"СИФАТЛИ ИНСОН" + "МАҲОРАТЛИ МУТАХАССИС" = "ШАХС"

"СИФАТЛИ ИНСОН" + "МАҲОРАТЛИ МУТАХАССИС" = "ШАХС"

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Мутафаккирларимиз ўз асарларида таълимни тарбия билан боғлашга алоҳида аҳамият қаратишган. Инсон қалбининг маънавий озуқаси бўлмиш кўплаб асарлардаги адолат, жасорат, қадр-қиммат, ор-номус каби эзгу фазилатлар ёш авлод руҳиятида ўзликни сақлаб қолиш имкониятини беради.

Афсуски, бизнинг ўқув дастурларда «Авесто», уйғониш даври, Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Амир Темур, Навоий асарларига жуда кам соат ажратилган. Бундай аҳволда қандай қилиб фарзандларимизда миллий ғурур пайдо бўлиши мумкин? Японияда болага 4 синфгача аниқ фанлар ўрнига фақат адолатли, жасоратли, инсонпарвар, ватанпарвар бўлиш, табиатни, гўзалликни севиш, ҳис қилиш каби қатор фанлар ўқитилар экан. Нега, деб қизиққанимда, болада адолат туйғуси шаклланса, унда ғурур ўсар экан, ғурурли инсон ижтимоий ҳаётда ҳам шу сифатларга амал қилиб яшаш маданиятига эга бўларкан.

Биз эса, коррупцияга қарши курашиш учун катта маблағларни ҳуқуқ тартибот — идораларига ажратмоқдамиз. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қисқа даврда юксалиш сабабларидан бири — японлар ўқитувчига императорнинг обрўйини, вазирнинг маошини, дипломатнинг дахлсизлигини берганлигидир. Биз нима қилдик? Ўқитувчини боласи билан қўшиб мардикор қилдик. Ўзимиз эплолмаган амалларимизни унинг зиммасига юкладик.

 Хитой тажрибасида «Сифатли инсон» + «Маҳоратли мутахассис» = «Шахс» формуласини яратишга қаратилган таълим фалсафаси мавжуд. Сифатли шахсни яратишга қаратилган мазкур таълим фалсафаси математик моделлаштириш орқали ишлаб чиқилганлиги туфайли амалий натижалари ҳам олдиндан аён. Уларда бизга ўхшаб ҳар ўқув йилида янги «дарсликлар ижод қилиб» болалар устида эксперемент ўтказилмайди.

Нега бизда, мактаб ёхуд олий таълимда ҳаётда одамларга керак бўладиган яшаш тарзи ўргатилмайди? Масалан, қандай қилиб тўғри ўтириш, гапириш, ўзини тутиш, креатив фикрни ифода қилиш, ўз ҳаётий йўлини танлаш, салоҳиятини намоён қилиш, одамлар билан самарали мулоқот қилиш, ҳамкорлик ўрнатиш, ўз вақти ва эътиборини тўғри тақсимлаш, мақсадлар қўйиш, муаммолар ечими бўйича мустақил қарорлар қабул қилиш, ҳиссий билиш салоҳиятини, ижтимоий масъулиятини ошириш каби ўта муҳим масалаларга эътибор қаратмаймиз? Мактаб ва университет ўқув дастурларида келажак таҳдидларига, ҳаётий реалликларга нисбатан ўқувчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмаймиз, ўткир муаммоларга бефарқмиз ёки улардан қочишга ҳаракат қиламиз.

Муаммо шундан иборатки, бизда таълим дейилганда, фақат таълим тизими муассасалари соҳалари тушунилади. Шу сабабдан таълим ижтимоий ҳаётдан ва ишлаб чиқариш муносабатларидан айро ҳолда фаолият кўрсатади. Аслида таълим-тарбиянинг узвийлиги нафақат ўқув жараёнларининг узвийлигини балки, бутун жамиятнинг барча ишлаб чиқариш муносабатлари уйғунлигини таъминлаши лозим.

Ўқитувчи ўқувчига адолатли ва жасур бўл, деб тарбия беради, лекин, маънавий асослари шаклланмаган жамият бундай туйғуларни қабул қила олмайди ёки рағбатлантирмайди. Натижада жамиятнинг маънавий ва моддий ҳаёти ўртасида катта тафовутлар вужудга келади. Мазкур муаммоларни англаш ва тан олиш – бу биринчи қадам. Аслида шу жараённинг ўзи оғир кечмоқда.

