СИТОРАБОНУ ШОМУРОДОВА
https://t.me/vaqt_manzili* * *
Тун.
Қайдадир, нимадир чархланаётир,
Оғриқдан ингранар "шиғ, о, шиғ ".
Не экан? Пичоқми ё ханжар?
Ва ёки ёв бўғзи учун тиғ.
Ва ё қиличмикан, баҳодир
Жанг қиларми Ватан йўлида.
Не бўлса ҳам бу тиғ тушмасин
Хоин кимсаларнинг қўлига.
Кўз ёш янглиғ учқунлар сочди,
Ўткирлашди зулфиқор каби.
Азоб бордир ҳар бир ривожда,
Ҳақ бўлса қалбингнинг матлаби.
Бу тунлар оқми ё қорадир?
Бахтларни ғуссага қорадир.
Ҳар кеча чап кўксим томонда
"Шиғ, о, шиғ "... чархланар нимадир.
Тун этагин кўтарар саҳар,
Қайдадир, нимадир чархланар.
Ҳақ дея юракни қайрасанг,
Шеърларинг Ҳақланар, Ҳақланар!