Шофирконлик аёл 3 эгизакни дунёга келтирди
October 05, 2020Фарзанднинг дунёга келиши-буюк неъмат. Туманимизнинг “А. Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муқимовлар хонадонини Яратган ана шундай тенгсиз неъмат билан сийлади.
Бундан 1.5 йил илгари яхши ният ила оила қурган Оғабек Муқимов ҳамда Мунаввар Зариповалар ота-она бўлишдек юксак шарафга эришдилар.
Жорий йилнинг 5 сентябрида М. Зарипова бирваракайига уч нафар эгизаклар – икки ўғил ва бир қизни дунёга келтирди.
Вилоят перинатал марказининг малакали акушер-гинекологлари муддатидан аввал туғилган 3 эгизакнинг саломатлигини тиклаш, уларни оиласи бағрига қайтаришда амалий саъй-ҳаракатлар олиб бордилар.
Эгизакларнинг тўнғичи - Мирзиё 1 килограмм 100 грамм, ўртанчаси – Миромон 1 килограмм 15 грамм, кенжаси - Саида 1 килограмм 300 грамм вазн билан дунёга келишган бўлишса-да, ҳозирда уларнинг вазни ортиб, аҳволи кундан кунга яхшиланмоқда. Аёлнинг ҳам саломатлиги меъёрий ҳолатда.
Оила катталарининг билдиришича, 3 эгизак – Фатуллаев(а)лар тез кунларда соғ-саломат оиласи бағрига қайтади.
Шофиркон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.