Иккинчи қадам, бизга амалдорларнинг субъектив майлидан холи бўлган, ўз қонуниятларига суянувчи таълим тизими керак. Бугунги мақсадларимизга ҳамоҳанг жамиятнинг барча бошқарувларида структуравий ўзгаришлар вужудга келиши лозим. Лекин ҳозиргача таълим жамият ривожининг локомотиви эмас. Унинг ғоявий ва маърифий етакчилик роли сезилмаяпти.

Албатта, янги олий даргоҳлар, хусусий мактаблар очилаяпти, лекин улар миллий таълимнинг фундаментал яхлит асосини ташкил қилмайди. Гап жамият ҳаёти билан узвий боғлиқ таълим концепциясини яратиш тўғрисида кетаяпти. Тизимда маошларнинг кўтарилиши миллий таълим шаклини ёхуд унинг мазмунини ҳосил қилмайди.

Бизда шу пайтгача олий таълим даргоҳлари раҳбарлари юқоридан тайинланиб келинаётганлиги сир эмас. Ривожланиш қонуниятига зид бўлган шу каби салбий тенденциялар яна қанча давом этади, айтиш қийин.

Таълимда лаёқатсизликнинг оммавий тус олиши инновацион ғояларни идрок этишга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Раҳбарларда илғор ва етакчи ташкилий воситаларни излаб топиш ўрнига давлатнинг кейинги кўрсатмаларини кутиб туриш амали шаклланиб қолган. Шунинг учун ҳам бошқарув структурасини ўзгартирмасдан бирор-бир ижобий натижага эришиш қийин. Фақат зуғумга асосланган турғун бошқарув қандай оқибатларга олиб келганлигини кўриб турибмиз.

 Учинчи қадам, инновацион ёндашув асосида умумий мақсадларга ҳамоҳанг стратегик мақсадлар бошқарувига ўтишдан иборат. Кимнингдир амалий тажрибаси билан ўйлаб топилган ва четдан олиб, жорий этилган тадбирлар инновация бўлолмайди. Инновацион ёндашув мавжуд муаммоларни ҳал этиш баробарида оқилона воситаларни танлаш ва самарадорликка эришиш методологиясидир. Бундай вазифаларни ҳал этишга Ўзбекистон олимларининг ҳам салоҳияти етади. Аммо сафарбарлик, рағбат масаласини жиддий ўйлаб кўрмоқ керак. Ўртадаги бўғинлар топшириқларни ўз талқинида амалга оширади. Шунинг учун ҳам илмий жамоалар ишлаб чиқариш муносабатларидан узилиб қолган.

Бир пайтлар тақдир тақозоси билан Кореянинг Гонвон университетига хизмат сафарига борган эдим. Ўшанда архитектор олимлар бу иншоотни биз қурганмиз, бу лойиҳани биз яратганмиз, деб кўрсатишди. Мен қизиқиб: «Сизлар олим бўлсангизлар, қурилишга нима алоқангиз бор?» деб сўрадим. Маълум бўлишича, бу ерда лойиҳа тайёрлангач, қурувчилар ўртасида тендер ўтказиларкан. Кимнинг технологияси кучли бўлса, шу корхонага рухсат берилади. Яъни, давлат буюртмани (маблағни) олимларга беради, мабодо қурувчилар лойиҳадан четга чиқса, улар ишдан маҳрум қилинади. Ишлаб чиқариш жараёнига илм-фан кириб бормас экан, ўғирлик ва коррупциянинг олдини олиб бўлмайди.

Тўртинчи қадам таълимнинг меъёрий ҳужжатлар тўплами билан боғлиқ. У профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва амалий фаолиятини ташкил этади, тартибга солади, назорат қилади. Бугунги кундаги мавжуд меъёрий ҳужжатларнинг аксарияти таълимда кўзда тутилган мақсадларга зид келади.

Масалан, профессор 20 йилдан буён ўтиб келаётган фанининг ўқув режаси ва дастурларини ўзгартириши, такомиллаштириши мумкин эмас. Чунки у вазирликда тасдиқланган. Германияда эса профессорнинг дастури ҳам йўқ. У шу фаннинг эгаси, ҳеч бўлмаганда ижодкори. Унга ишонмаслик ёхуд кўрсатма бериш уят. Бизда эса, стандарт меъёрлардан чиқиб кетган олим жазоланади. Боз устига, яна қандайдир саводсиз ёш мутахассис олимнинг ижодий салоҳиятини эмас, журналини назорат қилади. Дарсларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги олимларни илмий изланишлардан чеклайди, дарснинг сифатини пасайтиради, талабанинг меъдасига тегади. 800-1000 соатдан ортиқ дарс соатларининг белгиланиши, ижодий маҳсулотнинг юкламадан олиб ташланиши унда хуфиёна мақсадлар яширилганлигидан далолат бермайдими?

