу боис бир биридан фарқ қилади. Шарқдаги сиёсатда Ғарб модели асосида қурилган Давлат балкида шу боис ҳам ҳамиша аянчли якун топади. Кеча Charles Maurice de Talleyrand-Périgord (Шарль Моурис де Таллейранд-Перигор)ни ўқиб туриб қизиқ бир фикрга дуч келдим: “сиёсатда эътиқод бўлмайди, вазиятлар бўлади”. Сиёсий қарорлар доимо вазиятдан келиб чиқиб қабул қилиниши бор ҳақиқат. Аммо, асосийси ҳар қандай қарор Давлатнинг ўз ахлоқий қарашлари ва принципларига, Давлат Раҳбари табиатига уйғун бўлсагина муваффақият олиб келади.  

МАВЗУГА АЛОҚАСИ ЙЎҚ, ШУНЧАКИ.

Мақола ёзиш жараёнида бир нарса ўқиб қолдим. Шунчаки Сиз билан бўлишгим келди. Айбга буюрмайсиз. Ҳамда ўта жиддий мақоладан сўнг, мияга озгина дам бериш фойдали.

Шарль Моурис де Таллейранд олдига ёрдамчиси югуриб кириб катта тўполон бошланганини хабар берибди. Таллейренд “Умид қиламизки бизникилар ғолиб бўлишади” дебди. Қизиқувчан ёрдамчиси: “Бизникилар қайси тарафдагилар сэр?”, дея сўраса, шундай жавоб берган экан: “Биз буни эртага ўрганамиз!”.

На илож, Ғарбона сиёсат шунақа...

Sayyid Abdulaziz YUSUPOV

22.03.2022.

 


Report Page