Шофирконда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”

Шофирконда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”


Бухоро вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Жалол Арашов Шофиркон туманида ўзига бириктирилган оғир тоифадаги  ёшлар билан учрашди.

“Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган учрашувда қирққа яқин ёшлар вакили иштирок этиб, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва бошқа масъуллардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Учрашув мобайнида ёшлар вакиллари оила аъзолари, ота-оналарини даволаниши учун кўмак, уй-жойни расмийлаштиришга боғлиқ кадастр масаласида қарор чиқартириш, мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш, вояга етмаган болалар нафақа пули, моддий ёрдам, банк имтиёзли кредитини олиш каби масалаларда мутасаддилардан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Ўз ўрнида, бу мурожаатлар масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал этиш учун тегишли соҳа масъулларига йўналтирилди ва назоратга олинди.

Ёшлар билан учрашув ва ўрганилган мурожаатлардан сўнг, Қайрағоч маҳалласи аҳолисини қийнаётган ташвиш ва муаммоларга эътибор қаратилди. Жумладан, Боғишамол қишлоғида яшовчи Ниёз Қулмуродовнинг хонадонида бўлган масъул раҳбар фуқаронинг онаси Ҳилола Саломова билан суҳбатлашиб, оиланинг турмуш тарзини кўздан кечирди. Шунингдек, муаммолари билан қизиқди.

Шу куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Меҳнатобод қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Зубайдулло Насуллаевнинг ҳолидан хабар олди. Бу хонадон бекаси, яъни Зубайдуллонинг онаси жигар циррози хасталиги билан оғриган ва доимий даволанишда.  Оиланинг моддий имконияти чеклангани, қийин шароитда яшаётганликлари боис З.Насуллаев ишга жойлашишда амалий кўмак беришларини сўради ва тез орада ижобий жавоб оладиган бўлди.  

Боғишамол қишлоғида яшовчи Азиз Ҳамидовнинг хонадонига борган вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов бунда оилада вояга етган 3 нафар ўғил ҳамда келиннинг ҳозирда ишсиз ва даромадсиз эканликларига эътиборини қаратиб, туман мутасаддиларига уларни расман бандлигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича таклиф ва тавсияларини берди. Тез орада улар ҳам ўз танловларига мос иш топадиган, меҳнат қилиб даромад оладиган бўлишди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page