Шофиркон: мақсад — ғалла ўрим-йиғимини юқори даражада ўтказиш

Шофиркон: мақсад — ғалла ўрим-йиғимини юқори даражада ўтказиш

Buxoro.uz

Ғалла ўрим-йиғим мавсумини юқори даражада ташкиллаштириш, фермер хўжаликлари жамоаларининг пешона тери эвазига етиштирилган, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган буғдой ҳосилини нест-нобуд қилмаган ҳолда давлат омборларида саранжомлашда техника воситалари ва зарур механизмлар шайлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, куни кеча Шофиркон туманидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Агросервис МТП”да вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров, республика қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Вали Нарзиев, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ўктам Асқаров ва бошқа масъул мутасаддилар иштирокида техникалар кўриги ва ўрим-йиғимга тайёргарлик ишларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Маъмурий секторлар ва ҳудудлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалигига тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари, фермерлар ҳозир бўлган муҳокамада мазкур долзарб палла—буғдой ўримига пухта тайёргарлик кўриш, ўримга жалб қилинадиган техника воситалари, комбайнлар ва уларга кўмаклашадиган юк автомашиналари техник созлиги, олиб борилган таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.

Жорий йил тумандаги 376 та фермер хўжалиги ўзларига қарашли 6154 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб буғдой уруғини экиб, етиштириб, пировардида бундан 15 563 тонна миқдорида давлат режасини бажаришни ўз зиммаларига олишган. Ҳар гектар ҳосилдорлиги ўртача 50-70 центнерга етказилаётган ҳудудда ялпи кўтариладиган ғалла хирмони 34 минг тоннадан оширилиши миришкор фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади. Ҳудудда ички ишлаб чиқариш ва фючерс шартномалари асосида ёзги мавсумда барпо қилинадиган ялпи хирмон салмоғи ўтган йиллардагидан мўл.

Ўрим-йиғим мавсумига айни кунда 18 та хорижий русумдаги юқори унумдор комбайн жалб қилинаётган бўлиб, ҳар бир комбайнга 3 нафардан механизатор бириктирилган. Қолаверса, кунлик ўриб йиғиладиган донни қабул масканига ташиш учун жами 70 тадан ошиқ юк машинаси шай қилинган. 

Шундан 14 та "CASE" ва 4 та "Кlass Dominator-130" русумли замонавий комбайни ўтган ойда техник кўрикдан ўтказилиб, нуқсон далолатномаси асосида зарур эҳтиёт қисм ва бутловчи деталлари заҳира қилингани ҳолда таъмирланган. Бунинг учун "Агросервис МТП” МЧЖ да механик ва комбайн операторлари, пайвандловчи, чилангар, темирчи усталар ҳамжиҳатликда ишлашди.

Семинарда ғаллани сифатли ва ўз вақтида ўриб-йиғиб олишга доир масъулларга муҳим тавсия ва топшириқлар берилиб, жараёнда қатнашадиган ҳар бир комбайн экипажи—оператор ва механизаторларга рағбатлантириш ўрнида пул ва кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page