Бизда рейтинг мезонлари таниш-билишчилик ва коррупциядан бошқа нарсага ярамайди. Унда талаба тўрт марталаб қайта имтиҳон топшириши мумкин. У илм олиш учун эмас, баҳо (стипендия) олиш учун тўртинчи марта албатта йўлини топади. Топмаса, ўқитувчининг устидан шикоят ёзади. Кўриб турганимиздек, таълимнинг монопол бошқаруви нафақат ижодий ёндашувларга тўсиқ, балки, турғунликка сабаб бўлмоқда.

Илмий тадқиқотчилар тизимини аввалига докторлик ишини ёқлаш тартибига ўтказилиши, кейин бу тажриба иш бермаганидан сўнг яна эски ҳолатига қайтарилиши жараёнларида йўқотишлар юз берди. Натижада аксарият салоҳиятли ёшлар илм-фандан кетиб қолишди. Айримлари олий аттестация комиссиясининг мудом ўзгарувчан талабларидан сарсон-саргардон. Беҳуда кетган умр, исроф этилган маблағлар учун ким жавоб бериши керак? Ваҳоланки, дунё тажрибасида кўплаб самарали таълим моделлари яратилиб бўлинган. Бизнинг «кашфиётчилигимиз» қандай мақсадларга қаратилганлиги кишини ажаблантиради.

Кўриб турганимиздек, охирги йилларда маълум мақсадлар илинжида оммавий лаёқатсизликнинг рағбатлантирилиши илм-фан ва маърифатнинг хиралашувига олиб келди. Бу ҳолат ўз навбатида ёшларимизнинг савиясизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Ҳозирги талабаларимизнинг кўпчилиги мутахассисликлари бўйича амалий лаёқатга эга эмас. Чунки улар бир семейстрда стандартга мувофиқ 7 та фан ўрнига 12 та фанни ўзлаштириши керак. Талабалар эксперемент тажрибаларини доскага чизилган чизмалар асосида ўтказадилар. Боз устига биринчи босқичда «Ўзбекистон тарихи»ни ўқиймиз, лекин, 4 босқичда давлат имтиҳонини қабул қиламиз. Тарихшунос талабаларга иқтисод назарияси ўқитилади. Талаба 4 босқичда диплом иши билан машғул бўлиш ўрнига яна турли ижтимоий фанларни ҳам йўл-йўлакай ўзлаштириши керак. Тилчи ва адабиётчилар олий математикадан маъруза тинглайди. Корейс тили талабалари қўшимчасига хитой тилини ўрганишлари керак. Натижада талабалар мутахассисликка доир илм-фанни ўрганишдан кўра, сессияни «ёпиш» маҳоратини эгаллаб олди.

Жамият мустақил, креатив фикрловчи шахсларни тарбиялашдан манфаатдор бўлиши керак. Бунинг учун ўз навбатида мактаб ва олий таълимни инновацион даражага кўтариш зарур. Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг креатив руҳини ва танқидий фикрини рағбатлантириш, таълим тизимини тубдан яхшилаш ва ўзгартириш йўлларини излаш лозим.

Миллий таълимнинг бугунги ҳолати маънавий қадриятлар билан тўйинтирилган мустақил ва эътиқодли шахсни эмас хатти-ҳаракатлари бошқариладиган электрон дастурланган «кичик инсонлар»ни тарбиялашга олиб келди. Бугун мустақил фикр ва миллий эътиқод жамият талабларига мос келмаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Таълимнинг вазифаси зўрма-зўраки мослашиш кўникмаларини шакллантириш билан чекланаётганлиги оқибатида инсонпарвар туйғулардан мосуво бўлган, бегоналашган, агрессив дунёқараш вужудга келди. Бундай технократик армия табиий равишда қадриятларни жамият руҳиятидан сиқиб чиқаришга уринади. Гап одамларнинг ножоиз ижтимоийлашуви ҳақида бормоқда. Яъни, мақсад жамиятдаги таъқиқ ва топшириқларни сўзсиз бажарадиган итоаткор, руҳи тобеъ, «дипломли мутахассисларни» тайёрлашга қаратилган.

 Агар чуқурроқ эътибор қаратсак, тест тизимидаги «фол очиш», эслаб қолиш, ёдлаб олишдек хусусиятлар устуворлиги талабанинг фикрлаш қобилиятини чеклаб қўйганлигини кузатамиз. Чунки у мустақил тафаккур ва фикр юритишдан кўра маълумотга эгалик қилиш туйғуси билан қуролланган. Шунинг учун у табиатан инженер эмас, тайёрланган инженер. Юристларимиз ҳам шундай – кўрсатма ва топшириқлар ижрочиси. Унда она Ватан олдидаги бурч ва мажбурият тушунчаларини ифода қилувчи касбий эътиқод шакллантирилмаган.

