Шовотдаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатинининг қурилиш ишлари қандай кетмоқда?

Шовотдаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатинининг қурилиш ишлари қандай кетмоқда?

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Хоразм вилояти Шовот туманидаги 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўз тарихи ва эътирофга лойиқ натижалари билан халқ орасида обрў қозонган. Ташкил этилганига 44 йил бўлган ушбу мактабдан ўтган йилларда 100 дан ортиқ олим, хусусан, 36 нафар фан доктори, 68 нафар фан номзоди етишиб чиққан.  Хусусан, турли йилларда МДҲ давлатларида ўтказилган физика-математикадан халқаро олимпиадаларда 30 дан ортиқ ўқувчи қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган.

Жорий йилнинг март ойида Давлатимиз раҳбарининг Хоразмга амалга оширган ташрифлари чоғида ҳам ушбу  йирик ва шарафли ютуқларга эга мактабни алоҳида тилга олди. Мактаб негизида замонавий таълим маскани қад ростлаши лозимлигини айтган эдилар.

2020 йилнинг 19 мартида эса мазкур  мактаб негизида “Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика-математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қарор билан билан мактаб интернат фаолиятини самарали йўлга қўйишга қаратилган хайрли ишда Адлия вазирлиги етакчи вазифалардан бирини бажармоқда.

Қарорда мактабни замонавий таълим даргоҳига айлантириш, унда таҳсил оладиган ўқувчиларни мустақил фикрли, ташаббускор, креатив ва халқаро майдонда ўзини дадил намоён эта оладиган илмли ёшлар сифатида тарбиялаш мақсади қўйилмоқда. Бунинг учун етарли шарт-шароит яратилиши, хусусан, мактабга маҳаллий ва хорижий етук ўқитувчиларни жалб қилиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор  вазифалар белгиланган эди.

Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биноси қуриш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йилининг 25 май куни Адлия вазири Русланбек Давлетов Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов билан биргаликда ушбу халқаро мактабнинг лойиҳалаш ва қурилиш-тиклаш жараёнлари қандай ташкил этилаётганини яқиндан ўрганди. Халқаро мактабда олиб борилаётган реконструкция, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш , шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биносини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Соҳага оид раҳбарлар иштирокида амалга оиширилган ушбу ташрифда халқаро мактабнинг қурилиши бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш ҳамда қарор ижроси бўйича белгиланган вазифаларни ўз муддатида ва сифатли бажариш лозимлиги алоҳади таъкидланди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими




Report Page