Бугунги таълим одамларга салоҳияти ва иқтидорига қараб эмас, нимага эгалик қилишга эришганлигига қараб баҳо беришни ўргатади. Яъни, пул, мол-дунё, мутахассислик даражаси, келиб чиқиши каби жисмоний жозибадорлик устуворлик қилади. Энг ачинарлиси, кўпчилик шундай, деб ҳисоблайди. Инчинун, шу каби тушунчаларнинг ижтимоий-оммавий даражада мавжудлиги носоғлом жамият руҳиятининг аломатидан далолат беради. Шундай экан, миллатнинг руҳиятини даволаш ҳам таълим фалсафасининг асосида ётади.

Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаларини ёки узоқ масофадаги ракеталарни қўллаш шарт эмас. Таълим сифати бирмунча пасайтирилса, шунинг ўзи етарли. Бемор ношуд шифокор қўлида нобуд бўлади, бинолар қулайди, пул молиячи қўлида йўқолади, адолат судья қўлида топталади, бошқарув ношуд сиёсатчилар қўлида издан чиқади.

Сўнгги даврларда таълимсиз ҳам фаровон яшаш мумкин, деган тушунча одамларимиз онгида бирламчи қарашга айланди. Ўқитувчилар далаларда мардикорга айлантирилди, олимларнинг ночорликдан орияти топталди. Хўш, ким айтади, таълим сиёсий воқеликдан йироқда деб? Боз устига, айтингчи, таълим инвесторлари Ўзбекистон ёшлари ҳамжамиятнинг рақобатбардош мутахассисларига айлансин, деган ният билан кириб келаяптиларми? Бепул пишлоқ қопқонда бўлади! Таълим тизимини такомиллаштириш важида халқаро бозорнинг янги ва арзон ҳудудлари кашф этилаяпти. Бу рақобат!

Ҳамкорликда очилган олий ўқув юртлари яхши, аммо таҳсил олаётган талабалар келажакда қайси ва қандай мафкураларга хизмат қилишини бирон киши айта оладими?

Жараёнлар оралиғи миллий қадриятларга асосланган ғоялар билан тўлдирилмас экан, унинг ўрнини ўзга маданиятлар билан тўлдиришга бўлган уриниш ортиб боради. Афсуски, жозибадор ва жимжимадор технологияларнинг манфаатдор маҳаллий ҳомийлари ҳам бисёр бўлади. Оқибатда жамиятда четдан кириб келган ҳар қандай матоҳни инновация сифатида қабул қилиш, уларга тақлид қилиш ортиб боради. Бу ўз навбатида миллий ўзликни англашни хиралаштириб борувчи туйнукка қараб етаклайди.

 Бундан ташқари, халқаро майдондаги инсон ақл-тафаккури учун кечаётган курашлар силсиласида интеллектуал ресурсларга эгалик қилиш мақсадида инновацион технологиялар кириб келаётганлиги ташвишли ҳолат. Интеграция, инновация, инвестициялар важида арзон ишчи кучи ҳудудларини эгаллаш аслида ривожланган мамлакатларнинг ташқи сиёсати таркибига киради. Шу ўринда, Хитой, Корея, Япония, Сингапур, Малайзия, Европа давлатларидан Швеция, Финландия, Германия давлатлари тажрибаси кўп ибратли йўлдир. Улар инвестициянинг катта қисмини миллий таълимни ривожлантиришга, уни қадриятлар асосида шакллантиришга, шу аснода миллий-маданий тараққиёт пойдеворини яратишга, ўзликни сақлаб қолишга сафарбар қилган давлатлар қаторига киради.

Таълим концепцияси бугун даврнинг маънавий зиддиятларини ифода этаётган таълим тизими ва педагогик тафаккур инқирозини англаши ва тан олиши билан белгиланади. Бир нарсани тан олиш керак: ўтган бир аср давомида якка шахс иродасига бўйсундирилган бошқарув тизимининг вужудга келтирилиши мутеълик, риёкорлик, таълим билан жамият ўртасида чуқур жарликни вужудга келтирди. Энди ана шу ҳақорат ва таҳқирларни енгиб ўтишни, жамиятда яхши ва ёмонни, фойда-ю зиённи ажратиб олишни олдимизга мақсад қилиб қўйишимиз лозим.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ, ЎзМУ профессори, сиёсий фанлар доктори.

Манба: Ўзбекистон овози газетаси

"Ҳуқуқ олами" каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g



Report Page